Ортга қайтиш Чоп этиш

Парламент фаолиятида шаффофлик: Ўзбекистон ва Германия тажрибаси

 

Сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар сезиларли даражада фаоллашаётгани, сиёсий мулоқот, иқтисодий ҳамкорлик, “яшил” технологиялар, таълим, профессионал тайёргарлик ва парламентлараро алоқалар изчил ривожланиб бораётгани айтилди. Ўз навбатида, Германия Европа Иттифоқи доирасида Ўзбекистонда Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни қўллаб-қувватлаб келаётган ишончли ҳамкор мамлакатлардан бири экани алоҳида урғуланди.

Тадбирда Ўзбекистон ва Германия парламентлари аъзолари парламент фаолиятини рақамлаштириш, қонун ижодкорлигида фуқаролар иштирокини кенгайтириш ҳамда парламент дипломатиясини ривожлантириш бўйича ўзаро фикр алмашди.

Таъкидланганидек, сўнгги 9 йилда Ўзбекистон юксалишнинг янги даврида яшамоқда. Мамлакатимиз парламенти фаолияти янгича маъно-мазмун касб этмоқда. “Халқ — қонунларнинг ягона манбаи ва муаллифи” деган тамойил миллий парламент фаолиятининг бош мезонига айланди. Шаффофлик, очиқлик ва рақамлаштириш бугунги ислоҳотларнинг устувор йўналиши этиб белгиланди.

Давра суҳбатида рақамли трансформация, сунъий интеллект технологиялари ва замонавий ахборот платформаларини парламент фаолиятига кенг жорий қилиш орқали қонунчилик жараёнининг самарадорлиги, очиқлиги ва тезкорлигини таъминлашга оид қатор маърузалар тингланди. Шунингдек, бу бўйича амалий таклифлар илгари сурилди.

Қонунчилик палатаси Кенгашининг яқинда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этишга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг муҳим аҳамияти таъкидланди. Бу парламент таҳлили, ҳуқуқий экспертиза ва қарор қабул қилиш жараёнларини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишга ҳисса қўшиши айтилди.

Тадбирда иштирокчилар Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш, тажриба алмашинувини давом эттириш ҳамда парламент дипломатиясини мустаҳкамлаш бўйича фикр-мулоҳазаларини билдирди.

 

Сўз — иштирокчиларга

Шухрат ЁҚУБОВ, Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси аъзоси:

— Бугунги глобаллашаётган тезкор даврда парламентнинг ўрни ва масъулияти тобора ортиб бормоқда. Давра суҳбатида германиялик ҳамкасбларимиз билан бирга қонун ижодкорлиги, рақамлаштириш жараёни, “Электрон парламент” тизими бўйича қизғин фикр алмашдик. Қонунчилик палатаси фаолияти, онлайн трансляциялар, электрон ҳужжат айланиши ва рақамли таҳлил механизмлари миллий парламентимиз фаолиятини янги босқичга олиб чиқаётганини аниқ рақамлар орқали кўрсатдик. Айниқса, “Менинг фикрим” платформаси ва жамоатчилик муҳокамалари орқали аҳолининг қонун ижодкорлиги жараёнидаги иштироки тобора кенгайиб бораётгани ҳақидаги таҳлилларимиз иштирокчиларда қизиқиш уйғотди. Айтиш мумкинки, Германия Бундестагининг рақамли парламент, киберхавфсизлик ва технологик бошқарув соҳасидаги тажрибаси биз учун ҳам муҳим бўлиб, бу борада тажрибаларимиз билан ўртоқлашдик. Албатта, бу парламентлараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 

Йоханнес ФОЛЬКМАНН, Германия Бундестаги депутати:

— Ўзбекистонга биринчи маротаба ташриф буюриб, парламент анжуманида қатнашаётганимдан мамнунман. Қатор долзарб масалаларда фикрлашдик. Қайд этиш жоиз, парламент фаолиятида рақамли ёндашув жуда муҳим. Рақамлаштириш орқали қарор қабул қилиш жараёни тезлашади, шаффофлик ошади ва фуқаролар билан тўғридан-тўғри алоқа кучаяди. Бу замонавий демократик институтнинг асосий талабидир. Депутат учун энг муҳим афзаллик эса маълумотга тезкор кириш имконияти. Ўзбекистонда парламент фаолиятига замонавий ёндашувлар татбиқ этилаётгани, албатта, эътиборга молик. Очиқ мунозаралар, сайловчилар билан мулоқотлар кейинги фаолият йўналишларини белгилаб олишда, долзарб қонун лойиҳаларини қабул қилишда муҳим ўрин тутади.

Тадбир доирасида парламентлараро мулоқот ва ўзаро тажриба алмашинуви бўйича мулоҳазаларимизни билдирдик. Парламентлараро ҳамкорлигимиз мамлакатлар ўртасидаги ишонч ҳамда ўзаро англашувни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 

Валишер ДАВЛЯТОВ, Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти директорининг ўринбосари:

— Мазкур тадбир тажриба алмашиш майдони бўлди, дейиш мумкин. Парламент трансформацияси, сунъий интеллект каби муҳим йўналишларда мулоқот қилдик. Таъкидлаш керак, бугун сунъий интеллект технологиялари парламент фаолиятида қонун лойиҳаларини таҳлил этиш, ҳуқуқий зиддиятларни аниқлаш, коррупциявий хавфларни баҳолаш, қонунларнинг ижтимоий таъсирини прогноз қилиш, мурожаатларни интеллектуал саралаш, ижтимоий кайфият ва муносабатларни таҳлил этиш орқали жамоатчилик фикрини ўрганиш имконини бераётир. Энди парламент фақат ҳужжатларни эмас, балки жамиятнинг реал эҳтиёжлари, кайфияти ва муаммоларини ҳам таҳлил қиляпти. Умуман айтганда, парламентда рақамлашув, шаффофлик, очиқлик каби масалаларда ўзаро тажриба алмашинуви икки мамлакат парламентарийлари учун фойдали бўлди.