Ортга қайтиш Чоп этиш

БИЛИМ ВА МАЛАКА – ЯНГИ ТАРАҚҚИЁТ БОСҚИЧИНИНГ УСТУВОР КАПИТАЛИ

 

Ҳар бир ота-она фарзандининг яхши таълим олишини, муносиб касб эгаллаб, жамиятда ўз ўрнини топишини истайди. Зеро, таълим – ҳар бир оиланинг, ҳар бир инсоннинг эртанги куни билан боғлиқ муҳим масала. Бу борада бир қадам олдинда фикрлаш, бугундан эртанги кунга тайёргарлик кўриш зарурлигини биз яшаётган даврнинг ўзи яққол кўрсатиб турибди.
Президентимизнинг Таълим ва илм-фан вазирлигини ташкил этишга доир Фармонининг қабул қилиниши ҳам ана шундай ҳаётий заруратдан келиб чиқди. Ушбу ҳужжат мамлакатимизда сўнгги ўн йилликда амалга оширилган таълим ислоҳотларининг мантиқий давоми бўлди.

Шубҳасиз, охирги ўн йилда мамлакатимизда таълим ва илм-фан соҳасини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Бугун бу ислоҳотларнинг натижасини ёшларнинг билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши ва ўз салоҳиятини намоён этиши учун яратилаётган янги имкониятларда кўриб, гувоҳ бўлиб турибмиз. Билим олиш, шахсий ривожланиш бугун умуммиллий ҳаракатга айланиб улгурди.

Давлатимиз раҳбари мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимда келгуси ўн йиллик учун етти миллий дастурни белгилаб берди. Уларнинг биринчиси – билим ва малакани тараққиётнинг асосий капиталига айлантиришга қаратилгани бежиз эмас. Чунки бугун билимнинг ўзи кифоя эмас – уни таҳлил қилиш, янги ғоя ва технологияга айлантириш, инсон ва жамият манфаатига йўналтириш сув ва ҳаводек зарур.

Шу нуқтаи назардан, бугунги вазифа – таълимнинг барча босқичлари, касбий тайёргарлик ва илм-фан ўртасидаги узвийликни мустаҳкамлаш, сифат ва натижадорлик учун аниқ жавобгарликни таъминлаш ҳамда энг муҳими, билим ва малакани юқори қиймат яратадиган инсон капиталига айлантиришга хизмат қиладиган самарали институционал тизимни шакллантиришдир.

Сўнгги ўн йилликка назар ташласак, таълим соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар, аввало, йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларни бартараф этиш, таълим тизимидаги мавжуд номутаносибликларни тўғрилаш ва қамровни кенгайтиришга қаратилганини кўрамиз.

2017 йилда мактабгача таълим билан қамров 27 фоизни ташкил этган бўлса, 2025 йилга келиб 78 фоизга етди. Олий таълим билан қамров 2016 йилдаги 9 фоиздан 2026 йилда 45 фоизга кўтарилди. Олий таълим муассасалари сони 77 тадан 205 тага етди. Таълим ва илм-фан соҳасига харажатлар сўнгги саккиз йилда 6 баробар ошиб, жами 378 триллион сўмни ташкил этди.

Бу рақамлар ислоҳотларнинг биринчи босқичида асосий эътибор инсоннинг таълим олиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилганини кўрсатади. Мактабгача таълим қамровининг қарийб уч баробар, олий таълим қамровининг беш баробар ўсишини айтишга осон. Лекин бу натижалар ортида Президентимизнинг ташаббуси ва сиёсий иродаси билан янгидан-янги муассасалар ташкил этиш, мавжуд инфратузилмани янгилаш, таълим олиш имкониятларини кенгайтиришдек улкан ва тизимли ишлар мужассам.

Шубҳасиз, бугун Учинчи Ренессанс пойдевори учун муҳим замин яратилди. Аммо тараққиёт бир жойда тўхтаб қолмайди. Рақобат тобора кучайиб, сунъий интеллект ва янги технологиялар ҳаётимизга жадал кириб келаётган бугунги даврда эришилган натижалар билан кифояланиб қолиш, "бизга шунинг ўзи етарли" деган қараш билан яшашга асло ҳаққимиз йўқ. Аксинча, бугунги ютуқларни янги марралар учун мустаҳкам пойдеворга айлантиришимиз керак. Бунинг учун эса натижаларимизга холис баҳо бериб, ҳали қилиниши лозим бўлган ишларга аниқ назар ташлаш муҳим.

