Ортга қайтиш Чоп этиш

Тижорат мақсадидаги телефон қўнғироқларидан истеъмолчиларни ҳимоя қилиш кучайтирилмоқда

 

Мексика Сенатида Федерал истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунга ўзгартиришлар киритишга қаратилган қонунчилик ташаббуси маъқулланди. Сенатор Майули Мартинес Симон томонидан илгари сурилган ташаббус истеъмолчиларнинг шахсий ҳаёти дахлсизлигини ҳимоя қилиш ва уларнинг розилигисиз такрорий реклама қўнғироқлари амалга оширилишининг олдини олишга қаратилган.


Таклиф Федерал истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонуннинг 18-бис ва 127-моддаларини ўзгартиришни назарда тутади. Унга мувофиқ, тижорат мақсадидаги телефон қўнғироқларини олишни истамайдиган фуқаролар учун Тижорат телефон қўнғироқларидан ҳимоя қилишнинг очиқ реестрини ташкил этиш таклиф қилинган. Фуқаролар ушбу реестрга бепул киритилиши, компаниялар эса реклама қўнғироқларини амалга оширишдан олдин реестр маълумотларини текшириб, истеъмолчининг хоҳишини инобатга олиши керак.


Ташаббуснинг яна бир муҳим жиҳати компаниялар телефон қўнғироғи учинчи шахс томонидан амалга оширилганини важ қилиб, ўз масъулиятидан қочишининг олдини олишдир. Сенаторнинг таъкидлашича, янги механизм фуқароларга реклама қўнғироқларини рад этиш ҳуқуқини амалда таъминлашга хизмат қилади.


 



Юртимизда ҳам телефон орқали реклама, хизматлар ва маҳсулотларни таклиф қилишда фуқароларнинг шахсий маълумотларидан фойдаланиш, уларнинг розилиги ва такрорий қўнғироқларни чеклаш масалалари истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан аҳамиятли.


Мексика тажрибаси асосида қуйидаги масалаларни ўрганиш мумкин:


реклама қўнғироқларини олишни истамайдиган фуқаролар учун ягона электрон реестр ташкил этиш;


реклама берувчилар ва алоқа хизматларини кўрсатувчиларнинг истеъмолчи хоҳишини текшириш ҳамда унга риоя қилиш мажбуриятини белгилаш;


фуқароларнинг розилигисиз такрорий реклама қўнғироқлари учун таъсирчан жавобгарлик механизмларини такомиллаштириш;


фуқароларнинг шахсий маълумотларидан фойдаланишда қонунийлик ва шаффофликни таъминлаш.


Бундай ёндашув аҳолининг шахсий ҳаёти дахлсизлигини ҳимоя қилиш, истеъмолчиларнинг вақт ва маблағ сарфини камайтириш ҳамда рақамли хизматларга ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилиши мумкин.