Ортга қайтиш Чоп этиш

АЁЛЛАР ДИПЛОМАТИЯСИ ТИНЧЛИК ВА ТАРАҚҚИЁТНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ СИФАТИДА

Бугунги мураккаб ва ўзгарувчан дунёда тинчликни асраш, барқарор тараққиётни таъминлаш ва давлатлар ўртасида ўзаро ишончни мустаҳкамлаш халқаро ҳамжамият олдидаги энг муҳим вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. Бу мақсадларга эришиш эса нафақат сиёсий келишувларни, балки жамиятнинг барча қатламлари манфаатларини ҳисобга оладиган, инсон қадри ва ижтимоий адолатга таянадиган ёндашувни ҳам талаб этади.
Айни шу нуқтаи назардан, хотин-қизларнинг дипломатия, давлат бошқаруви ва тинчликни мустаҳкамлаш жараёнларидаги иштироки тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Зеро, аёлларнинг билим ва тажрибасини умумий тараққиёт мақсадлари йўлида сафарбар этиш нафақат тенг имкониятларни таъминлашнинг, балки барқарор келажакни барпо этишнинг ҳам муҳим шартидир.
2026йил 7октябрда Туркманистоннинг “Аваза” миллий туристик зонасида ўтказилган “Тинчликни сақлаш ва барқарор ривожланишга эришишда аёлларнинг роли” мавзусидаги Халқаро аёллар мулоқоти ана шу масалаларни халқаро ҳамжамият эътиборига яна бир бор олиб чиқди. Унда Ўзбекистон ва қатор давлатлар делегациялари, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этиб, тинчликни мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш ва барқарор тараққиётга эришиш масалаларини муҳокама қилди. Мулоқот якунида Якуний ҳужжатнинг бир овоздан қабул қилиниши ушбу йўналишдаги ҳамкорликнинг долзарблиги ва умумий мақсадлар муштараклигини намоён этди.
Мазкур тадбирнинг аҳамияти дипломатик мулоқот доирасидан анча кенг. Унинг асосий мазмуни хотин-қизларни тинчлик ва тараққиётга оид қарорларни ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва амалга ошириш жараёнларида тенг ҳуқуқли иштирокчилар сифатида эътироф этишда намоён бўлади. Зеро, тинчликни таъминлашга қаратилган қарорлар билан уларнинг ҳаётдаги амалий натижалари ўртасида узвий боғлиқлик мавжуд. Шу боис барқарор тинчлик ва фаровон тараққиётга эришишда жамиятнинг барча қатламлари манфаатларини инобатга олиш, хотин-қизларнинг салоҳияти ва тажрибасидан самарали фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади.
БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2000йилда қабул қилинган 1325-сон резолюцияси аёлларни можароларнинг олдини олиш, тинчлик музокаралари ва урушдан кейинги тикланиш жараёнларига жалб этиш зарурлигини халқаро миқёсда белгилаб берди. Бироқ ҳуқуқий эътироф билан амалий натижа ўртасида ҳали ҳам сезиларли тафовут бор. БМТ маълумотларига кўра, 2024йилда дунёдаги тинчлик жараёнларида музокарачиларнинг атиги 7 фоизини, воситачиларнинг эса 14 фоизини аёллар ташкил этган. Бу рақамлар жиддий муаммодан далолат беради. Можаролар оқибатларини оғир ҳис қилаётган хотин-қизлар тинчлик келажагини белгилайдиган музокараларда ҳали ҳам етарлича иштирок этмаяпти.
Аслида, аёллар дипломатиясининг аҳамияти муаммоларга ҳаётий нуқтаи назардан ёндашишида намоён бўлади. Тинчлик музокаралари фақат сиёсий келишувлар ёки хавфсизлик масалалари билан чекланиб қолмаслиги керак. Уларда таълим ва тиббий хизмат, сув ва озиқ-овқат хавфсизлиги, қочқинларнинг ўз уйларига қайтиши, оилаларнинг иқтисодий тикланиши каби инсон ҳаётига бевосита дахлдор масалалар ҳам ҳал этилиши лозим. Хотин-қизларнинг бундай жараёнлардаги иштироки келишувларнинг мазмунини бойитиб, уларнинг аҳоли эҳтиёжларига мос бўлишига хизмат қилади. Демак, аёллар дипломатияси гендер тенглигини таъминлаш, тинчлик жараёнларининг барқарорлигини мустаҳкамлаш ва қабул қилинаётган қарорларнинг самарадорлигини оширишга хизмат қилувчи муҳим омилдир.
Юртимиздахотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини таъминлаш учун мустаҳкам ҳуқуқий асослар яратилган. Конституциямизнинг 58-моддаси хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилигини белгилаб, давлат зиммасига улар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш вазифасини юклайди. 2019йил 2сентябрдаги “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонун ва 2030йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси эса аёлларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
2024йилги парламент сайлови натижаларига кўра, Қонунчилик палатаси депутатларининг 38 фоизини хотин-қизлар ташкил этди. Бу кўрсаткич уларнинг мамлакатимизсиёсий ҳаётидаги иштироки кенгайиб бораётганини ифодалайди. Бироқ вакилликнинг ҳақиқий қиймати аёлларнинг қарор қабул қилиш жараёнларидаги иштироки ва уларнинг таклифлари амалда қай даражада инобатга олиниши билан белгиланади. Шу боис хотин-қизларнинг фикри қарорларда акс этиши, ташаббуслари қўллаб-қувватланиши ва салоҳияти жамият тараққиётига йўналтирилиши учун зарур ҳуқуқий, институционал ва амалий имкониятларни яратиш муҳим аҳамият касб этади.

