Гувоҳи бўлаётганимиздек, сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги муносабатларда катта ўзгаришлар юз берди. Бу жараёнда Ўзбекистоннинг, аввало, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси ва ташаббуслари ҳал қилувчи аҳамият касб этди. 2017 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Марказий Осиёни ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаб, давлатлар ўртасида мунтазам мулоқотни йўлга қўйиш ташаббуси илгари сурилди. Кейинчалик бу ғоя Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг мунтазам Маслаҳат учрашувлари шаклида ўзининг амалий ва институционал ифодасини топди.
Бугун ушбу жараён янги босқичга кирмоқда. Президентимиз таъкидлаганидек, минтақада ўзаро ҳурмат, ишонч ва соғлом прагматизмга асосланган мослашувчан ҳамкорлик формати муҳим. Бу ёндашувнинг натижасини бугун давлатлар ўртасидаги очиқ мулоқот, келишилган қарорлар ва амалий ҳамкорликда кўряпмиз.
Мамлакатимиз етакчисининг бугунги ташаббусларида эса минтақавий ҳамкорликни янги мазмун билан бойитишга алоҳида урғу берилди. Аввало, Марказий Осиё ва унга яқин минтақалар ўртасида тарихий, иқтисодий ва транспорт алоқаларига таянган ягона ҳамкорлик маконини шакллантириш ғояси илгари сурилди. Бу доирада савдо, транспорт, энергетика, саноат ва янги технологияларни бир-бирига боғлайдиган лойиҳаларни ривожлантириш кўзда тутилмоқда.
Бу ташаббуснинг аҳамияти шундаки, Марказий Осиё ўз имкониятларини алоҳида-алоҳида намоён қилишдан умумий иқтисодий салоҳиятни ишга солиш босқичига ўтиши мумкин. Президентимиз бу масалаларни 2027 йилда Тошкентда ўтказиладиган халқаро конференцияда кенг муҳокама қилишни таклиф этди.
Яна бир муҳим ташаббус минтақавий мулоқотнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш бўлиб, Президентимиз Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш зарурлигини таъкидлади. Бу ерда энг муҳим жиҳат қабул қилинган қарорларнинг ижросини таъминлаш, яъни, сиёсий келишувлар аниқ натижа бериши керак.
Иқтисодий ҳамкорликда Президентимиз илгари сураётган энг муҳим ғоялардан бири “Олти иқтисодиёт — битта маҳсулот” тамойили. Бу оддий савдо муносабатларидан янги ишлаб чиқариш кооперациясига ўтишни англатади. Бир мамлакатда хомашё, иккинчисида бутловчи қисмлар, бошқасида технология ва ишлаб чиқариш қуввати бўлиб, якуний маҳсулот биргаликда яратилиши мумкин.
Менимча, айнан шу ёндашув минтақавий иқтисодий ҳамкорликнинг янги мазмунини белгилайди. Шу мақсадда савдо тўсиқларини камайтириш, қўшма саноат ва технологик занжирларни шакллантириш, умумий рақамли хизматлар ва инвестиция механизмларини ривожлантириш муҳим.
Бу йўналишни амалий лойиҳалар билан тўлдириш учун Президентимиз 2027 йилда Хивада Марказий Осиё ва Озарбайжон бизнес форумини ўтказиш ташаббусини ҳам илгари сурди. Шунингдек, қўшма инвестиция лойиҳаларини молиявий ва техник жиҳатдан қўллаб-қувватлайдиган махсус платформа яратиш таклиф этилди. Бу йирик лойиҳаларни ғоя даражасидан амалий босқичга олиб чиқиш учун муҳим механизм бўлиши мумкин.
Транспорт соҳасидаги ташаббус ҳам фақат йўл қуриш билан чекланмайди. Президентимиз минтақани глобал савдонинг муҳим қуруқлик йўналишларидан бирига айлантириш учун транспорт лойиҳаларини ягона тизим сифатида мувофиқлаштириш зарурлигини таъкидлади. Янги транспорт йўлаклари бўйлаб ишлаб чиқариш, логистика, хизмат кўрсатиш объектлари ва саноат зоналари ташкил этилиши керак.
Шу мақсадда Инфратузилмавий ривожланиш бўйича кенгашни тезроқ ташкил этиш ва унинг биринчи мажлисини Ўзбекистонда ўтказиш таклиф этилди. Бу ташаббус транспортни мустақил инфратузилма сифатида эмас, балки иқтисодий ўсишни таъминлайдиган муҳим омил сифатида қарашни англатади.
