Ортга қайтиш Чоп этиш

Вакиллик органлари фаолиятини илмий, ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлашнинг Германия тажрибаси ўрганилди

 

2025 йил 15 октябрь куни Парламент тадқиқотлари институти томонидан Германиянинг Конрад Аденауэр жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида “Германияда маҳаллий вакиллик органлари фаолиятини илмий, ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш”мавзусида амалий семинар бўлиб ўтди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, сиёсий партия фракциялари вакиллари, Германиянинг Саксония федерал ўлкаси Лантаги аъзолари, Конрад Аденауэр жамғармаси вакиллари Парламент тадқиқотлари институти илмий ходимлари иштирок этди.

Семинар аввалида “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, Қонунчилик палатасининг таркибий тузилиши, Парламент тадқиқотлари институтининг фаолияти ҳақида батафсил маълумот берилди. 

Германиялик ҳамкорлар томонидан Ўзбекистон Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда барча соҳаларда олиб борилаётган тарихий ислоҳотлар ва уларнинг натижалари юқори баҳоланди. 

Тадбирда Ўзбекистонда вакиллик органлари фаолиятини илмий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлашнинг аҳамияти, долзарблиги ҳамда бу йўналишда Германия тажрибасининг ўрни ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Тадбир давомида Германия Федерал ўлкалари парламентлари депутатлари фаолиятини ташкил этиш, қонун ижодкорлиги ва парламент назорати юзасидан батафсил маълумотлар тақдим этилди.

Семинарда парламент фаолиятини рақамлаштириш, қонун ижодкорлигида сунъий интеллект ва замонавий рақамли технологиялардан фойдаланишнинг имкониятлари ҳақида фикр алмашилди.

Семинар якунида томонлар келгусида амалий ҳамкорликни кенгайтириш, тажриба алмашиш ва икки томонлама муносабатларни янги босқичга олиб чиқиш борасида келишиб олдилар.

Қизғин баҳс-мунозаралар майдонига айланган муҳокамаларда иштирокчилар томонидан аниқ таклиф ҳамда тавсиялар билдирилди.