Ортга қайтиш Чоп этиш

Ҳужжатлардан — аниқ натижаларга Ўзбекистон раислиги Ҳамдўстликка қандай янги мазмун олиб киради

 

Бугунги мураккаб халқаро шароитда давлатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг мустаҳкамлиги умумий манфаатларни англаш, ўзаро ишончни сақлаш ва келишилган мақсадларни амалий натижаларга айлантириш қобилияти билан белгиланади. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг 35 йиллик тажрибаси ҳам бу борада муҳим хулосалар чиқариш, шаклланган алоқаларни янги иқтисодий имкониятлар ва замонавий тараққиёт талаблари асосида ривожлантириш зарурлигини кўрсатмоқда.
Туркманистоннинг “Аваза” миллий туристик ҳудудида бўлиб ўтган МДҲ давлат раҳбарлари кенгашининг кенгайтирилган мажлисида Президентимиз Ўзбекистоннинг 2027 йил 1 январдан бошланадиган иккинчи раислигига доир устувор йўналишларни белгилаб берди. “МДҲ — ишонч ва умумий тараққиёт макони” шиори остида илгари сурилган концепция иқтисодиёт, янги технологиялар, транспорт, хавфсизлик, таълим, илм-фан ва инсон салоҳиятини ривожлантиришни қамраб олади.
Ушбу ёндашувнинг муҳим жиҳати шундаки, раислик самараси ташаббуслар кўлами билан бир қаторда, уларнинг савдо, инвестиция, янги иш ўринлари ва аҳоли фаровонлигида акс этадиган амалий натижалари орқали баҳоланиши кўзда тутилган. Демак, мамлакатимиз раислиги Ҳамдўстлик доирасидаги ҳамкорликни янги мазмун билан бойитиш ва унинг амалий самарадорлигини ошириш учун муҳим имконият яратади.

 Ишонч кредити ва масъулият юки

МДҲга иккинчи бор раислик қилиш мамлакатимизнинг сўнгги йилларда Ҳамдўстлик доирасида тобора фаол иштирок этиб, амалий ташаббуслар билан чиқиб келаётганининг натижасидир. 2017 йилдан бошлаб бу борада янги босқич бошланди.

Президентимиз шу йил октябрь ойида Сочида ўтказилган Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида илк бор иштирок этганидан буён ҳар бир саммитда ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган аниқ таклифларни илгари суриб келмоқда. Эътиборли жиҳати, бу ташаббусларни амалга ошириш учун махсус “йўл хариталари” ҳам ишлаб чиқилди. Шу тариқа ҳамкорлик бўйича келишувларни аниқ вазифалар ва амалий ишлар билан боғлашга эътибор кучайди.
Бугун Ўзбекистон Ҳамдўстликнинг 86 та органидан 66 таси фаолиятида иштирок этмоқда. Мамлакатимиз 24 та тармоқ ҳамкорлиги органига ҳам қўшилган. Бу рақамлар ортида иқтисодиёт, транспорт, хавфсизлик ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликда бевосита қатнашиш, ўз таклифларини илгари суриш ва миллий манфаатларни ҳимоя қилиш имкониятлари турибди. Демак, иккинчи раисликка тайёргарлик мамлакатимизнинг йиллар давомида тўплаган тажрибаси ва шаклланган ҳамкорлик алоқаларига таянади.
Бу фаолликни рақамлар ҳам тасдиқлайди. Маълумотларга кўра, 2017 йилдан буён Ўзбекистон МДҲ доирасида сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар ва хавфсизлик соҳалари бўйича 90 та амалий ташаббусни илгари сурган. Уларнинг 80 таси — қарийб 89 фоизи — амалга оширилган. Бу кўрсаткич мамлакатимиз таклифларининг амалий аҳамиятини, шунингдек, уларни ҳаётга татбиқ этиш борасида йўлга қўйилган ҳамкорлик самарасини кўрсатади.

