Ортга қайтиш Чоп этиш

САМАРҚАНДДАН БОШЛАНГАН ЙЎЛ ёхуд АҚШ Давлат котибининг ташрифи Ўзбекистон–Америка шериклигига қандай янги мазмун бахш этади

 

Ўн бир йил аввал Самарқандда Марказий Осиёнинг беш давлати ва Америка Қўшма Штатлари ташқи ишлар вазирлари илк бор бир даврада йиғилиб, “C5+1” деб ном олган мулоқот форматига асос солган эди. Бугун бу формат яна ўз бешиги – кўҳна ва навқирон Самарқандга қайтди. АҚШ Давлат котиби Марко Рубионинг минтақага илк ташрифи, унга ҳамроҳ бўлган 200 дан ортиқ америкалик компания вакиллари, Ўзбекистон–Америка ишбилармонлик ва инвестиция кенгашининг давлатимиз раҳбари иштирокидаги йиғилиши икки мамлакат муносабатлари декларациялар босқичидан амалий лойиҳалар босқичига кўтарилаётганидан далолатдир. Хўш, ушбу ташриф Ўзбекистон учун қандай имкониятлар очади ва уларни тўлиқ рўёбга чиқариш учун нималарга эътибор қаратиш лозим?



Инқирозлар даврида танланган манзил

Бугун жаҳон сиёсатининг кун тартиби кескинликларга тўла. Яқин Шарқдаги ҳарбий можаролар, Украина атрофидаги вазият, глобал савдодаги ноаниқликлар йирик давлатлар дипломатиясининг асосий эътиборини ўзига тортмоқда. Шундай бир пайтда Вашингтоннинг бош дипломати айнан Самарқандни танлагани бежиз эмас.
Ташриф арафасида журналистлар М.Рубиодан нега дунёда инқирозлар авж олган бир вақтда Марказий Осиёга йўл олаётганини сўрашди. Давлат котиби бу сафар ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида амалга оширилаётганини қайд этиб: “Шундай давлатлар борки, улар билан муносабатларимизни ривожлантириш учун боришни истаймиз”, дея таъкидлади. Бошқача айтганда, Ўзбекистон бугун халқаро ҳамжамият назарида ишончли ҳамкор ва имкониятлар макони сифатида гавдаланмоқда.
Самарқанд халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева, Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов, АҚШ Президентининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Серджио Гор, АҚШнинг мамлакатимиздаги элчиси Жонатан Ҳеник кутиб олди. “АҚШ давлат котиби Марко Рубиони кўҳна ва навқирон Самарқанд заминида қутлашдан мамнунман”, деб ёзди Саида Мирзиёева ўз саҳифасида.
Ташриф дастури ҳам унинг мазмунини яққол кўрсатиб турибди: “C5+1” форматидаги вазирлар учрашуви, Бахтиёр Саидов ва Марко Рубио ўртасида Ўзбекистон–АҚШ Кенгайтирилган стратегик шериклик мулоқотининг биринчи раунди, Президентимиз иштирокида Ишбилармонлик ва инвестиция кенгашининг иккинчи йиғилиши ҳамда давлатимиз раҳбарининг Давлат котиби билан музокаралари. Сиёсат, иқтисодиёт ва минтақавий ҳамкорлик – барчаси бир кунлик дастурда жамланган.

 


Ишончнинг узоқ йўли

Ўзбекистон–Америка муносабатлари бугун бирдан пайдо бўлгани йўқ. Унинг ҳуқуқий пойдевори 2002 йилги Стратегик шериклик тўғрисидаги декларация билан қўйилган. Аммо муносабатларга янги ҳаёт бахш этган бурилиш нуқтаси 2018 йил май ойида Президентимизнинг АҚШга расмий ташрифи бўлди. Ўшанда томонлар “стратегик шерикликнинг янги даври” бошланганини эълон қилган эди. Шундан сўнг йиллик маслаҳатлашувлар Стратегик шериклик мулоқоти форматига ўтказилди, 2024 йил ноябрда эса у Кенгайтирилган стратегик шериклик мулоқоти даражасига кўтарилди. Бугун Самарқандда ушбу механизмнинг вазирлар даражасидаги биринчи раунди ўтказилаётгани эса тизимли ёндашувнинг мантиқий натижасидир.
Сўнгги бир йилда сиёсий мулоқот мисли кўрилмаган жадаллик касб этди. 2025 йил сентябрда Нью-Йоркда, ноябрда эса Вашингтонда икки давлат раҳбарлари учрашди. Оқ уйдаги музокаралар якунида 34,5 миллиард долларлик иқтисодий келишув ва савдо шартномалари имзоланди. Ишбилармонлик ва инвестиция кенгашини тузишга келишиб олинди. 2026 йил январда Ўзбекистон Тинчлик кенгашининг таъсисчи давлатларидан бирига айланди. Февралда давлатимиз раҳбари унинг Вашингтондаги таъсис йиғилишида иштирок этди. Президентимиз жорий йил декабрда Майамида ўтадиган “Катта йигирматалик” (G20) саммитига ҳам меҳмон сифатида таклиф этилган.

Бу жадалликнинг замирида 2016 йилдан буён Президентимиз раҳбарлигида изчил амалга оширилаётган очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат ётади. Унинг асосий тамойили ҳеч ким билан қарама-қаршилик эмас, ҳамма билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик. Айнан шу ёндашув Ўзбекистонни турли куч марказлари учун бирдек ишончли ва очиқ ҳамкорга айлантирмоқда.

 


Рақамлар нимадан сўзлайди?

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2017–2025 йилларда икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси 4,7 бараварга – 215 миллион доллардан 1 миллиард долларга ошди. Жорий йилнинг саккиз ойида ўзаро савдо 810,4 миллион долларга етиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 33,4 фоизга ўсди. Айниқса, экспортнинг 59,9 фоизга кўпайгани эътиборга молик.
Инвестициявий ҳамкорлик ҳам сифат жиҳатидан ўзгармоқда. 2017–2025 йилларда АҚШдан жалб қилинган тўғридан-тўғри инвестиция ва кредитлар ҳажми 2,9 миллиард доллардан ошди, йиллик кўрсаткич эса 8,6 миллион доллардан 383,2 миллион долларга етди. Бугун мамлакатимизда Америка капитали иштирокидаги 400 га яқин корхона фаолият юритмоқда. “Ўзбекистон ҳаво йўллари”нинг Boeing компанияси билан 22 тагача 787 Dreamliner самолёти харид қилиш бўйича тарихий шартномаси, John Deere билан 300 миллион долларлик қишлоқ хўжалиги техникаси келишуви, “Mobiuz” уяли алоқа операторини хусусийлаштириш бўйича халқаро танловда Америка консорциуми ғолиб бўлиб, 351 миллион доллар тўлаш ва қўшимча 500 миллион долларгача инвестиция киритиш мажбуриятини олгани, Миллий инвестиция жамғармасининг глобал депозитар тилхатлари Лондон фонд биржасида савдога қўйилгани ҳамкорликнинг амалий ифодасидир.
Шу билан бирга, рақамларга холис назар ташлаш ҳам муҳим. АҚШнинг мамлакатимиз ташқи савдо айланмасидаги улуши ҳозирча 1,4 фоизни ташкил этади, импорт эса экспортдан сезиларли даражада устун. Америка томони билдирган баёнотларга кўра, яқин уч йилда қарийб 35 миллиард, ўн йилда эса 100 миллиард доллардан ортиқ ҳамкорлик кўзда тутилмоқда. Бу ҳозирги йиллик савдо ҳажмидан ўн баравар юқори фаолликни англатади. Демак, салоҳиятнинг катта қисми ҳали олдинда, асосий синов эса эълон қилинган келишувларни аниқ лойиҳаларга айлантиришдадир.

 


Ер бағридаги бойлик – қўшилган қиймат манбаи

Ҳамкорликнинг стратегик ўзаги сифатида муҳим минераллар соҳаси шаклланмоқда. Жорий йил февралда Вашингтонда 54 давлат вакиллари иштирокидаги вазирлар учрашуви доирасида муҳим минераллар ва ноёб ер элементларини қазиб олиш ҳамда қайта ишлашда таъминот ишончлилигини таъминлаш тўғрисида ҳукуматлараро меморандум имзоланди. Кўп ўтмай АҚШ Халқаро тараққиётни молиялаштириш корпорацияси (DFC) билан қўшма инвестиция доираси келишилиб, минерал ва инфратузилма лойиҳалари учун Ўзбекистон–АҚШ қўшма холдинг компаниясини ташкил этиш таклиф қилинди.
Бу борада Ўзбекистоннинг стратегик позицияси аниқ. Мамлакатимиз жаҳон бозорида хомашё етказиб бериш билан чекланмай, қўшилган қиймат занжирларида тенг ҳуқуқли иштирокчи сифатида ўз ўрнини мустаҳкамлашга интилмоқда. Шунинг учун ҳар бир қўшма лойиҳада қайта ишлаш даражаси, технологиялар трансфери, маҳаллий мутахассисларни тайёрлаш ва ишлаб чиқаришни мамлакат ҳудудида ташкил этиш асосий мезон бўлиши табиий.
Президентимиз бу йўналишни минтақавий даражага ҳам олиб чиқмоқда. Сентябрда Сеулда бўлиб ўтган Марказий Осиё – Корея саммитида Муҳим минераллар бўйича минтақавий инвестиция альянсини тузиш, октябрь бошида Аваза шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувида эса ушбу альянсни тезлаштириш ва минтақа захираларининг ягона рақамли харитасини яратиш таклиф этилди. Давлатимиз раҳбари илгари сурган “олти иқтисодиёт – битта маҳсулот” формуласи ҳам айнан шу мантиқни ифодалайди. Бу ташаббуслар “C5+1” доирасида АҚШ билан амалий мулоқот учун тайёр платформа бўлиб хизмат қилиши мумкин.