Буни халқаро баҳолаш натижалари ҳам кўрсатиб турибди. "PISA 2025" тадқиқотида Ўзбекистондаги 15 ёшли ўқувчиларнинг табиий фанлар бўйича ўртача натижаси 438 баллни ташкил этиб, мамлакатимиз 91 та таълим тизими орасида 48-ўринни қайд этди. Натижа 2022 йилга нисбатан ўсгани қувонарли, аммо у ҳали Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти мамлакатлари ўртача кўрсаткичидан паст. Демак, эришилган натижа янги марраларни эгаллаш учун таянч нуқтадир.

Ягона таълим тизими: қамровдан сифат сари

Бугун таълим сиёсати олдида турган устувор вазифа – қамровни кенгайтиришдан сифатни юксалтиришга, сифатни аниқ натижадорлик билан боғлашга ва пировард натижада билимли, малакали ҳамда миллий тараққиётга юқори қиймат қўша оладиган инсон капиталини шакллантиришга ўтишдир.

Қабул қилинган Фармоннинг энг муҳим жиҳатларидан бири ҳам айнан шу вазифаларни самарали ҳал этиш учун таълимнинг турли босқичларидаги ваколат ва масъулиятни ягона бошқарув тизими доирасида уйғунлаштириш, қарор қабул қилишдан тортиб унинг натижасигача бўлган жараёнда аниқ масъулиятни таъминлашдан иборатдир.

2023 йилдан-мактабгача ва мактаб таълими алоҳида, олий таълим, фан ва инновациялар эса бошқа вазирлик ваколатида бўлди. Бу тизимда бир қатор вазифалар ва стратегик кўрсаткичлар бўйича масъулиятнинг икки томонлама тақсимланишига олиб келди. Педагог кадрлар олий таълимда тайёрланиб, асосан мактаб тизимида фаолият юритиши ҳам бунга яққол мисолдир.

Аслида эса таълимнинг ҳар бир босқичи бир-биридан узилган алоҳида бўғинлар эмас, балки ягона занжирнинг узвий ҳалқаларидир. Буни ҳаётнинг ўзи ҳам кўрсатиб турибди. Мактабни йилига ўртача 400 минг ўқувчи битираётгани, уларнинг 170 минг нафаридан ортиғи таълимни давом эттираётгани таълим босқичлари ўртасидаги узвийликни янада кучайтириш заруратини кўрсатади.

Айниқса, 9-синф битирувчиларининг касбий таълим билан қамрови 29 фоизни ташкил этаётган бир шароитда мактаб, касбий таълим ва олий таълим ўртасида ягона ва изчил таълим йўлини шакллантириш муҳим аҳамият касб этмоқда. Зеро, ўқувчининг мактабда олган билими ёш кадрнинг ҳаёт йўлини ёритувчи чироқ бўлиб, унинг касб танлаши, салоҳиятини рўёбга чиқариши ва жамиятда муносиб ўрин эгаллашига хизмат қилиши керак.

Шу маънода, мазкур ислоҳот таълим ва илм-фан соҳасида ягона ёндашувни шакллантириш, ваколат ва масъулиятни аниқ белгилаш ҳамда аниқ ва ўлчанадиган натижаларга эришишга хизмат қилади.

Президентимиз ҳузурида 2026 йил 7 октябрда ўтказилган тақдимотда ҳам айнан шу масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Янги вазирлик фаолиятини йўлга қўйишда такрорланувчи вазифаларни қисқартириш, ҳудудий бўғинлар масъулиятини кучайтириш, бошқарувни рақамлаштириш ва таҳлилий салоҳиятни ошириш устувор вазифалар сифатида белгилаб берилди. Энг муҳими, таълимнинг боғчадан олийгоҳгача бўлган барча босқичлари ягона вертикал сифатида ишлаши, ҳар бир босқич кейинги поғона учун мустаҳкам замин яратиши зарурлиги таъкидланди.

Бу ёндашув ваколат ва масъулият чегараларини аниқлаш, стратегик мақсадлар, молиявий ресурслар ҳамда натижадорлик кўрсаткичларини ўзаро боғлаш учун зарур институционал асосни яратади. Шу билан бирга, ягона бошқарув вертикали ҳар бир таълим босқичининг ўзига хос вазифаларини сақлаган ҳолда, якуний натижа учун масъулиятни аниқ белгилаш имконини кенгайтиради.