Биринчи раислик тажрибаси ҳам бунинг амалий исботидир. 2020 йилда пандемия шароитига қарамай, 50 дан ортиқ тадбир ўтказилди. МДҲни янада ривожлантириш концепцияси ҳамда 2030 йилгача бўлган даврга мўлжалланган Иқтисодий ривожланиш стратегияси қабул қилинди. Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси 2020 йил 23 ноябрда “БМТ ва МДҲ ўртасидаги ҳамкорлик” резолюциясини бир овоздан қабул қилди. Давлатимиз раҳбарининг кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси 2023 йилда МДҲ Фахрий нишони билан эътироф этилгани ҳам бежиз эмас.
Бугунги шароит 2020 йилдагидан анча фарқ қилади. Ҳамдўстлик 35 йиллигини аъзо давлатларнинг ташкилотга муносабати ва ундаги иштироки турлича бўлган бир даврда нишонламоқда. Хусусан, Молдова парламенти МДҲни тузиш тўғрисидаги битим ва Ҳамдўстлик Низомини денонсация қилишга доир қарорлар қабул қилди. Бундай вазиятда мулоқотни давом эттириш ва умумий манфаатлар асосида ҳамкорлик имкониятларини сақлаб қолиш муҳим аҳамият касб этади.
Шу билан бирга, Ҳамдўстлик доирасидаги мулоқот бошқа шериклар билан ҳам алоқаларни қамраб олмоқда. “Аваза”даги кенгайтирилган мажлисда Эрон Президенти Масъуд Пезешкианнинг фахрий меҳмон сифатида иштирок этиши бунга мисол бўла олади. Келгусидаги ҳамкорлик самараси, аввало, аъзо давлатларнинг келишувларга эришиш ва уларни амалга ошириш қобилиятига боғлиқ. Бу борада Марказий Осиё мамлакатларининг умумий ташаббусларни илгари суриш тажрибаси ҳам қўл келиши мумкин.
2027 йилда Ўзбекистон раислигида Туркманистон ва Озарбайжоннинг ҳамраис сифатида иштирок этиши, навбатдаги саммитнинг эса Бухорода ўтказилиши режалаштирилгани минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш учун қўшимча имконият яратади. Шу боис раислик давридаги асосий вазифалардан бири — конструктив мулоқотни мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва келишилган чора-тадбирларни аниқ натижаларга айлантиришдир.


Умумий тараққиёт йўлида ҳамжиҳатлик

Президентимиз раисликнинг мазмун-моҳиятини умумий ишга ҳисса қўшиш, янги ғоя ва ташаббусларни илгари суриш, долзарб йўналишларда ҳамкорликни биргаликда ривожлантириш билан боғлади. “МДҲ — ишонч ва умумий тараққиёт макони” шиори ҳам шу ёндашувни ифодалайди. Унинг замирида давлатлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш, умумий манфаатларни уйғунлаштириш ва биргаликдаги саъй-ҳаракатларни аниқ натижаларга йўналтириш ғояси мужассам.
Шиордаги икки тушунча бир-бирини тақозо этади. Ишонч бўлмаган жойда узоқ муддатли иқтисодий лойиҳалар, қўшма инвестициялар ва транзит йўлаклари барпо этиб бўлмайди. Умумий тараққиётга хизмат қилмайдиган ишонч эса декларатив бўлиб қолаверади. Шу боис нутқда сиёсий мулоқотга алоҳида урғу берилди: “Ҳамдўстлик доирасидаги сиёсий мулоқотга алоҳида эътибор қаратишимиз зарур”. Жаҳондаги вазият мураккаблашиб бораётган бир пайтда ҳар қандай масалани хотиржам муҳокама қилиш, бир-бирини тинглаш ва барчага маъқул ечим излаш имкониятини сақлаб қолиш Ҳамдўстликнинг энг қимматли сиёсий капиталидир.
Мамлакатимиз бу тамойилни аввало ўз ташқи сиёсатида амалда исботлаб келмоқда. Сўнгги йилларда қўшни ва шерик давлатлар билан муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Қозоғистон (2022 йил 22 декабрь), Тожикистон (2024 йил 18 апрель) ва Озарбайжон (2024 йил 23 август) билан Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномалар имзоланди.
“Аваза”даги саммит арафасида, яъни 8-октябрь куни Туркманистон билан Стратегик шериклик олий кенгашини тузиш тўғрисидаги ҳужжат имзоланди. Демак, нутқда таъкидланган “Яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва англашув мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларнинг асоси бўлиб қолади” деган фикр ортида аниқ шартномавий-ҳуқуқий асос ва синовдан ўтган амалиёт турибди.


