
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти ва Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбир давомида томонлар конструктив мулоқот асосида ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб олдилар.
Жумладан, қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, парламент тадқиқотлари, ҳуқуқий экспертиза ва замонавий юридик таълим интеграцияси, мутахассисларнинг малакасини ошириш жараёнларида ўзаро тажриба алмашиш асосий ҳамкорлик йўналишлари сифатида белгилаб олинди.
Шунингдек, қонун чиқарувчи ва суд ҳокимияти ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг илмий асосларини биргаликда тадқиқ этиш, суд-ҳуқуқ соҳасидаги долзарб масалалар юзасидан таҳлилий ва экспертлик фаолиятини кучайтириш кўзда тутилди.
Меморандумни Парламент тадқиқотлари институти директори Акром Тошпулатов ва Одил судлов академияси ректори Шерзод Абдуқодиров имзоладилар.
Эришилган келишув ҳуқуқий давлат ва замонавий парламентчиликни ривожлантириш тамойиллари асосида илмий-амалий тадқиқотлар соҳасидаги ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.
Тадбир сўнггида, меморандум ижросини таъминлаш мақсадида “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқишга келишиб олинди.