Ортга қайтиш Чоп этиш

Қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш амалиёти такомиллаштирилмоқда

 

Тадбирда Қонунчилик палатаси депутатлари, Парламент тадқиқотлари институти илмий ходимлари иштирок этди. Семинар қонун лойиҳаларини муҳокама қилишнинг ташкилий-услубий асосларини такомиллаштириш, парламент муҳокамаларининг мазмундорлиги ва самарадорлигини оширишга қаратилган ёндашувларни муҳокама қилиш учун мулоқот майдони бўлди.

Семинар давомида Қонунчилик палатасида қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш босқичларининг мазмун-моҳияти, биринчи ўқишда қонун лойиҳаларини муҳокама қилишнинг аҳамияти, иккинчи ва учинчи ўқишларда уларни кўриб чиқишнинг ўзига хос жиҳатлари атрофлича муҳокама қилинди.

Шунингдек, Сенат томонидан рад этилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қайтарилган қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш тартиби ва бундай ҳолатларда парламент муҳокамасининг ўзига хос жиҳатларига эътибор қаратилди.

Тадбирда Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Жаҳонгир Ширинов “Қонунчилик палатасида қонун лойиҳаларини кўриб чиқишнинг мазмуни ва аҳамияти” мавзусида маъруза қилди.

Парламент тадқиқотлари институти директори Акром Тошпулатов “Парламент мажлисларида қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш бўйича хорижий тажриба” мавзусида маъруза қилиб, қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш амалиётини такомиллаштиришда халқаро парламент тажрибасининг аҳамиятига тўхталди.

Маърузалардан сўнг савол-жавоблар шаклида очиқ мулоқот ўтказилиб, қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш самарадорлигини ошириш, тақдим этиладиган маърузаларнинг концептуал мазмуни ва сифатини яхшилаш, шунингдек, парламент муҳокамаларида конструктив ёндашувларни кучайтириш юзасидан фикр алмашилди.

Тадбир якунида Қонунчилик палатаси мажлисларида қонун лойиҳаларини муҳокама қилишда замонавий парламент стандартларидан самарали фойдаланиш, миллий парламент амалиётининг илғор хорижий тажриба асосида такомиллаштириш имкониятларини ўрганиш ҳамда депутатларнинг қонун ижодкорлиги жараёнидаги иштирокини янада самарали ташкил этиш бўйича амалий тавсиялар ишлаб чиқиш муҳимлиги қайд этилди.

Семинарда билдирилган таклиф ва мулоҳазалар қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш жараёнини янада такомиллаштириш, парламент муҳокамаларининг сифатини ошириш ҳамда қонун ижодкорлиги жараёнида илмий-услубий ёндашувларни кенг қўллашга хизмат қилади.