 Натижага йўналтирилган раислик

Нутқнинг энг муҳим концептуал жиҳати ташаббусларнинг сонига эмас, уларнинг ижросига урғу берилганидир. Давлатимиз раҳбари маълум қилганидек, “Бугунги кунда Раислик концепцияси ва Тадбирлар режаси устидаги ишларни якунламоқдамиз”. Уларда ҳозирнинг ўзида юздан ортиқ аниқ чора-тадбир кўзда тутилган. Аммо асосий талаб бошқа: “Мазкур дастур оддий ташаббуслар рўйхати бўлиб қолмаслиги биз учун муҳимдир”. Ҳар бир йўналиш бўйича аниқ қадамлар, муддатлар ва кутилаётган натижа белгиланиши лозим.
Бу ёндашувнинг аҳамиятини англаш учун Ҳамдўстликдаги ҳамкорлик амалиётига холис назар ташлаш кифоя. Таҳлиллар муайян қонуниятни кўрсатмоқда. Ташкилий, маданий-гуманитар ва дипломатик ташаббуслар, халқаро форумлар, маданий ва ёшлар пойтахтлари, БМТ резолюцияси юқори даражада ва нисбатан қисқа муддатда амалга оширилмоқда. Аксинча, кўп томонлама келишув ва ратификацияни талаб этувчи иқтисодий-ҳуқуқий ҳужжатлар йиллар давомида келишув босқичида қолиб кетмоқда. Масалан, хизматлар эркин савдоси тўғрисидаги битим 2023 йил июнда имзоланган бўлса-да, иштирокчи давлатларда турли муддатларда кучга кирмоқда. Ўзбекистон-2023 йилда Бишкекда илгари сурган озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ҳамкорлик дастури ҳали тасдиқланмаган. Махсус иқтисодий зоналар фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича “йўл харитаси” эса келишув босқичида турибди.
Бошқача айтганда, Ҳамдўстликда ўзига хос “ижро тафовути” сиёсий келишувлар билан уларнинг иқтисодий самараси ўртасидаги масофа мавжуд. Президентимизнинг раислик якунида “фақат қабул қилинган ҳужжатлар ва келишувлар эмас, балки келгусида ҳам наф келтирадиган” аниқ натижалар қолиши кераклиги ҳақидаги талаби айнан шу тафовутни қисқартиришга қаратилган. Бу мамлакатимизда давлат бошқарувида изчил қўлланилаётган, ҳар бир қарорни аниқ муддат, масъул ижрочи ва ўлчанадиган натижа билан боғлаш ёндашувининг халқаро ҳамкорликка татбиқ этилишидир.


