


Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институтида 21 октябрь — Ўзбек тили байрами куни муносабати билан “Қонун ижодкорлиги фаолиятига лингвистик ёндашув: давлат тили ва юридик тафаккур уйғунлиги” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчилари, Парламент тадқиқотлари институти ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида ўзбек тили ривожида ҳам янги давр бошланди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб билишимиз керак. Шу мақсадда 2020–2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси ҳамда уни 2025–2026 йилларда амалга ошириш дастури изчил ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Тадбирда давлат тилининг нуфузини мустаҳкамлаш, уни қонун ижодкорлиги жараёнида тўлақонли қўллаш ва ҳуқуқий матнлар сифатини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Зеро, давлат тили миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилигимизнинг ифодаси бўлиб, унинг нуфузи, қонунлар тилида ҳам яққол намоён бўлади.
Қонун ижодкорлигида ҳуқуқий нормаларнинг аниқ ва бир хил талқин этилишини таъминлашда атамаларнинг тўғри қўлланилиши, жумлаларнинг мантиқий изчиллиги ва ҳуқуқий тушунчаларнинг содда, бир маъноли ифодаланиши муҳим аҳамиятга эга. Зеро, қонун матнидаги ҳар бир атама, ибора ва жумла ҳуқуқий мазмунни тўлиқ очиб бериши, ҳуқуқ ва мажбуриятларни тўғри англашга хизмат қилиши ҳамда турлича талқинларга сабаб бўладиган ноаниқликларга ўрин қолдирмаслиги лозим.
Мазкур талабларга риоя этилишини таъминлашда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Норматив-ҳуқуқий атамалар комиссияси алоҳида ўрин тутади. Ушбу махсус комиссия қонун лойиҳаларида норматив-ҳуқуқий атамаларнинг қонун ҳужжатларида қабул қилинган маъносига мувофиқ, ягона шаклда ва турлича изоҳлашга йўл қўймайдиган тарзда қўлланилишини, шунингдек, ўзбек адабий тилининг амалдаги қоидалари ва нормаларига ҳамда юридик-техник талабларга қатъий риоя этилишини таъминлаш бўйича тизимли фаолият олиб бормоқда. Комиссия йиғилишларида қонун лойиҳалари “Давлат тили ҳақида”ги ва “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонунлар талабларидан келиб чиққан ҳолда сўзма-сўз, атама ва ибора даражасида синчиклаб кўриб чиқилади.
Бу ишга депутатлар ва парламент мутахассислари билан бирга ҳуқуқшунос ва тилшунос олимлар, соҳавий экспертлар ҳамда амалиётчилар доимий равишда жалб этилиб, уларнинг фикр-мулоҳазалари албатта инобатга олинади. Турли нуқтаи назарларни қиёсий ўрганиш ҳуқуқий нормаларни пухта ифодалаш, турлича талқинлар хавфини камайтириш ва қонуннинг амалда тўғри қўлланилишига замин яратади.
Муҳокама ва савол-жавоб жараёнида қонун лойиҳалари ҳамда таҳлилий ҳужжатларда юридик атамаларнинг аниқ қўлланиши, ҳуқуқий фикрнинг равон баён этилиши, матннинг мантиқий изчиллиги таъминланиши ва ёзув меъёрларига риоя қилинишига оид амалий мисоллар кўриб чиқилди.
Тадбир якунида давлат тилининг қонунчиликда тўлақонли қўлланилишини таъминлаш, қонун лойиҳаларини тайёрлашда тил меъёрлари ва ҳуқуқий баён талабларига риоя этиш, соҳада учраётган муаммоларни бартараф этишга қаратилган таклифлар илгари сурилди. Бу борада парламент, тегишли мутахассислар ва масъул ташкилотлар ҳамкорлигини янада изчил давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.