
Жорий йилнинг 5-9 апрель кунлари Тошкентда Парламентлараро Иттифоқ (ПАИ)нинг навбатдаги 150-ассамблеяси бўлиб ўтади. Тадбир Ўзбекистон Парламенти мезбонлигида ташкил этилади.
ПАИ 1889 йилда таъсис этилган бўлиб, кўп томонлама сиёсий ташкилот ҳисобланади. Бугунги кунда у 181 миллий парламент ва 15 минтақавий парламент ташкилотини бирлаштириб, глобал миқёсда тинчлик, демократия ва барқарор ривожланишни тарғиб қилмоқда.
Ассамблеянинг бош мавзуси “Ижтимоий ривожланиш ва адолат учун парламент ҳаракатлари” деб номланиб, қашшоқликни тугатиш, муносиб меҳнатни тарғиб қилиш ва ижтимоий инклюзияни кучайтириш масалаларини қамраб олади.
Тадбир доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев маъруза билан иштирок этади. Шу билан бирга, Аёл парламент аъзолари форуми ҳам ўзининг 40 йиллигини нишонлайди. Айтганча, бу сана айниқса муҳим, чунки ҳозирги кунда дунё бўйича парламентларда аёллар улуши атиги 27,2% даражасида тўхтаб қолган.
Қизиқ факт: ПАИга Белиз давлатининг қўшилиши билан аъзолар сони 182 тага етади. Бу эса ташкилотни янада глобаллаштиришга қўшилган муҳим қадам бўлади.
Диққатга сазовор яна бир жиҳат — ассамблея доирасида Фаластинда икки давлатли ечим бўйича муҳим резолюциялар қабул қилиниши кутилмоқда. Бундан ташқари, можароларнинг барқарор ривожланишга таъсири бўйича ҳам қарорлар муҳокама қилинади.
Тадбир давомида иқлим ўзгариши, парламент дипломатияси ва аёллар соғлигини муҳокама қиладиган қизиқарли семинарлар ўтказилади.
Шуниси эътиборлики, ассамблея давомида 2025 йилги Cremer-Passy мукофоти учун номзодларни қабул қилиш бошланади. Бу йилги мукофот гендер тенглигига катта ҳисса қўшган парламентчиларни тақдирлашга бағишланади.
Айтиб ўтиш жоизки, тадбир доирасида ПАИнинг қуйидаги тузилмалари бир қатор муҳим йиғилишларниўтказади:
· Тематик доимий қўмиталар;
· Ёш парламентчилар форуми;
· Парламент аъзоларининг инсон ҳуқуқлари қўмитаси;
· Яқин Шарқ масалалари қўмитаси;
· Украинадаги урушни тинч йўл билан ҳал этиш бўйича ишчи гуруҳ.