Товар айирбошлашдан қўшилган қиймат занжирига

Иқтисодий йўналишда Президентимиз аниқ устуворликни белгилади: “Иқтисодиётда асосий эътиборни саноат кооперациясига қаратишни таклиф этамиз”. Бу қўшма ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, барқарор етказиб бериш занжирларини йўлга қўйиш, ўзаро инвестициялар учун шароитларни яхшилаш ва савдодаги тўсиқларни бартараф этишни англатади. Бизнесда рақамли технологиялар қўлланилишини кенгайтириш ва электрон тижоратни ривожлантириш ҳам муҳим вазифа сифатида белгиланди.
Нега айнан кооперация? Рақамлар бу саволга аниқ жавоб беради. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилда Ўзбекистоннинг МДҲдаги олти асосий шериги — Россия, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғиз Республикаси, Беларусь ва Тожикистон билан товар айланмаси 22,2 млрд долларни ташкил этиб, 2023 йилга нисбатан 22,7 фоизга ошди. Евроосиё иқтисодий иттифоқи давлатлари билан савдо эса 2017–2025 йилларда 7,2 млрд доллардан 20,2 млрд долларгача, яъни 2,8 баробар кўпайди. Бироқ миқдорий ўсиш ортида таркибий муаммо ҳам бор. Ушбу олти давлат билан савдода жами манфий сальдо 6,9 млрд долларга етди, жумладан Россия билан 4,3 млрд, Қозоғистон билан 1,9 млрд доллар.
Бундай номутаносибликни фақат анъанавий экспортни кўпайтириш билан бартараф этиб бўлмайди. Ечим шерик давлатлар билан биргаликда ишлаб чиқариш, қўшма инвестиция киритиш ва тайёр маҳсулот билан учинчи бозорларга чиқишдир. Давлатимиз раҳбари шу куни бўлиб ўтган Кенгаш мажлисидаги нутқида ҳам товар савдосидан қўшилган қиймат занжирларини биргаликда яратишга ўтиш зарурлигини таъкидлаб, эркин савдо зонасининг истиснолар ва чекловларсиз тўлақонли ишлашини таъминлаш, техник тўсиқларни бартараф этиш, мувофиқлик сертификатларини ўзаро тан олиш, давлат харидларига кириш имкониятини кенгайтириш ҳамда МДҲ давлатларининг махсус иқтисодий зоналари ва индустриал паркларини ягона тармоққа бирлаштириш таклифларини илгари сурди.
Нутқда “келажак тармоқлари” — муҳим минераллар, сунъий интеллект, роботлаштириш, янги материаллар ва замонавий энергетика технологиялари бўйича биргаликда ишлаш таклиф этилгани алоҳида эътиборга молик. Бугун глобал рақобат айнан шу соҳаларда кечмоқда, уларда ўз компетенцияларига эга бўлмаган минтақалар эса технологик қарамликка тушиб қолиш хавфига дуч келади. Ўзбекистон бу йўналишда ҳам амалий қадамлар қўймоқда. 2025 йил августда Самарқандда “МДҲда сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш” халқаро форуми ўтказилди. Мамлакатимиз томонидан МДҲ энергетика соҳасини инновацион ривожлантириш дастури ва уни амалга ошириш бўйича ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилди.


 Географияни иқтисодий устунликка айлантириш

“Марказий Осиё бугунги кунда Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб ўртасидаги муҳим транспорт тугунига айланиб бормоқда”, — деди Президентимиз. Бу фикр ортида чуқур стратегик мазмун бор. Денгизга бевосита чиқиш йўли бўлмаган, бунинг устига, жаҳон океанига чиқиш учун камида икки давлат ҳудудини кесиб ўтиши лозим бўлган Ўзбекистон учун транзит харажатлари рақобатбардошликнинг ҳал қилувчи омилидир. Шу боис нутқда транзит тартиб-таомилларини соддалаштириш, қулай, хавфсиз ва иқтисодий жиҳатдан манфаатли йўналишларни яратиш, минтақа транспорт тармоғини Ҳамдўстлик ичидаги ва ундан ташқаридаги умумий алоқалар тизимига интеграция қилиш вазифалари қўйилди.
Кенгаш мажлисида бу ғоя аниқ таклифлар билан тўлдирилди. Бунда интеграциялашган логистика марказларини яратиш, транзит харажатларини сезиларли қисқартириш, юк ташиш қоидаларини унификация қилиш ва МДҲнинг ягона транспорт ахборот тизимини шакллантириш алоҳида аҳамиятга эга. Ўзбекистон Туркманистоннинг 2029 йилни Ҳамдўстликда “Транспорт боғлиқлиги йили” деб эълон қилиш ташаббусини ҳам қўллаб-қувватлади. МДҲ ҳудудидан ўтувчи халқаро транспорт йўлаклари инфратузилмасини оптималлаштириш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган ҳаракатлар режаси қабул қилинганини ҳисобга олсак, раислик йили ушбу режани аниқ лойиҳалар билан бойитиш учун қулай имконият яратади.
Зеро, транспорт йўлаклари энергетика, рақамли алоқа ва туризмни ўзига тортадиган ривожланиш коридорлари бўлиб, транзитдаги ҳар бир ортиқча кун ва ортиқча ҳужжатнинг қисқариши экспортчиларимиз учун бевосита иқтисодий фойдага айланади.