Ислоҳотларнинг мустаҳкам ҳуқуқий  асоси – натижадорлик кафолати

Биринчи миллий дастурнинг мазмунини таълим тизимига нисбатан қўйилаётган янги талаблар билан уйғун ҳолда баҳолаш муҳим. Билим ва малака шахснинг ривожланишига хизмат қилиши билан бирга, меҳнат унумдорлиги, инновацион фаоллик ва иқтисодий рақобатбардошлик учун стратегик ресурсга айланади. Шу боис таълим тизими инсоннинг бутун ҳаёти давомида билим олиши, касб эгаллаши, янги технологияларни ўзлаштириши ва ўз салоҳиятини намоён этиши учун узлуксиз муҳит яратиши керак. Бундай кенг қамровли вазифаларни самарали амалга ошириш эса, аввало, мустаҳкам ҳуқуқий асосни талаб этади.

Фармонга мувофиқ, икки ой ичида қонунчиликка тегишли ўзгартишлар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади. Аввало, «Таълим тўғрисида»ги қонун янги тизимга мослаштирилиб, Таълим ва илм-фан вазирлигининг таълим соҳасидаги ягона ваколатли орган сифатидаги мақоми мустаҳкамланиши лозим.

Иккинчи муҳим йўналиш – таълим узлуксизлигини амалда ишлайдиган тизимга айлантиришдир. Бунинг учун мактабдан касбий таълимга, ундан олий таълимгача бўлган ягона таълим йўли, касбга йўналтириш ва таълим натижаларининг ўзаро тан олинишини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш зарур.

Учинчи йўналиш эса, "Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида"ги қонунни янги институционал архитектурага мослаштириш зарурати билан боғлиқ. Илм-фан соҳасидаги ваколатлар, тадқиқотларни барқарор молиялаштириш ва базавий ҳамда лойиҳавий қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий кафолатларини аниқ белгилаш муҳим. Бу масала айниқса муҳим. Чунки ҳозир илм-фанга харажатларнинг ЯИМдаги улуши 0,16 фоизни ташкил этади, 2030 йил учун эса 1 фоизлик мақсад белгиланган.

Тўртинчи йўналиш таълим сифатини баҳолаш ва аккредитация мустақиллигининг ҳуқуқий кафолатларини кучайтиришдир. Таълимни ташкил этувчи орган билан унинг сифатини баҳоловчи тузилма ваколатларини аниқ ажратиш, баҳолашнинг холислиги ва шаффофлигини таъминлаш зарур.

Бешинчи йўналиш олий таълим муассасаларининг академик эркинлиги ва ўзини ўзи бошқариш ҳуқуқини кучайтиришга қаратилган. Янги таҳрирдаги Конституциянинг 51-моддаси олий таълим ташкилотларига академик эркинлик, ўзини ўзи бошқариш, тадқиқот ва ўқитиш эркинлигини кафолатлайди. Шу боис ягона вазирлик шароитида ҳам университетларнинг қонун билан белгиланган мустақиллик доираси ишончли ҳимоя қилиниши лозим.

Олтинчи йўналиш соҳавий қонунларни тўлиқ хатловдан ўтказиш бўлиб, "Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида"ги қонун ва бошқа тармоқ ҳужжатларида собиқ вазирликлар номи, ваколати ёки институционал мақомига боғланган нормалар янги тизимга мувофиқлаштирилиши керак. Бу ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги ноаниқликларнинг олдини олиш учун зарур.

Еттинчи йўналиш "Ўзбекистон — 2030" стратегиясидаги масъулият занжирини янгилаш ҳисобланади. Илгариги икки вазирлик 50 дан ортиқ самарадорлик кўрсаткичи бўйича масъул ёки ҳамижрочи этиб белгиланган. Энди ҳар бир кўрсаткич бўйича ягона масъул органни белгилаш, аниқ муддат ва ўлчанадиган натижани кўзда тутиш муҳим. Бу масъулиятни аниқлаштириш билан бирга, натижадорликни ҳам оширади.

