Парламентлараро Иттифоқ сунъий интеллект (СИ) жадал ривожланаётган даврда болалар ҳуқуқлари ва фаровонлигини ҳимоя қилиш бўйича парламентлар ролини кучайтиришга қаратилган янги қўлланмани эълон қилди.
Таъкидланишича, ушбу ташаббус рақамли технологияларнинг болалар руҳий саломатлиги, таълим тизими ва шахсий дахлсизлигига салбий таъсирининг олдини олиш мақсадида илгари сурилган.
ЮНИСЕФ маълумотларига кўра, болалар СИ тизимларидан ота-оналарига қараганда уч баравар кўпроқ фойдаланади, икки ёшгача бўлган болалар эса кунига ўртача 49 дақиқасини экран қаршисида ўтказади. Бундай шароитда чексиз ленталар, алгоритмик тавсиялар ва чатботлар қарамлик, уйқу бузилиши ва кибербуллинг каби хавфларни келтириб чиқармоқда.
Парламентлараро Иттифоқ қонун ижодкорларига учта асосий устувор йўналишни таклиф этмоқда:
болалар, ота-оналар ва экспертлар фикрини бевосита эшитиш;
амалдаги ҳимоя механизмлари самарадорлигини назорат қилиш ҳамда қонунчиликни янгилаш;
СИ платформалари ва ишлаб чиқувчилари зиммасига болалар учун хавфларни олдиндан аниқлаш ва камайтириш бўйича рақамли масъулият юклаш.
Таълим соҳасида эса СИ ўқитувчилар ўрнини эгалламаслиги, балки уларнинг фаолиятини тўлдириши кераклиги таъкидланган. Таълимда СИни жорий этишдан олдин болалар ҳуқуқлари ва хавфларни баҳолашни мажбурий қилиш ҳамда саводхонлик дастурларини кенгайтириш таклиф этилмоқда.
Ўзбекистон аҳолисининг салмоқли қисмини болалар ва ёшлар ташкил этади. Рақамлаштириш жараёнлари жадал кечаётган бир пайтда, ёш авлоднинг СИ ва рақамли технологиялар билан ўзаро таъсири тобора ортиб бормоқда.
Шу нуқтаи назардан, Олий Мажлис учун киберхавфсизлик, болаларни зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш ҳамда шахсий маълумотларни муҳофаза қилиш бўйича қонунчиликни халқаро стандартларга мослаштиришда ушбу тавсиялар муҳим амалий қўлланма бўлиб хизмат қилиши мумкин.