Парламент тадқиқотлари институти Суд-ҳуқуқ соҳасида тадқиқотлар бўлимининг бош илмий ходими Нуриддин Сотиволдиев Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси йиғилишида муҳокама қилинган саноат хавфсизлигини таъминлашга оид қонун лойиҳасининг аҳамияти юзасидан фикр билдирди.
Мазкур қонун лойиҳаси саноат хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш, хавфли ишлаб чиқариш объектларида авариялар ва бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, шунингдек, белгиланган хавфсизлик талабларини бузганлик учун жавобгарликнинг ҳуқуқий механизмларини кучайтиришга қаратилган.
Лойиҳада саноат хавфсизлиги талабларининг бузилиши оқибатида инсон ҳаёти ва соғлиғига зарар етказилган ҳолатлар учун жиноий жавобгарликни белгилаш, маъмурий жавобгарлик чораларини кучайтириш, саноат хавфсизлиги экспертизаси ишончлилигини ошириш ҳамда хавфли юкларни ташишда хавфсизлик талабларига риоя этилиши устидан назоратни такомиллаштириш назарда тутилган.
Таклиф этилаётган ўзгартишлар, аввало, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилишга қаратилган ҳуқуқий кафолатларни мустаҳкамлаш, хавфли объектлардан фойдаланишда масъулиятни ошириш ва аварияларнинг олдини олишга хизмат қилади. Шу нуқтаи назардан, саноат хавфсизлиги соҳасидаги ҳуқуқий талабларни бузиш ҳолатларига нисбатан таъсирчан жавобгарлик чораларини белгилаш билан бир қаторда, хавфларни олдиндан аниқлаш ва бартараф этиш механизмларини ривожлантириш ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Қонун лойиҳасининг амалиётда самарали қўлланилиши учун жиноий ва маъмурий жавобгарликни келтириб чиқарувчи асосларни аниқ белгилаш, ҳуқуқбузарликнинг хусусияти ва келиб чиққан оқибатлар билан жавобгарлик чоралари ўртасида мутаносибликни таъминлаш зарур. Шунингдек, саноат хавфсизлиги экспертизаси натижаларининг холислиги ва ишончлилигини таъминлаш, назорат органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш ҳамда белгиланган талабларнинг амалда бажарилиши устидан тизимли назоратни йўлга қўйиш алоҳида ўрин тутади.
Умуман, мазкур қонунчилик ташаббуси саноат хавфсизлиги соҳасида ҳуқуқий тартибга солиш самарадорлигини ошириш, ишлаб чиқариш жараёнларидаги хавфларни камайтириш ва инсон ҳаёти ҳамда соғлиғини муҳофаза қилишнинг ишончли механизмларини шакллантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.