Шу нуқтаи назардан, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, уларнинг сифатли таълим олишини, касбий ўсишини ва иқтисодий мустақиллигини таъминлаш ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Чунки хавфсизлиги кафолатланмаган, ҳуқуқларини ҳимоя қилишда қийинчиликларга дуч келадиган ёки иқтисодий қарамлик шароитида яшаётган аёл ўз салоҳиятини тўлиқ намоён эта олмайди. Шу боис қонунчиликда белгиланган кафолатларни амалда таъминлаш, уларнинг ижросини холис баҳолаш ва жамоатчилик назоратини кучайтириш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.
Аёллар дипломатиясини ривожлантиришда минтақавий ҳамкорлик ҳам муҳим ўрин тутади. Марказий Осиё мамлакатларини муштарак тарих, маданий яқинлик ва умумий тараққиёт манфаатлари бирлаштиради. Сув ресурслари, иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлиги ва аҳоли саломатлиги билан боғлиқ муаммолар эса давлат чегараларидан қатъи назар, барча халқлар ҳаётига таъсир кўрсатади. Уларни ҳал этишда хотин-қизларнинг тажрибаси ва ташаббусларидан фойдаланиш минтақавий мулоқотни мазмунан бойитиб, ўзаро ишончни мустаҳкамлашга ёрдам беради.
   Аваза мулоқотида Ўзбекистон томони илгари сурган давлатлараро ишчи комиссия тузиш ва навбатдаги мулоқотни мамлакатимизда ўтказиш ташаббуслари ҳам ҳамкорликни изчил давом эттиришга қаратилган. Бундай ташаббусларнинг самараси, уларнинг доимий мулоқот майдонлари, қўшма дастурлар ва аниқ амалий лойиҳаларга айланиши билан белгиланади. Хотин-қизлар учун дипломатия ва давлат бошқаруви бўйича ўқув дастурлари, ёшлар етакчилигини қўллаб-қувватлаш, тадбиркор аёллар ўртасида тажриба алмашиш каби йўналишлар минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши мумкин.Айниқса, қишлоқ жойларда яшаётган хотин-қизларнинг имкониятларини кенгайтириш муҳимдир. Таълим, замонавий касблар, рақамли технологиялар ва молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятларининг ортиши, уларнинг иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамлайди. Бу эса нафақат оила фаровонлиги, балки фарзандлар келажаги ва жамият барқарорлиги учун ҳам ишончли пойдевор яратади. Зеро, тараққиётнинг ҳақиқий самараси жамиятнинг барча қатламлари ҳаётида акс этиши билан белгиланади.
Халқаро мулоқотларнинг қиймати, аввало, улардан кейин қандай ўзгаришлар юз бериши билан ўлчанади. Шунинг учун хотин-қизларнинг қарор қабул қилиш жараёнларидаги мазмунли иштирокини кенгайтириш, миллий қонунчиликдаги кафолатларни амалда таъминлаш ва халқаро ташаббусларни аниқ дастурларга айлантириш ўзаро боғлиқ вазифалардир. Бу борада давлат идоралари, фуқаролик жамияти институтлари, таълим муассасалари ва халқаро ташкилотларнинг ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этади.
Хулоса қилиб айтганда, аёллар дипломатиясининг асл моҳияти хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг тинчликни мустаҳкамлаш, низоларни ҳал этиш ва барқарор тараққиётга оид қарорларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишдаги фаол иштирокини кенгайтиришда намоён бўлади.У хотин-қизларнинг билим, тажриба ва ташаббусларини тинчлик ҳамда тараққиёт йўлида сафарбар этишни, жамиятда ўзаро ишончни мустаҳкамлашни ва умумий манфаатларга хизмат қиладиган ечимларни топишни ҳам қамраб олади. Аёлларнинг овози эшитилган жойда муаммоларга кенгроқ ёндашиш, турли манфаатларни уйғунлаштириш ва узоқ муддатли қарорлар қабул қилиш имконияти ортади. Хотин-қизлар учун тенг имкониятлар яратиш жамиятнинг бутун салоҳиятини рўёбга чиқариш, инсон ресурсларидан самарали фойдаланиш ва умумий тараққиётни жадаллаштиришнинг муҳим шартидир.

Зеро, тинчликни таъминлаш можароларни тўхтатиш билан кифояланмайди. Унинг барқарорлиги низоларнинг илдиз сабабларини бартараф этиш, инсон қадрини ҳимоя қилиш ва адолатли тараққиёт учун зарур шароитларни яратишга ҳам боғлиқ. Бу жараёнда аёлларнинг фаол иштироки тенг ҳуқуқлилик тамойилини рўёбга чиқариш билан бир қаторда, барқарор тинчлик ва хавфсиз келажакни таъминлашнинг муҳим шарти ҳисобланади. Аёллар дипломатияси мулоқот орқали тинчликни мустаҳкамлаш, ўзаро ишончни кучайтириш ва инсон қадрини устувор қўйган ҳолда барқарор тараққиётни илгари суришга хизмат қилади.


Гулбаҳор САИДОВА,


Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги 

Парламент тадқиқотлари институти бош илмий ходими