Энергетикада ҳам Президентимиз минтақадаги имкониятларни бирлаштиришга урғу бермоқда. Углеводородлар, гидроэнергетика, қуёш ва шамол энергетикаси салоҳиятини ўзаро тўлдирувчи тизим сифатида ривожлантириш таклиф этилмоқда. Айниқса, кам углеродли энергетика бўйича қўшма концепция ишлаб чиқиш ташаббуси янги қувватларни барпо этиш, энергияни сақлаш тизимларини ривожлантириш ва энергетика йўлакларини мувофиқлаштириш учун муҳим асос бўлиши мумкин.
Сув ва экология масалаларида ҳам Ўзбекистоннинг ташаббускор позицияси яққол кўринади. Президентимиз сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича амалий ҳаракатлар ўн йиллигини тўлиқ амалга ошириш, рақамли мониторингни кучайтириш, ирригация тармоқларини модернизация қилиш ва сув тежовчи технологияларни кенг жорий этишга эътибор қаратмоқда.
Келгуси йилдан Оролни қутқариш халқаро жамғармасига раислик қилишимиз ҳам муҳим имконият беради. Президентимиз бу даврдан Жамғарма фаолияти самарадорлигини ошириш, янги экологик лойиҳаларни амалга ошириш ва қўшимча молиявий маблағларни жалб қилиш учун фойдаланиш ниятини билдирди. Шунингдек, Афғонистон билан сув масалалари бўйича доимий мулоқотни йўлга қўйиш ва “Марказий Осиё тоза ҳавоси” халқаро консорциумини ташкил этиш ташаббуслари илгари сурилмоқда.
Яна бир янги йўналиш муҳим минераллар. Муҳим минераллар бўйича минтақавий альянс ташкил этиш ташаббуси бугунги технологик тараққиёт нуқтаи назаридан жуда муҳим. Уларнинг ягона рақамли харитасини яратиш эса минтақа ресурсларини яхшироқ ўрганиш ва халқаро инвесторларга умумий салоҳиятимизни намоён қилиш имконини беради.
Технологик тараққиёт бўйича ташаббуслар ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Президентимиз сунъий интеллект ва катта маълумотлар технологияларидан фойдаланиш учун миллий маълумотлар марказларини ўзаро боғлайдиган умумий ҳисоблаш инфратузилмасини яратишни таклиф этди. Бу рақамли маҳсулотларни ривожлантириш ва сунъий интеллект соҳасида минтақавий йирик лойиҳаларни амалга ошириш имконини кенгайтиради.
Албатта, технологиянинг ўзи етарли эмас. Шунинг учун қўшма кадрлар тайёрлаш дастурлари, илмий лойиҳалар ва технологик тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳам ушбу ташаббуснинг муҳим қисми ҳисобланади.
Ва ниҳоят, Президентимиз минтақанинг келажагини инсон капитали билан боғламоқда. Марказий Осиёда ёшлар кўп ва бу катта имконият. Лекин бу имкониятдан фойдаланиш учун меҳнат бозорига қандай мутахассислар керак бўлишини олдиндан билишимиз зарур.
Шу мақсадда талаб юқори бўлган касблар ва компетенцияларнинг минтақавий атласини яратиш таклиф этилди. Бу орқали таълим тизими иқтисодиётнинг реал эҳтиёжларига мослашади, келажакдаги йирик минтақавий лойиҳалар учун зарур кадрларни олдиндан тайёрлаш имкони пайдо бўлади.
Менимча, Президентимиз ташаббусларининг умумий мантиғи жуда аниқ. Бу ҳам бўлса сиёсий ишончни иқтисодий тараққиётга айлантириш. Бунинг учун ҳуқуқий асос, саноат кооперацияси, транспорт, энергетика, сув, рақамли технологиялар ва инсон капитали бир-бири билан узвий боғланиши керак.
Сўнгги йилларда биз ишонч муҳитини шакллантирдик. Энди шу ишончни аниқ лойиҳалар ва одамлар ҳаётида сезиладиган натижалар билан мустаҳкамлашимиз керак. Президентимиз таъкидлаганидек, келгуси авлодларга тинч, хавфсиз, иқтисодий жиҳатдан кучли ва инсонга муносиб яшаш, меҳнат қилиш ҳамда таълим олиш имконини берадиган Марказий Осиёни қолдириш — бугунги авлоднинг умумий масъулиятидир.
Ойбек ҚЎШБОҚОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи, иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори