
Ҳиндистон ҳукумати шу ҳафта парламентга баҳсли қонун лойиҳасини тақдим этди. Унда бош вазир, штат бош вазири ёки бошқа давлат ва штат вазирлари устидан жиноий тергов бошланган тақдирда – ҳатто суд ҳукми чиқмасидан олдин ҳам – уларни лавозимидан четлатиш имконияти назарда тутилган. Танқидчилар бу ташаббус мухолифат бошқараётган штат ҳукуматларини беқарорлаштириш учун қуролга айланиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.
Бош вазир Нарендра Модининг “Бҳаратия Жаната партияси” (БЖП) илгари сурган лойиҳага кўра, агар сайланган амалдор камида 5 йиллик жазо назарда тутилган айблов билан 30 кун узлуксиз қамоқда сақланса, у автоматик тарзда лавозимидан олинади.
Мухолифатнинг эътирозлари нимага асосланган?
Ал-жазира тайёрлаган таҳлилда қонун лойиҳаси тафсилотлари ёритилиб, мутахассисларнинг фикрлари жамланган.
Ички ишлар вазири, Модийнинг энг яқин сафдоши сифатида тилга олинадиган Амит Шаҳ парламентда ҳужжатни тақдим этаётган пайтда мухолифат вакиллари қонун лойиҳаси нусхаларини йиртиб, уни Шаҳ томон улоқтирди. Шундан сўнг парламент мажлиси тартибсизликлар сабаб тўхтатилди.
Ҳукумат эса бу чорани давлат амалдорлари орасидаги коррупцияни жиловлаш учун зарур, деб таъкидламоқда. Уларнинг фикрича, оғир жиноятларда айбланаётган шахслар мансабдорлик лавозимда қолмаслиги керак. Ўзгартиришга кўра, агар амалдор 30 кун қамоқда сақланса, лавозимидан автоматик равишда маҳрум бўлади. Шунингдек, қонун лойиҳасида агар шахс судда оқланса ёки гаров эвазига озод қилинса, ўз лавозимини қайта тиклаш имконига эга бўлиши ҳақида махсус банд мавжуд.
Мухолифат хавотирда
2024 йилги сайловларда БЖП мутлақ кўпчиликни йўқотиб, кичик иттифоқчиларига таянишга мажбур бўлгач, мухолифат янада дадил чиқиш қилмоқда. Улар қонун лойиҳасини “нодемократик”, мухолифатни сиқувга олишга қаратилган уриниш деб баҳолашди.
Мухолифат етакчиларининг айтишича, бу қонун суиистеъмол қилиниши мумкин. Марказий ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари мухолифат аъзоларини оғир жиноятда айблаб, уларни 30 кун қамоқда ушлаб туриши кифоя. Бунда судда айб исботланиши шарт эмас.
Мухолифатдаги “Конгресс” партияси депутати Маниш Тиварий “Бу қонун инсон айби исботланмагунча у айбсиз ҳисобланади, деган адолат тамойилига зид”, – дея баёнот берди.
Жанубий Ҳиндистондаги Ҳайдаробод шаҳридан депутат Асадуддин Овейси эса бу қонун мухолифат бошқараётган штат ҳукуматларини қулатиш учун ишлатилиши мумкинлигини таъкидлади.
Танқидчиларнинг фикрича, Ҳиндистон конституциясига кўра, ҳуқуқ-тартибот таъминлаш биринчи навбатда штат ҳукуматларининг вазифаси. Демак, бу қонунни штат етакчиларига нисбатан қўллаш федератив тамойилларни бузади ва фуқароларнинг ўз ҳукуматини танлаш ҳуқуқини поймол қилади.
БЖПнинг мухолифатни нишонга олиш сиёсати давом этяптими?
2014 йилда Моди ҳокимиятга келганидан буён мухолифат ҳукумати молиявий жиноятлар билан шуғулланувчи Бош прокуратура ва Ҳиндистоннинг бош тергов органи каби идораларни сиёсий рақибларни жазолаш учун ишлатаётганини даъво қилиб келади.
2023 йил март ойида мухолифат партиялари Олий судга мурожаат қилиб, “тергов идораларидан мунтазам равишда сиёсий мухолифатни издан чиқариш ва йўқ қилиш учун фойдаланилаётганини” қайд этишган эди.
Аризага кўра, 2014 йилдан бери Бош тергов органи ва Бош прокуратура терговларининг 95 фоизи мухолифат сиёсатчиларига қаратилган. Бу кўрсаткич “Конгресс” партияси давридагидан мос равишда 60 ва 54 фоизга кўпдир.
Амалдаги депутатларнинг 46 фоизи жиноий иш бўйича тергов остида, 31 фоизи эса қотиллик, қотилликка уриниш, одам ўғирлаш ёки аёлларга қарши жиноятлар каби оғир айбловларга дучор бўлган.
Шунингдек, БЖП ҳокимияти даврида камида 12 нафар мухолифат вазири 30 кундан ортиқ қамоқда сақлангани эслатилади. Улардан 9 нафари Деҳли ва Ғарбий Бенгал штатларидан эди.
Каттароқ муаммоларни ёпиш ҳаракати?
Сўнгги пайтда Моди ҳукумати сайлов рўйхатларига ўзгартиришлар киритилгани, овоз беришда қонунбузарликлар бўлгани ва ташқи сиёсатда муаммоларга дуч келгани учун танқид қилинмоқда. Жумладан, АҚШ президенти Доналд Трамп даврида Ҳиндистонга 50 фоизлик бож жорий қилингани бунга мисол. Мутахассислар фикрича, ушбу қонун лойиҳаси эътиборни бошқа муаммолардан чалғитиш воситаси бўлиши ҳам мумкин.
Экспертлардан Алинингфикрича “қонун қабул қилинмаса ҳам, у барибир мухолифатни мажбурлаб қарши овоз беришга олиб келади. Кейин эса БЖП сайлов кампаниясида буни уларга қарши қурол сифатида ишлатиши мумкин.”