
“Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар замонавий глобал тенденциялар, ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар ва янги чақириқлар билан уйғун ҳолда такомиллаштирилди.
Шу мақсадда қабул қилинган Президент фармони асосида мамлакат тараққиётининг 2030 йилгача мўлжалланган устувор марралар белгиланди. Бундан кўзланган эзгу мақсад инсон капитали, таълим сифати ва ҳар бир шахснинг ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароит яратишга қаратилган.
Хусусан, мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш муҳим вазифалардан бири сифатида белгиланган. “Уч юлдузли ёндашув” методологияси асосида мактабгача таълим ташкилотларини сув, санитария ва гигиена (WASH) шароитлари билан таъминлаш даражасини 86 фоизга етказиш кўзда тутилган. Бу келажагимиз эгаларининг хавфсиз ва соғлом муҳитда таълим-тарбия олишини таъминлашга хизмат қилади. Замонавий ёндашув асосида боғча ёшиданоқ болалар учун шароит яратишда комплекс чоралар кўрилиши боланинг илк ёшдан соғлом ривожланиши, гигиена кўникмаларини шакллантириши ва таълим жараёнига самарали жалб этилиши учун муҳим омил ҳисобланади.
Бугун эгалланган билим эртага ўз аҳамиятини йўқотмоқда, чунки замон шиддат билан ривожланмоқда. Шу боис, таълим тизими бу жараёндан ортда қолмаслиги, педагоглар доимий равишда янги билим ва кўникмаларни ўзлаштириб бориши муҳим аҳамиятга эга. Фармонда таълим тизимида фаолият юритаётган ходимларнинг касбий салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мактабгача таълим ташкилотлари ва умумий ўрта таълим муассасаларида ишловчи 500 минг нафар ходимнинг малакасини узлуксиз ошириш режалаштирилганлиги ҳам бежиз эмас албатта. Зотан, малака оширишнинг узлуксизлиги таълим мазмунини янгилаб боришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Сир эмаски, инсон капитали ва маърифий жамиятни шакллантириш доимий ҳамкорликни, дунё илм-фани ютуқлари ва илғор таълим тажрибалари билан муштарак бўлишни тақозо этади. Шу боис, Фармон билан олий таълим соҳасида халқаро ҳамкорликни кучайтириш ва рақобатбардош таълим муҳитини шакллантириш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган. Жаҳоннинг нуфузли QS, THE ва ARWU рейтингларининг “Топ-100” талигига кирувчи 2 та хорижий университет филиалини очиш режалаштирилмоқда. Бу ташаббус мамлакатимиз олий таълим тизимини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш, илмий-тадқиқот салоҳиятини ошириш ҳамда замонавий билим ва кўникмаларга эга кадрлар тайёрлашга хизмат қилади. Натижада, олий таълим тизими жаҳон таълим маконининг ажралмас қисмига айланади.
Умуман олганда, мазкур чора-тадбирлар инсон капиталига сармоя киритиш орқали барқарор тараққиётни таъминлашга қаратилган. Таълим инфратузилмасини яхшилаш, педагоглар малакасини ошириш ва халқаро университетлар билан ҳамкорликни кенгайтириш мамлакатнинг интеллектуал ва инновацион салоҳиятини мустаҳкамлайди. Бу эса “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг асосий мақсади – ҳар бир инсон ўз имкониятларини тўлиқ рўёбга чиқара оладиган, билим ва тараққиёт устувор бўлган жамиятни шакллантиришга хизмат қилади.
Парламент тадқиқотлари институти таянч докторанти
МАХМАТҚУЛОВА САИДА ИЛХОМ ҚИЗИ