 


Битимни ҳаётга кўчирадиган механизмлар

Тажриба шуни кўрсатадики, энг йирик келишувлар ҳам уларни ҳаётга татбиқ этувчи институтлар бўлмаса, қоғозда қолиб кетиши мумкин. Шу боис Вашингтон саммитидан кейин Президентимиз фармони билан Ўзбекистон–Америка ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши ташкил этилгани алоҳида аҳамиятга эга. Кенгашга Ўзбекистон томонидан Саида Мирзиёева, Америка томонидан Серджио Гор ҳамраислик қилмоқда. Унинг вазифалари қаторида йирик савдо ва инвестиция лойиҳаларини мувофиқлаштириш, келишувлар ижросини назорат қилиш, Ўзбекистонга инвестиция жалб қилиш жамғармасини ташкил этиш ва тарифларни пасайтириш бўйича музокаралар бор.
Кенгаш қисқа вақт ичида самарали майдонга айланди. Унинг ташкилий йиғилиши феврал ойида Тошкентда, расмий ишга туширилиши апрелда Вашингтонда бўлиб ўтди. Июнда DFC энергетика, муҳим минераллар, инфратузилма, транспорт ва логистика, юқори технологиялар ва фармацевтика соҳаларидаги лойиҳаларни молиялаштиришга мўлжалланган қўшма инвестиция платформасини ишга туширди. Худди шу ойда АҚШ Савдо вакили Жеймисон Гриернинг Тошкентга ташрифи давомида “дастлабки ҳосил” деб номланган савдо пакети келишилиб, Ўзаро савдо ва инвестициялар тўғрисидаги битим бўйича музокараларни жадаллаштиришга қарор қилинди. Вашингтон Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишини ҳам тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди.
Инсоний алоқалар ҳам кенгаймоқда. Жорий йилдан АҚШ фуқаролари учун визасиз режим жорий этилди, ўзбекистонликлар учун эса Америка фермер хўжаликларида мавсумий ишлашнинг қонуний йўли – H-2A дастури очилди. Бу юртдошларимизнинг хорижда хавфсиз ва муносиб шароитда меҳнат қилиши учун муҳим қадамдир.

 


Парламент дипломатиясининг сўзи

Икки томонлама ҳамкорлик ижро ҳокимияти даражасидаги мулоқот билан чекланмай, парламентлараро алоқалар орқали ҳам изчил ривожланиб бормоқда. АҚШ Вакиллар палатасида 2018 йил охиридан буён Ўзбекистон бўйича кокус фаолият юритади. Жорий йил августда Вакиллар палатасининг солиқ ва савдо масалалари бўйича қўмитаси раиси Жейсон Смит бошчилигидаги делегация мамлакатимизга ташриф буюриб, Сенат раҳбарияти билан парламентлараро алоқалар, ҳудудлар ва штатлар ўртасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди. Февралда эса Олий Мажлис делегацияси АҚШ Конгресси фаолияти ва қонунчилик амалиётини яқиндан ўрганди.
Парламент дипломатиясининг долзарб вазифаларидан бири — 1974 йилда қабул қилинган Жексон–Веник тузатишининг Ўзбекистонга нисбатан амал қилишини бекор қилишга эришишдир. “Совуқ уруш” даврининг бу меросига кўра, мамлакатимиз 1992 йилдан буён АҚШ билан нормал савдо муносабатлари режимидан ҳар йилги кўриб чиқиш асосида, вақтинчалик тартибда фойдаланиб келмоқда. Тузатиш амалдаги тарифларга бевосита таъсир қилмаса-да, муносабатларнинг “вақтинчалик” мақомини сақлаб қолиб, узоқ муддатли инвесторлар учун ноаниқлик туғдиради. Марко Рубионинг ўзи ҳам Давлат котиби лавозимига тасдиқлаш эшитувларида уни ўтиб кетган даврнинг қолдиғи деб атаган эди.
Бугун Конгрессда бу борада икки партия вакиллари томонидан қўллаб-қувватланаётган қонун лойиҳалари мавжуд. Улардан бири Ўзбекистонга доимий нормал савдо муносабатлари мақомини бериш ва унинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишини кучга кириш шарти сифатида белгилайди. Демак, ЖСТга аъзолик ва Жексон–Веник масаласи бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Бундан ташқари, ноябрда АҚШда Конгрессга оралиқ сайловлар бўлиб ўтади, амалдаги чақириқ ваколатлари эса 2027 йил 3 январда тугайди. Ушбу муддатгача қабул қилинмаган қонун лойиҳалари янги чақириқда қайта киритилиши лозим бўлади.
Бу жараён Олий Мажлис олдига бир қатор аниқ вазифаларни қўяди. Жумладан, Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик билан боғлиқ қонун лойиҳаларини устувор тартибда кўриб чиқиш, истиқболдаги савдо ва инвестиция битимларини ратификация қилишга пухта тайёргарлик кўриш, имзоланган келишувлар ижроси устидан парламент назоратини кучайтириш, шунингдек, АҚШ Конгрессининг янги таркиби билан, зарурат туғилганда эса минтақадаги ҳамкор парламентлар билан мувофиқлаштирилган мулоқотни йўлга қўйиш шулар жумласидандир.



