Ортга қайтиш Чоп этиш

Талабаларнинг қонунчиликка оид таклифлари эътибор марказида

 

Жорий йилнинг 15 май куни Парламент тадқиқотлари институтида Тошкент давлат юридик университети билан ҳамкорликда “Ёш қонун ижодкорлари” лойиҳаси доирасида фаол талабалар билан учрашув бўлиб ўтди.

Унда Парламент тадқиқотлари институти илмий ходимлари, Тошкент давлат юридик университетининг профессор-ўқитувчилари ва талабалари иштирок этди. 

Тадбирни Парламент тадқиқотлари институти директори ўринбосари, юридик фанлар доктори, профессор Валишер Давлятов очиб берди. Ёш кадрларнинг таҳлилий салоҳияти мамлакат тараққиётининг асосий драйверларидан бири экани таъкидланди.

Тадбир давомида талабалар томонидан ишлаб чиқилган қонунчилик ташаббуслари ва таклифлари тақдимоти бўлиб ўтди. Жумладан, Университетнинг Давлат бошқаруви таълим йўналиши
3-курс талабалари – Азизбек Эшмуротов, Алиакбар Джуракулов, Дурдонахон Бойматова, Замира Раҳмоналиева, Сардорбек Тохиржонов ва Ҳулкар Қаршибоеваларнинг лойиҳалари тақдим этилди.

Тақдимотда шахсга доир маълумотларни ҳимоясини кучайтириш, масофавий ва гибрид асосда меҳнат қилувчи ходимларнинг меҳнат муҳофазасини ташкил этиш, махсус тоифадаги ҳудудларнинг ҳуқуқий мақомини белгилаш, аёл-қизларнинг ҳуқуқларини янада таъминлаш, давлат хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштириш каби масалалар кўриб чиқилди.

Талабаларнинг ҳар бир таклифи олимлар, соҳа экспертлари ва мутахассисларида катта қизиқиш уйғотди ва қизғин муҳокама қилинди.

Тадбир якунида Парламент тадқиқотлари институти ва Тошкент давлат юридик университети ўртасида талабаларнинг таҳлилий кўникмаларини ривожлантириш, бу борада доимий тажриба алмашиш бўйича амалий ҳамкорликни тизимли давом эттиришга келишиб олинди. 

Қонунчиликка оид долзарб таклифлари ва фаоллиги учун ташаббускор талабаларга Парламент тадқиқотлари институтининг ташаккурномалари топширилди.