
Айни кунларда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясилойиҳаси кенг жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама қилинмоқда. Лойиҳада халқимизнинг орзу-умидлари ва интилишлари ўз аксини топган, десак айни ҳақиқатдир. Лойиҳада, шунингдек, мамлакатимиз тараққиётининг ўрта муддатга мўлжалланган устувор йўналишлари, мақсадлари ҳамда уларга эришиш бўйича самарадорлик кўрсаткичлари белгилаб берилмоқда.
Стратегик ислоҳотларни қатъий давом эттириш мақсадида Давлат раҳбари Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини янги чақириқлар ҳамда шиддат билан ўзгараётган умумжаҳон тенденциялари асосида такомиллаштириш муҳимлигини алоҳида таъкидлаган эдилар.
Айтиш керакки, Фармон лойиҳасида қонун устуворлигини таъминлаш ва халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этишни янги босқичга олиб чиқишга алоҳида эътибор қаратилган. Бунда Давлат раҳбарининг“халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган улуғвор ғояси амалда ўз аксини топмоқда.
Ўз навбатида, давлат хизматларини кўрсатиш соҳаси янги босқичга қадам қўймоқда. Жумладан, маҳаллаларда 100 дан ортиқ давлат хизматларини “бир қадам”да кўрсатиш йўлга қўйилади. Электрон шаклда кўрсатиладиган давлат хизматлари улуши 90 фоиздан оширилади ҳамда 100 дан ортиқ давлат хизматларини кўрсатиш муддатлари 50 фоизга қисқартирилади. Ушбу ислоҳотлар натижасида соҳа фуқаролар учун қулай халқчил тизимга айланади.
Ҳозирги вақтда сунъий интеллект ҳар қандай соҳанинг ривожланишида долзарб аҳамият касб этиб бормоқда. Шу боис, лойиҳада қонун ижодкорлиги жараёнларини 100 фоиз рақамлаштириш ва жараёнларга сунъий интеллект технологияларини қўллаш энг уствор вазифалардан бири этиб белгиланди. Дарҳақиқат, ушбу вазифаларни келгусида изчил амалга ошириш орқали миллий парламентимиз фаолиятида сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш бўйича дунёнинг энг илғор ва етакчи парламентлари қаторига олиб чиқилади.
Умуман олганда, ҳозир барчамиз учун “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳасининг муҳокамасида ўз фикр ва таклифларимиз билан фаол иштирок этишнинг айни вақтидир. Зеро, ушбу Фармон лойиҳаси мамлакатимиз барқарор тараққиётининг, шу жумладан ҳуқуқий модернизацияси йўналишларини белгилаб берувчи муҳим стратегик ҳужжат ҳисобланади.
Салимбой ҒАЙРАТОВ,
Парламент тадқиқотлари институти ходими