Инсон — ҳамкорликнингбошмезони

Нутқнингякунийқисмидаҳамкорликнингинсонийўлчовиалоҳидаўринэгаллади. Президентимизталабалар, ёшмутахассислар, олимлар, тадқиқотчиларваижодкорларўртасидамулоқот, тажрибаалмашишвабиргаликдаишлашучункўпроқимкониятяратишзарурлигинитаъкидлади: “Зеро, Ҳамдўстликкелгусидақандайбўлишиниайнанёшавлодбелгилайди”.
Бу ғоя ҳам амалий тажрибага таянади. 2024 йилда Самарқанд МДҲнинг маданий пойтахти, Тошкент эса Ҳамдўстликнинг илк ёшлар пойтахти деб эълон қилинди. Ўзбекистон ташаббуси билан Хивада МДҲ Ёшлар форуми ва унинг доирасида Ёшлар лабораторияси ташкил этилмоқда. Мамлакатимиз дипломлар, малакалар ва академик дастурларни ўзаро тан олиш тўғрисида янги давлатлараро битим тайёрлаш, касб стандартларини уйғунлаштириш ҳамда МДҲ Венчур платформасини яратишни ҳам таклиф этган. Кенгаш мажлисида эса Давлатлараро гуманитар ҳамкорлик жамғармаси форматини кенгайтириш ва “Маданий сиёсат ва креатив индустриялар” форумини ташкил этиш ташаббуслари илгари сурилди.
“Мамлакатларимиз улкан инсоний ва интеллектуал салоҳиятга эга”, — дея таъкидлади давлатимиз раҳбари. Вазифа ушбу салоҳиятни замонавий ишлаб чиқариш, инновациялар ва янги иш ўринларига йўналтириш учун шароит яратиш. Бу масала мамлакатимиз учун ижтимоий жиҳатдан ҳам ғоят муҳим. Россияда 1,3 млн га яқин юртдошимиз вақтинча меҳнат фаолиятини юритмоқда, пул ўтказмалари эса ялпи ички маҳсулотнинг 12,8 фоизидан ортиғига тенг. Шу маънода, Ўзбекистоннинг 2020 йилдаёқ илгари сурган меҳнат мигрантлари ҳужжатларини ўзаро тан олишнинг ягона механизмини яратиш таклифи, мигрантларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоясини кучайтириш масалалари раислик кун тартибида муносиб ўрин эгаллаши мақсадга мувофиқ.
Нутқда илгари сурилган асосий тамойил ҳам шунда. “Бутун фаолиятимиз марказида инсон, унинг қадр-қиммати, манфаат ва имкониятларини рўёбга чиқариш туриши керак”. Янги Ўзбекистон ички сиёсатининг негизини ташкил этаётган инсон қадрини улуғлаш ғояси шу тариқа Ҳамдўстлик миқёсидаги ҳамкорликнинг ҳам бош мезонига айланмоқда.


 Ташаббусларни қонун тилига ўгириш

Раислик дастурининг муваффақияти кўп жиҳатдан парламентнинг ундаги иштироки ва қўллаб-қувватлашига ҳам боғлиқ. Ўзбекистон 2018 йил 29 ноябрда МДҲга аъзо давлатлар Парламентлараро Ассамблеяси тўғрисидаги Конвенцияни имзолаб, Ассамблеянинг ўнинчи аъзосига айланган. Ўша пайтгача Ассамблея томонидан 546 та модель қонун қабул қилинган эди. Бугун ушбу инструмент рақамли савдо, меҳнат миграцияси, киберхавфсизлик ва озиқ-овқат хавфсизлиги каби Президентимиз нутқида устувор деб белгиланган соҳаларда миллий қонунчиликни шерик давлатлар қонунчилиги билан уйғунлаштиришнинг амалий воситаси бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Фикримизча, раислик йилида Олий Мажлис палаталари олдида учта муҳим вазифа турибди. Биринчидан, ратификация талаб этувчи халқаро шартномаларни устувор тартибда кўриб чиқиш, бу “ижро тафовути”ни қисқартиришнинг энг тўғри йўлидир.

