Парламент тадқиқотлари институтининг «Cуд-ҳуқуқ соҳасида тадқиқотлар» бўлими бошлиғи,юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD), Рахманов Дмитрий Қаландарович, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўйича муносабат билдирди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида интеллектуал мулк соҳасидаги ҳуқуқий механизмларни янгилаш, тадбиркорлик ва инновацион фаолият учун янада аниқ ва қулай ҳуқуқий шароитлар яратишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Лойиҳада хизмат асарларига доир мулкий ҳуқуқларни белгилаш тартибини қайта кўриб чиқиш, давлат экспертизаси қарорларидан норози бўлган шахсларга бевосита судга мурожаат қилиш имкониятини бериш, шунингдек, патентларни ўз кучида сақлаш учун божларни тўлаш тартибини соддалаштириш назарда тутилмоқда.
Фракция аъзолари таклиф этилаётган ўзгаришларнинг интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимояқилиш, ортиқча маъмурий тартиб-тамоилларини қисқартириш ҳамда инновацион ва тадбиркорлик фаолияти учун барқарор ҳуқуқий шароит яратиш нуқтаи назаридан аҳамиятли эканини таъкидладилар.
Шу билан бирга, муҳокамалар давомида лойиҳанинг айрим қоидалари қўшимча ўрганиш ва аниқлаштиришни талаб қилиши қайд этилди. Хусусан, хизмат асарларига бўлган ҳуқуқларни тартибга солишда муаллиф ва иш берувчи манфаатлари ўртасидаги мувозанатни таъминлаш, шунингдек, таклиф этилаётган механизмларнин гамалий самарадорлигини баҳолаш муҳим аҳамиятга эга.
Қонун лойиҳасининг умумий мақсад ва йўналишларини инобатга олган ҳолда, фракция уни биринчи ўқишда кўриб чиқиш учун қўллаб-қувватлади.