Ортга қайтиш Чоп этиш

Парламент тадқиқотлари институти ҳамда ТИКА ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилмоқда

2025 йилнинг 14 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институтида Туркия ҳамкорлик ва тараққиёт агентлиги (ТИКА)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Тадбирда Парламент тадқиқотлари институти директори Акром Тошпулатов, институт ходимлари ва ТИКАнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Эсин Ажар Эргин хоним ҳамда мутахассис Азиза Хусанбоева иштирок этди.

Унда икки ташкилот ўртасидаги мавжуд алоқаларни янада ривожлантириш ва янги қўшма ташаббусларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбир аввалида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда Парламент тадқиқотлари институтининг фаолияти ҳақида батафсил маълумот бериб ўтилди.

Ўз навбатидаЕсин Ажар Эргинилиқ қабул учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистонда олиб борилаётган тарихий ислоҳотлар ва унинг натижаларини юқори баҳолади.

Институт ва ТИКА ўртасидаги ҳамкорлик 2018 йилда йўлга қўйилган бўлиб, шу вақт мобайнида қатор амалий ишлар амалга оширилган. 

Акром Тошпулатовнинг сўзларига кўра, ТИКА каби нуфузли халқаро ташкилот билан ҳамкорлик нафақат парламент фаолиятини илмий, ахборот-таҳлилий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга, балки Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги дўстлик ва стратегик ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Учрашув якунида томонлар янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, парламентаризм соҳасида илғор тажрибани ўрганиш ва икки давлат ўртасидаги илмий ҳамкорликни чуқурлаштиришга келишиб олдилар.