Иккинчидан, МДҲ доирасида илгари сурилган ташаббуслар ижросини мунтазам парламент назоратига олиш бўлиб, ҳар бир ташаббус бўйича масъул идора, муддат ва иқтисодий таъсир кўрсаткичларини белгилаган ҳолда тегишли вазирлик ва идораларнинг ахборотини палаталар қўмиталарида эшитиш амалиётини жорий этиш мақсадга мувофиқ.

Учинчидан, 2027 йилда Парламентлараро Ассамблея доимий комиссияларининг сайёр мажлиси ёки парламентлараро форумни юртимизда ўтказиш орқали раисликнинг парламент кун тартибини шакллантириш лозим.


 Умумий тараққиёт йўлида

Давлатимиз раҳбарининг “Аваза”даги нутқи Ўзбекистон раислигининг мазмун-моҳияти ва амалий ёндашувини аниқ белгилаб берди. Унда иқтисодиёт, янги технологиялар, транспорт, хавфсизлик, таълим, илм-фан ва инсон салоҳиятини ривожлантиришга оид етти устувор йўналиш қамраб олинди.
Раисликнинг асосий услубий тамойили ҳам равшан, яъни декларатив баёнотлар ўрнини ўлчанадиган натижалар, ташаббуслар саноғи ўрнини эса аниқ муддатлар, масъулият ва амалий ижро механизмларига таянган дастур эгаллаши керак.
Илгари сурилган ташаббусларнинг аҳамияти бир неча жиҳатда намоён бўлади. Биринчидан, улар Ҳамдўстликнинг узоқ йиллик муаммоси сиёсий келишувлар билан иқтисодий самара ўртасидаги тафовутни очиқ эътироф этиб, уни бартараф этишнинг аниқ механизмини таклиф қилади.
Иккинчидан, саноат кооперацияси, транзит ва келажак тармоқларига урғу бериш МДҲни хомашё ва товар айирбошлаш маконидан технологик ва ишлаб чиқариш шериклиги маконига айлантиришга қаратилган.

Учинчидан, хавфсизлик ва кибермаконни ҳимоя қилиш масалаларининг иқтисодий ҳамкорлик билан узвий боғланиши замонавий таҳдидларнинг табиатига мос келади.

Тўртинчидан, инсон, унинг қадр-қиммати ва имкониятларини ҳамкорлик марказига қўйиш интеграция жараёнларига инсоний мазмун бағишлайди ва уни оддий фуқаро ҳаётида сезиладиган ҳодисага айлантиради.

   Глобал вазият тобора кескинлашиб, кўплаб халқаро институтларнинг самарадорлиги ва нуфузи синовдан ўтаётган шароитда Ўзбекистон Ҳамдўстлик доирасида ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва умумий тараққиётни таъминлашга қаратилган ёндашувни илгари сурмоқда. Бу мамлакатимизнинг очиқлик, прагматизм ва конструктив мулоқотга таянган ташқи сиёсатининг мантиқий давомидир.

Раислик якунлари 2027 йил октябрь ойида Бухорода бўлиб ўтадиган саммитда сарҳисоб қилинади. Унда ташаббуслар самарадорлиги қабул қилинган ҳужжатлар сони билан чекланмай, савдо айланмасининг ўсиши, инвестициялар ҳажмининг кўпайиши ва янги иш ўринларининг яратилиши каби аниқ натижалар орқали баҳоланиши лозим. Ана шу мезон Ўзбекистон раислигининг асосий талабини ҳам, Ҳамдўстлик олдидаги масъулиятимизни ҳам белгилайди.


Акром ТОШПЎЛАТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги

Парламент тадқиқотлари институти директори