Ортга қайтиш Чоп этиш

Икки таянч, бир макон: Ўзбекистон ва Қозоғистон муносабатларининг янги босқичи

 

Марказий Осиёда сўнгги йилларда шаклланган янги сиёсий ва иқтисодий муҳитда Ўзбекистон ва Қозоғистон муносабатлари алоҳида ўрин тутади. Бу муносабатлар эндиликда оддий қўшничилик, маданий яқинлик ёки дипломатик баёнотлар доирасида эмас, балки чуқур иқтисодий манфаатлар, институционал интеграция ва стратегик ҳисоб-китоблар асосида ривожланмоқда. Бухорода бўлиб ўтган олий даражадаги учрашувлар бу жараённинг навбатдаги босқичини белгилаб берди: икки давлат раҳбарлари мулоқоти орқали нафақат ўзаро ишонч мустаҳкамланди, балки уни реал иқтисодий, технологик ва гуманитар лойиҳаларга айлантириш механизмлари ҳам янада аниқлаштирилди.

Бугунги воқеликни содда қилиб айтганда, муносабатлар “яқин қўшничилик”дан “ўзаро боғлиқ иқтисодий тизим”га айланмоқда. Бу трансформация тасодифий эмас. У бир неча йиллик изчил сиёсий ирода, ўзаро ишонч ва прагматик ёндашув натижасидир. Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Қасим-Жомарт Тоқаев ўртасида шаклланган мулоқот формати мунтазам, очиқ ва натижага йўналтирилган дипломатия айнан шу жараённинг асосий драйверларидан бирига айланди.

Бухородаги музокаралар рамзий жиҳатдан ҳам, амалий мазмун жиҳатидан ҳам алоҳида аҳамиятга эга бўлди. Ташрифнинг Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасига зиёрат билан бошланиши ва Бухоронинг тарихий обидалари — Арк, Пои Калон, Лаби Ҳовуз ансамбллари билан танишиш орқали давом этгани муносабатларнинг маънавий асоси қанчалик чуқур эканини кўрсатди. Бу ерда тарих фақат хотира эмас, балки сиёсий ишончнинг пойдевори сифатида намоён бўлди.

Иқтисодий ҳамкорлик динамикаси бу трансформацияни аниқ рақамлар орқали тасдиқлайди. 2016–2024 йилларда икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажми 1,9 миллиард доллардан 4,5 миллиард долларгача ўсди, яъни 2,3 баробарга ошди. Экспорт ҳажми ҳам 1,6 баробарга кўпайиб, 1,5 миллиард долларга етди. Қозоғистон Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмасида 6,6 фоиз улуш билан учинчи ўринни эгаллаб, Марказий Осиёда биринчи ўринни сақлаб қолмоқда. Бу эса икки мамлакат иқтисодиёти ўртасидаги ўзаро боғлиқлик даражаси юқори эканини кўрсатади.

2025 йил бошидан бери товар айирбошлаш 4 миллиард долларга етгани ва уни 10 миллиард долларгача ошириш вазифаси қўйилгани муносабатларнинг янги суръатини белгилаб бермоқда. Кун тартибидаги асосий вазифа саноат кооперациясини чуқурлаштириш ва юқори қўшилган қиймат занжирларини шакллантиришдир.

Айнан шу йўналишда амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар алоҳида аҳамиятга эга. Автомобилсозлик, электротехника, кимё саноати, қурилиш материаллари, геология ва энергетика соҳаларидаги ҳамкорлик муносабатларнинг янги сифат босқичига кўтарилаётганини кўрсатади. Бу ерда энг муҳим жиҳат икки давлатнинг бир-бирини бозор эмас, балки ишлаб чиқариш ҳамкори сифатида кўра бошлаганидир.

Транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорлик эса бу жараённинг стратегик асосини ташкил этади. Чегараолди инфратузилмани модернизация қилиш, тўсиқларни бартараф этиш ва янги транспорт йўлакларини шакллантириш бўйича келишувлар нафақат икки мамлакат, балки бутун минтақа учун катта аҳамиятга эга. Марказий Осиёда география устунлик бўлиши мумкин, аммо у фақат самарали инфратузилма ва мувофиқлашган сиёсат орқали иқтисодий афзалликка айланади.