Минтақа кўзгусида

Самарқанд учрашувининг яна бир муҳим жиҳати шундаки, у икки томонлама ва минтақавий кун тартибини уйғунлаштиради. 2015 йилда сиёсий мулоқот майдони сифатида туғилган “C5+1” формати 2023 йилда президентлар даражасидаги саммит, 2024 йилда муҳим минераллар бўйича мулоқот ва “B5+1” бизнес-форуми, 2025 йилда Оқ уйдаги саммит орқали амалий лойиҳалар платформасига айланиб бормоқда. Президентимиз навбатдаги “C5+1” саммитини ҳам Самарқандда ўтказишни таклиф этгани бу жараёнда Ўзбекистоннинг ташаббускорлик ролини яққол кўрсатади.
Бугун Марказий Осиё дунёнинг етакчи марказлари билан тенг ҳуқуқли мулоқот олиб бормоқда. 2025 йил апрелда Самарқандда Европа Иттифоқи, июнда Остонада Хитой, декабрда Токиода Япония, 2026 йил сентябрда Сеулда Корея Республикаси билан саммитлар ўтказилди. Бу минтақанинг халқаро муносабатларда мустақил субъект сифатидаги нуфузи ортиб бораётганидан далолат. Ўзбекистон ҳамкорлар доирасини кенгайтириш йўлидан бормоқда. Бу эса мамлакатимизнинг мустақил ва мувозанатли ташқи сиёсатининг энг ишончли кафолатидир.

 


Хулоса ўрнида

Қадимда Самарқанд Буюк Ипак йўлининг чорраҳаси, Шарқ ва Ғарб савдогарлари, олимлари ва элчилари учрашадиган маскан бўлган. Бугун бу кўҳна шаҳар яна бир бор мулоқот ва ҳамкорлик макони сифатида дунё эътиборида турибди. Марко Рубионинг ташрифи ушбу тарихий анъананинг замонавий давоми бўлиб, Ўзбекистон–Америка муносабатларида 2025 йилда бошланган фаол босқични янги мазмун билан бойитмоқда.
Ташриф бир ҳақиқатни яна бир бор тасдиқлади. Бугун Ўзбекистон ва АҚШ ҳамкорлиги кучли сиёсий иродага, ишончли институционал механизмларга, яъни Кенгайтирилган стратегик шериклик мулоқоти, Ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши, DFC қўшма платформасига ҳамда аниқ тижорат лойиҳаларига таянади. Шу билан бирга, олдинда турган вазифалар ҳам аниқ. Биринчидан, эълон қилинган келишувларни ўз вақтида, изчил ва шаффоф амалга ошириш. Иккинчидан, ўзаро савдо таркибини такомиллаштириш, жумладан, экспортимизда тайёр маҳсулотлар ва юқори қўшилган қийматга эга товарлар улушини ошириш. Учинчидан, ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, хусусан, Жексон–Веник тузатишининг Ўзбекистонга нисбатан қўлланилишини бекор қилишга эришиш ва Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик жараёнини жорий йилда якунлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни изчил давом эттириш.
Бу вазифаларни ҳал этишда ҳукумат, ишбилармон доиралар ва парламентнинг ҳамжиҳатликдаги саъй-ҳаракатлари ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Президентимиз таъкидлаганидек, келажак авлодларга тинч, хавфсиз ва иқтисодий жиҳатдан қудратли минтақа қолдириш барчамизнинг масъулиятимиздир. Самарқанддаги мулоқот эса шу йўлдаги навбатдаги муҳим қадам бўлиб, ундан бошланган йўл янги имкониятлар сари етаклашига ишонч билдирамиз.


Ойбек ҚЎШБОҚОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги

Парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи, иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори.