
Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати босқичма-босқич ва ўзаро мувофиқлашган йўналишда амалга оширилмоқда. Бу сиёсат Президент Шавкат Мирзиёев томонидан белгилаб берилган миллий манфаатлар, яқин қўшничилик, ишонч ва амалий ҳамкорликка таянган устувор йўналишларнинг изчил ифодасидир.
Давлатимиз раҳбарининг Брюссельга ташрифи Ўзбекистон ташқи сиёсатининг амалий ва стратегик йўналишини ёрқин намоён этди. Президентимиз Европа кенгаши Президенти Антониу Кошта ва Европа комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен билан ўтказган музокаралар икки томонлама муносабатлар янги босқичга кўтарилганини кўрсатди.
Ташриф доирасида имзоланган Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим икки томонлама муносабатларнинг ҳуқуқий асосини янгилади.
Натижада сиёсий мулоқот ва иқтисодий алоқаларнинг барча йўналишларида — савдо, инвестициялар, таълим, инновация, инсон ҳуқуқлари, атроф-муҳит муҳофазаси ва рақамли трансформация соҳаларидаги ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш учун мустаҳкам ҳуқуқий ва институционал асос яратилди.
Имзоланган келишувлар умумий қиймати 10 миллиард еврога тенг, амалга оширилаётган лойиҳалар портфели эса 40 миллиард евродан ошгани Ўзбекистоннинг Европа учун стратегик ва ишончли ҳамкор сифатидаги мавқеини мустаҳкамлайди.
Европа билан транспорт, энергетика, рақамли инфратузилма ва саноат занжирларини боғлаш ташаббуслари мамлакатимизга стратегик устунлик бермоқда. Бу жараён нафақат иқтисодий фойда, балки Ўзбекистоннинг сиёсий барқарор ва интеграцияга очиқ давлат сифатидаги нуфузини ҳам мустаҳкамлайди.
Шу билан бирга, Европа билан Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик музокараларининг якунланиши Ўзбекистоннинг халқаро иқтисодий тизимга тўлиқ интеграция йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Умуман олганда, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Брюссель ташрифи Ўзбекистон ташқи сиёсатининг амалий натижага йўналтирилганини, унинг асосий мақсади халқаро майдонда миллий манфаатларни ҳимоя қилиш ва фуқаролар фаровонлигини таъминлаш эканини яққол намоён этди.
Шодликбек КУРАНБАЕВ
Парламент тадқиқотлар институти бош илмий ходими