Саноат кооперациясининг институционаллашуви ҳам алоҳида эътиборга молик. “Марказий Осиё” халқаро саноат кооперацияси маркази, “Silkway Central Asia” логистика маркази, “Тенге банк”нинг Тошкентдаги янги офиси каби лойиҳалар бу жараённинг амалий ифодасидир. Янги Тошкентда “Остона” мавзесининг қурилиши ва пойтахтларда “Тошкент” ва “Остона” меҳмонхона мажмуаларини барпо этиш ташаббуслари эса иқтисодий ҳамкорлик билан бирга шаҳарсозлик ва инвестициявий интеграциянинг ҳам чуқурлашаётганини кўрсатади.

Энергетика соҳасидаги ҳамкорлик стратегик аҳамият касб этади. “Қамбарота” ГЭСи қурилиши ва “яшил” энергия экспорти бўйича ташаббуслар Марказий Осиё энергетика балансини қайта шакллантиришга қаратилган. Шу билан бирга, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва экологик барқарорликни таъминлаш масалалари ҳам кун тартибидан ўрин олган. Бу эса иқтисодий манфаатлар билан экологик масъулият ўртасида мувозанат изланаётганини кўрсатади.

Рақамли иқтисодиёт ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорлик эса келажакнинг асосий драйверларидан бирига айланмоқда. Сунъий интеллект, электрон тижорат, стартаплар ва венчур инфратузилмаси бўйича ҳамкорлик ташаббуслари икки давлатнинг технологик ривожланишини тезлаштириши мумкин. Бухорода ўтказилган “AI Hackathon” ва унда намойиш этилган стартап лойиҳалар бу жараённинг амалий кўринишидир. Давлат раҳбарларининг ёшлар билан мулоқоти эса инновацион экотизимни ривожлантиришга сиёсий эътибор юқори эканини кўрсатди.

Гуманитар алоқалар ҳам бу муносабатларнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб қолмоқда. Туризм, таълим, маданият ва маънавий мерос соҳасидаги ҳамкорлик халқлар ўртасидаги ишончни кучайтиради. 2026 йилнинг дастлабки икки ойида Ўзбекистонга 386 мингдан ортиқ қозоғистонлик сайёҳ ташриф буюргани, ўзбекистонликларнинг Қозоғистонга сафарлари ҳам юқори даражада экани бу жараённинг кенгайиб бораётганини кўрсатади.

Миграция ва ижтимоий алоқалар динамикаси ҳам эътиборга молик. Қозоғистон фуқаролари Ўзбекистонга кўчиб келувчилар орасида иккинчи ўринни эгаллаши, тиббий хизматлардан фойдаланиш учун келаётганлар сонининг ортиши икки мамлакат ўртасидаги ижтимоий муҳитнинг ўзаро жозибадорлигини кўрсатади. Бу жараёнларни тўғри бошқариш орқали уларни иқтисодий ўсиш омилига айлантириш мумкин.

Қишлоқ хўжалиги ва истеъмол бозорида ҳам ўзаро боғлиқлик кучаймоқда. Биргина Ўзбекистондан Қозоғистонга газланган ичимликлар экспорти 26,8 миллион литрни ташкил этгани истеъмол бозорлари интеграциясининг амалий кўрсаткичидир. Бу каби рақамлар ортида логистика, бренд, маркетинг ва ишлаб чиқариш самарадорлиги каби омиллар турибди.

Қозоғистон иқтисодиётининг хомашёга ихтисослашгани ва ишлов бериш саноатининг улуши юқори экани, Ўзбекистоннинг эса диверсификацияга интилаётган иқтисодий модели икки давлат ўртасида ўзаро тўлдирувчи иқтисодий ҳамкорлик моделини шакллантиради. Биргаликда улар ресурслар, ишлаб чиқариш ва бозор имкониятларини бирлаштирган ҳолда минтақавий иқтисодий марказга айланиши мумкин.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, бугун Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги муносабатлар сифат жиҳатдан мутлақо янги босқичга кўтарилди. Мазкур босқичда сиёсий ирода, иқтисодий манфаатлар уйғунлиги ва гуманитар яқинлик ўзаро уйғунлашиб, институционал жиҳатдан пухта ўйланган интеграцион ҳамкорлик моделини шакллантирмоқда. Агар ушбу жараён изчиллик, аниқ ҳисоб-китоб ва самарали мувофиқлаштирув асосида давом эттирилса, яқин истиқболда Марказий Осиёда янги иқтисодий макон шаклланиши учун мустаҳкам замин яратилади. Бу маконнинг шаклланишида эса ўзаро тўлдирувчи салоҳиятга эга, бир-бирига таянган ҳолда барқарор ривожланишга интилаётган икки стратегик ҳамкор сифатида Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳал қилувчи ўрин эгаллайди.

 

Иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда тадқиқотлар бўлими бошлиғи


Айбек Қўшбақов