Ортга қайтиш Чоп этиш

Қонун тили — аниқлик, равонлик ва халқчиллик мезони

 

2026 йил 16 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти томонидан “Давлат тилининг қонун ижодкорлиги ва парламент фаолиятидаги ўрни” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Дастурга мувофиқ, тадбирни институт директори, юридик фанлар доктори Акром Тошпулатов кириш сўзи билан очди. Қонунчилик палатаси депутати, профессор Хушвақт Хайитов давлат тилининг қонун ижодкорлиги ва парламент фаолиятидаги ўрни, Тошкент давлат юридик университети профессори Шуҳрат Кўчимов эса қонун тилининг аниқлиги ва равонлиги, ҳуқуқий матн маданияти, тил меъёрлари ҳамда лотин ёзувидан фойдаланиш масалалари бўйича маъруза қилди.

21 октябрь — Ўзбек тили байрами куни ҳамда “Давлат тили ҳақида”ги Қонун қабул қилинганининг 37 йиллигига бағишланган мазкур тадбирда давлат тилининг қонун ижодкорлиги ва парламент фаолиятидаги ўрни, ҳуқуқий матн маданияти ҳамда қонунчилик тилини такомиллаштириш масалаларига эътибор қаратилди.

Қонуннинг халқчиллиги унинг мазмуни фуқароларга қанчалик тушунарли ифодаланиши билан ҳам белгиланади. Ҳуқуқий норманинг аниқ ва равон баён этилиши инсоннинг ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини англаши, қонунни тўғри тушуниши ва унга амал қилиши учун муҳимдир. Шу боис қонун тилига эътибор — ҳуқуқий аниқлик ва фуқаролар манфаатларига эътибордир.

Парламент томонидан қонун ижодкорлигининг сифатини ошириш ва ҳуқуқий ҳужжатларни тил жиҳатидан пухта тайёрлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Қонунчилик палатаси девонида Лингвистик экспертиза, таржима ва таҳририят бўлимининг ташкил этилгани бу йўналишдаги муҳим амалий қадам бўлди. Ихтисослашган бўлинманинг мавжудлиги қонун матнларининг мазмуни билан бир қаторда уларнинг ифода шакли, атамалар аниқлиги ва услубий яхлитлигига ҳам алоҳида аҳамият берилаётганини кўрсатади.

Бундай ёндашув ўзбек адабий тили негизида ўзига хос қонун тили — миллий юридик тилнинг изчил шаклланиши ва такомиллашувига хизмат қилмоқда. Асосий мақсад ҳуқуқий тушунчаларни аниқ атамалар, мантиқий изчиллик ва содда жумлалар орқали ифодалаш, матннинг кенг жамоатчилик учун тушунарли бўлишини таъминлашдир. Бир тушунча учун бир хил атамани қўллаш, турлича талқинларга сабаб бўладиган ифодаларни бартараф этиш ушбу жараённинг муҳим шартларидир.

Шу билан бирга, қонун лойиҳаларини лингвистик экспертиза билан тўлиқ қамраб олиш масаласи ҳам муҳимдир. “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуннинг 25-моддасида лингвистик экспертиза барча лойиҳалар учун умумий мажбурий талаб сифатида белгиланмаган. Уни ўтказиш ишлаб чиқувчи ёки ҳужжатни қабул қилиш ҳуқуқига эга орган қарорига кўра назарда тутилган. Шу боис экспертиза қамровини кенгайтириш ва унинг сифатини ошириш қонун тилини такомиллаштиришдаги муҳим вазифалардан биридир.

Парламент тадқиқотлари институти томонидан мазкур тадбирнинг ташкил этилиши ҳам институтнинг ҳуқуқшунослик ва тилшунослик ўртасидаги мулоқотни ривожлантиришга, илмий ёндашувларни парламент амалиёти билан боғлашга қаратилган эътиборга молик ташаббуси бўлди.

Тадбирнинг иккинчи қисмида Суд-ҳуқуқ соҳаларида тадқиқотлар бўлими бошлиғи Дмитрий Рахманов ҳафта давомида мамлакатимиз ва парламент ҳаётида рўй берган муҳим воқеалар юзасидан қисқача шарҳ берди.

Муҳокамаларда қонун лойиҳалари, таҳлилий ҳужжатлар ва хизмат ёзишмаларида атамалар, услуб ҳамда лотин ёзувидаги бир хилликка оид амалий мисоллар кўриб чиқилди. Ушбу мулоқот қонунчилик тилини янада аниқ ва тушунарли қилиш, давлат тилининг ҳуқуқий соҳадаги имкониятларини кенгайтириш ҳамда сифатли қонун ижодкорлиги маданиятини мустаҳкамлашга қаратилди.