Ортга қайтиш Чоп этиш

Жиноят ҳуқуқи ва криминологиянинг долзарб масалалари халқаро конференцияда муҳокама қилинди

 

2026 йил 20 октябрь куни Тошкент давлат юридик университетида "Замонавий жиноят ҳуқуқи ва криминологиянинг долзарб муаммолари: рақамлаштириш, инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги" мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Анжуманда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти директори, юридик фанлар доктори Акром Тошпулатов "Замонавий жиноят ҳуқуқи фалсафаси: жиноий-ҳуқуқий таъсир чегаралари ва Ўзбекистон жиноят қонунчилигининг ривожланиш векторлари" мавзусида маъруза қилди.

Тошкент давлат юридик университетининг Жиноий одил судлов факультети Жиноят ҳуқуқи, криминология ва коррупцияга қарши курашиш шўъбаси ҳамда Финляндиянинг Хельсинки университети ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда замонавий жиноят ҳуқуқи ва криминологиянинг долзарб масалалари, рақамли технологияларнинг жиноий фаолиятга таъсири, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қонун устуворлигини таъминлашнинг ҳуқуқий механизмлари муҳокама қилинди.

Хусусан, коррупциянинг анъанавий шаклларидан рақамли кўринишларга ўтиши, жиноий фаолиятда криптовалюталар ва рақамли активлардан фойдаланиш, жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашишда юзага келаётган янги муаммоларга алоҳида эътибор қаратилди. Мазкур масалалар рақамли иқтисодиёт шароитида жиноятчиликка қарши курашиш усулларини такомиллаштириш ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янги талабларга мослаштириш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этади.