Таълим ислоҳотлари самарадорлиги кафолати

Таълим ислоҳотларининг изчиллиги ва самарадорлигини таъминлашда парламентнинг ўрни ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Самарали ва халқчил қонунлар янги тизимнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдеворини яратса, парламент назорати орқали унинг амалда қандай ишлаётгани ва белгиланган вазифалар қай даражада бажарилаётгани баҳоланади.

Бу борада парламент қонун ижодкорлиги билан таълим ислоҳотларининг ҳуқуқий пойдеворини босқичма-босқич мустаҳкамлаб келди. Хусусан, 2019 йилда "Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида"ги, 2020 йилда эса янги таҳрирдаги "Таълим тўғрисида"ги қонунларнинг қабул қилиниши бу жараённинг муҳим қадамларидан бўлди.

Галдаги вазифа Президентимиз фармонининг амалиётга самарали татбиқ этиш учун зарур ҳуқуқий шарт-шароитларни яратиш ҳисобланади. Бунинг учун ислоҳотларнинг натижадорлигини таъминлайдиган аниқ ҳуқуқий механизмларни белгилаш муҳим. Яъни, қонун нормалари натижасини баҳолаш, жамоатчилик олдида ҳисобдорлигини таъминлаш ва ижросини назорат қилиш имконини ҳам бериши лозим.

Парламент назоратининг асосий мезони эса қабул қилинган қарорларнинг ижросида намоён бўлади. Шу мақсадда янги вазирликнинг стратегик режалари ва натижадорлик кўрсаткичлари ижросини мунтазам эшитиш, "Ўзбекистон — 2030" стратегиясининг таълим ва илм-фанга оид мақсадлари бўйича масъулият ва натижаларни баҳолаш, илм-фанга ажратилаётган бюджет маблағларининг самарадорлигини кўриб чиқиш ҳамда таълим сифати кўрсаткичларининг холис баҳоланишини таъминлаш муҳим. Парламент тадқиқотлари ва таҳлилий имкониятлардан кенг фойдаланиш эса бу назоратни аниқ далил ва рақамларга таянган ҳолда олиб боришга хизмат қилади.

Шунинг учун таълим ва илм-фанга йўналтирилаётган ресурсларнинг ҳақиқий самараси қамров ва инфратузилма ҳажми билан чекланмайди. У билим ва малака сифати, меҳнат унумдорлиги, инновацион фаоллик ва инсон капиталининг ўсиши билан баҳоланиши лозим.

Таълим ва илм-фан вазирлигини ташкил этиш билан ислоҳотнинг ташкилий босқичи якунланиб, натижадорликка йўналтирилган янги босқич бошланмоқда. Янги тизимнинг самарадорлиги таълимнинг турли босқичлари ўртасидаги узвийлик, меҳнат бозори эҳтиёжларига мос кадрлар тайёрлаш, университетларнинг академик ва бошқарув мустақиллиги ҳамда илмий тадқиқотларнинг амалиётга татбиқ этилиши орқали намоён бўлади.

Президентимиз илгари сураётган янги ташаббуслар ғоят теран ва халқчил. Уларнинг барчасида ягона мақсад — таълим ва илм-фанни аниқ натижага йўналтириш ва бу натижани, энг аввало, инсоннинг ҳаёти ва фаровонлигида намоён этиш ғояси мужассам.

Мактабда таълим сифатини ва ўқитувчининг касбий маҳоратини ошириш, касбий таълимни меҳнат бозорига яқинлаштириш, дуал таълимни кенгайтириш, олий таълимга кўпроқ мустақиллик бериш, университетлар ва иш берувчилар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, илм-фанда эса университет, лаборатория ва корхоналарни бирлаштириш – бугунги шиддатли давр талаби шундан иборат.

Вақтлар ўтади, йиллар ўтади. Бугун бошланган ислоҳотлар эртага ўз мевасини беради. Уларнинг энг катта самараси эса билимли, ватанпарвар, замонавий касб ва кўникмаларга эга, юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўша оладиган авлод тимсолида намоён бўлади. Зеро, миллатимизнинг энг катта бойлиги – унинг замонавий билимга эга, мустақил фикрлайдиган ва креатив ёшларидир. Бугун таълимга берилаётган эътибор ва ғамхўрлик – келажакда жамиятимиз тафаккури, мамлакатнинг эртанги куни ва халқимизнинг фаровонлигининг мустаҳкам пойдеворидир

 


Валишер  ДАВЛЯТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти

директор ўринбосари