Қонун лойиҳаси парламентга киритилди. Энди уни дарҳол қабул қилиш мумкинми?
Одатда, йўқ. Қонун қабул қилинишига қадар у бир неча босқичдан ўтади. Шулардан энг муҳимларидан бири — қонун лойиҳасининг ўқишларда кўриб чиқилиши.
Бир қарашда, бир ҳужжатни уч марта муҳокама қилиш ортиқча жараёндек туюлиши мумкин. Аслида эса ҳар бир ўқишнинг ўз вазифаси бор: аввал қонун лойиҳасининг асосий ғояси баҳоланади, кейин унинг ҳар бир қоидаси кўриб чиқилади ва шундан сўнг якуний қарор қабул қилинади.
Биринчи ўқиш: қонун лойиҳасининг ғояси
Биринчи ўқишда асосий эътибор қонун лойиҳасининг концепциясига қаратилади.
Яъни, аввало, қонун лойиҳаси нима учун кераклиги муҳокама қилинади. У қандай муаммони ҳал этишга қаратилган? Қандай ўзгаришларни назарда тутмоқда? Таклиф этилаётган ёндашув асослими?
Бу босқичда ҳали ҳар бир модданинг алоҳида жиҳатлари эмас, балки қонун лойиҳасининг умумий йўналиши ва асосий ғояси муҳокама қилинади.
Бошқача айтганда, биринчи ўқишдаги асосий савол қуйидагича бўлади:
«Биз таклиф қилаётган қонун нима учун керак ва у қандай муаммони ҳал қилади?»
Иккинчи ўқиш: ҳар бир нормага эътибор
Агар қонун лойиҳасининг концепцияси маъқулланса, кейинги босқичда унинг мазмунига чуқурроқ кириб борилади.
Иккинчи ўқишда қонун лойиҳаси моддама-модда кўриб чиқилади.
Ундаги нормалар, қоидалар ва таклиф этилаётган ўзгартишлар муҳокама қилинади.
Айнан шу босқичда қонун лойиҳасининг алоҳида нормаларидаги ноаниқликлар, ўзаро зидликлар ёки амалиётда муаммо келтириб чиқариши мумкин бўлган жиҳатларга эътибор қаратиш имкони пайдо бўлади.
Зарур ҳолларда тегишли таклиф ва тузатишлар киритилади.
Шунинг учун, иккинчи ўқишни қонун лойиҳасининг «майда деталларигача текшириладиган» босқичи деб тасаввур қилиш мумкин.
Учинчи ўқиш: якуний қарор
Қонун лойиҳаси концепцияси кўриб чиқилди, моддалари таҳлил қилинди, зарур ўзгартиришлар киритилди.
Энди — якуний босқич.
Учинчи ўқишда қонун лойиҳаси якуний тарзда кўриб чиқилиб, овоз беришга қўйилади.
Шу тариқа, қонун лойиҳаси умумий ғоядан аниқ нормаларга, аниқ нормалардан эса якуний қароргача бўлган йўлни босиб ўтади.
Нега бу жараён муҳим?
Уч ўқишнинг асосий мақсади — қонун лойиҳасини шунчаки тезроқ қабул қилиш эмас, балки уни муҳокама қилиш, текшириш ва такомиллаштириш учун етарли имконият яратиш.
Шу сабабли, парламентдаги ҳар бир ўқиш қонун лойиҳасининг кейинги тақдири учун муҳим аҳамиятга эга.
Чунки қонун қабул қилинганидан кейин уни ўзгартириш ёки ундаги камчиликларни бартараф этишдан кўра, уларни ҳали лойиҳа босқичида аниқлаш ва бартараф этиш имконияти муҳим.
Демак, уч ўқиш — бу бир ҳужжатни уч марта такрорлаш эмас. Бу қонун лойиҳасини ғоядан амалиётгача пухта тайёрлаш жараёнидир.