Ортга қайтиш Чоп этиш

Ўзбекистон Республикасида ахборот-кутубхона тармоғини ривожлантиришнинг долзарб масалалари

Замонавий дунёда ҳар бир жамиятнинг ривожланиш суръатлари, аввало, аҳолининг билим даражаси билан аниқланади. Ахборотга эга бўлган инсон – имкониятга эга инсон. Шу нуқтаи назардан, кутубхоналар нафақат китоб сақланадиган жой, балки миллатнинг маънавий ва илмий тараққиётини таъминлайдиган стратегик ахборот майдонига айланмоқда.

Шунинг учун ҳам сўнгги йилларда мамлакатимизда ахборот-кутубхона соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилди ва тизимли ислоҳотлар амалга оширилди.Жумладан, 2011 йилда қабул қилинган «Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисида»ги Қонун кутубхона соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солди ва мазкур фаолиятнинг ривожланишига хизмат қилди. Бунинг натижасида, ҳозирги кунда мамлакатимизда 14 999 та кутубхонафаолият кўрсатмоқда. Шулардан: 205 таси Миллий кутубхона ва унинг тасарруфидаги ахборот-кутубхона марказлари; 10 138 таси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ва унинг тасарруфидаги ташкилотларнинг мактаб кутубхоналари; 147 таси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ва тасарруфидаги ташкилотларнинг кутубхоналари; 4 509 таси вазирлик, қўмита ва идораларнинг кутубхоналари.

Бироқ, Парламент тадқиқотлари институти томонидан аҳолининг ахборот-кутубхона ресурсларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш масаласи юзасидан олиб борилган таҳлиллар шундан далолат берадики, ахборот-кутубхона фаолияти норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинган бўлса-да, амалда унинг самарали ишлашини кафолатловчи аниқ мезонлар мавжуд эмас.

Хусусан, кутубхоналар ва китоб фондининг аҳоли жон бошига тўғри келиши лозим бўлган миқдорий кўрсаткичлари, кутубхоналарнинг ҳудудий жойлашуви ва аҳолини ахборот-кутубхона хизматлари билан тўлақонли таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган бошқа нормативлар белгиланмаган.Ушбу меъёрларнинг йўқлиги баъзи муаммоларни келтириб чиқармоқда.Масалан, аҳолининг катта қисми умумий фойдаланишдаги ахборот-кутубхона муассасалари билан етарли даражада қамраб олинмаган. Мамлакатимизда жами 14 999 та кутубхона фаолият кўрсатаётган бўлса-да, уларнинг 14 794 таси умумфойдаланиш учун мўлжалланмаган. Бу ҳолат, айниқса, чекка ҳудудлар аҳолиси учун билим манбаларидан фойдаланиш имкониятини чеклаб қўймоқда.

Шунингдек, аксарият ахборот-кутубхона муассасаларининг бинолари ва моддий-техник таъминоти қониқарсиз ҳолатда. Миллий кутубхона тизимидаги 204 та ахборот-кутубхона марказининг атиги 16 фоизи янги қурилган, 19 фоизи реконструкция қилинган биноларда жойлашган бўлса, қолган 55 фоизи бошқа ташкилотлар балансдаги биноларда фаолият юритмоқда. Уларнинг 62 фоизи яроқли, 30 фоизи таъмирталаб, 8 фоизи эса яроқсиз ҳолатда эканлиги аниқланган. Бу эса нафақат фаолият самарадорлигига, балки кутубхона хизматларининг сифатига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.

Бундан ташқари, ахборот-кутубхона муассасалари фондларини тизимли равишда тўлдириш масаласи ҳам етарли даражада йўлга қўйилмаган.Мавжуд стандартларга кўра, ҳар бир кутубхона фонди ҳар йили камида 5 000 та янги адабиёт билан бойитилиши керак. Аммо амалда маҳаллий бюджетлардан бу йўналиш учун ажратилаётган маблағлар бор-йўғи 1 500 та китоб харид қилиш имконини беради. Натижада, кутубхоналардаги адабиётлар фонди янгиланиш суръати секинлашиб, аҳолига замонавий ва сифатли ахборот ресурсларини тақдим этиш имконияти чекланмоқда.

Соҳадаги яна бир жиддий муаммо – малакали кадрлар етишмовчилигидир. Миллий кутубхона тизимида 4 001,5 штат бирлиги тасдиқланган бўлиб, шундан 100,5 та лавозим вакант ҳисобланади. Ҳозирги фаолият юритаётган ходимларнинг атиги 9 фоизи кутубхона соҳасида олий маълумотга, 42 фоизи ўрта-махсус маълумотга эга, қолган 48 фоизи эса бошқа йўналиш мутахассисларидир.

Хорижий мамлакатлар қонунчилигини ўрганиш жараёнида кўпгина мамлакатларда кутубхона тармоқларининг ривожланишини белгиловчи турли меъёр ва стандартлар мавжудлиги аниқланди.

Масалан, Испания (Каталония автоном ҳамжамияти) ва АҚШ (Висконсин штати)да аҳоли сонига нисбатан китоб фонди ҳажмига оид талаблар белгиланган бўлса, Франция ва Қирғизистонда аҳоли сонига нисбатан кутубхоналар сонига доир меъёрлар мавжуд. Қозоғистонда белгиланган талаблар кутубхоналарга келиб тушадиган янги китоблар ҳажмига тааллуқлидир. Беларусда эса кутубхоналарнинг намунавий штатлари ва ходимлар сони меъёрлари белгиланган. Россияда қишлоқ жойлари учун юқорида келтирилган барча нормативлар мажмуи қўлланилади.

Канаданинг Онтарио провинциясида меъёрлар нафақат кутубхона фондининг ҳажмини, балки ёритилганлик даражаси каби техник кўрсаткичларни ҳам ўз ичига олади. Молдовада эса кутубхона фондларининг ҳолатини баҳолаш учун мунтазам равишда текширувлар ўтказилади. Бу текширишларнинг даврийлиги кутубхона фондининг ҳажмига боғлиқ.

Юқорида келтирилган муаммолар ва хорижий тажриба таҳлили ахборот-кутубхона тизимидаги ислоҳотларни чуқурлаштириш ҳамда соҳани стратегик асосда ривожлантириш зарурлигини англатади. Бунинг учун, аввало, соҳани тартибга солувчи меъёрий асослар ишлаб чиқилиши лозим, деб ҳисоблаймиз. Хусусан:

– кутубхоналар ва китоб фондининг аҳоли жон бошига тўғри келиши лозим бўлган миқдорий кўрсаткичларини белгилаш;

– кутубхоналарга янги китоблар келиб тушишининг ҳажми ва даврийлиги бўйича аниқ нормативлар жорий этиш;

– кутубхоналарнинг намунавий штатлари ва ходимлар сони нормативларини ишлаб чиқиш зарур.

Бундай ёндашув орқали мамлакатимизда ахборот-кутубхона тизимини замон талабларига мос равишда ривожлантириш, аҳолининг ахборот ва маънавий эҳтиёжларини тўлиқ қондиришга эришиш мумкин бўлади.