




Жорий йилнинг 30 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Парламент тадқиқотлари институти ҳамда Жанубий Корея Миллий Ассамблеяси Тадқиқот хизмати (NARS) ўртасида янгиланган ўзаро ҳамкорлик меморандумини имзолашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Парламент тадқиқотлари институти директори Акром Тошпулатов, институт ходимлари ва Корея Миллий Ассамблеяси Тадқиқот хизмати директори Ли Кван Ху бошчилигидаги Корея делегацияси ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасида кўп қиррали ва ўзаро манфаатли алоқаларни янада кенгайиб бормоқда. Парламент дипломатияси доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатлари янги босқичга кўтарилмоқда.
Учрашувда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, Қонунчилик палатасининг таркибий тузилиши, Парламент тадқиқотлари институтининг фаолияти ҳақида батафсил маълумот берилди.
Тадбирда Ли Кван Ху илиқ қабул учун миннатдорлик билдириб, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда барча соҳаларда олиб борилаётган тарихий ислоҳотлар ва унинг натижаларини юқори баҳолади. Ўз навбатида, жорий йил октябрь ойида Сеул шаҳрида бўлиб ўтадиган 14-Парламент тадқиқот хизматлари конференциясида иштирок этишга расман таклиф этди.
Тадбирнинг иккинчи қисмида ўзаро тажриба алмашиш ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Ҳужжат доирасида икки томонлама илмий-амалий конференциялар ўтказиш, қўшма тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш, парламент фаолиятини илмий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида тажриба алмашиш ва мутахассислар ўртасида мунтазам мулоқотни кучайтириш масалалари кўзда тутилган.
Айни пайтда, меморандумни ҳаётга изчил татбиқ этиш учун томонлар 2025-2027 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва тасдиқлашга келишиб олдилар.
Имзоланган меморандум, пировард натижада, ҳар икки давлат парламентлари ва депутатлари фаолиятини илмий, ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлашни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.