
Бундан буён, вазир ва ҳокимлар лавозимга қўйилишидан олдин, коррупцияни олдини олиш бўйича аниқ режасини Парламент ва маҳаллий кенгашлар олдида ҳимоя қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида юқори лавозимларга тайинланадиган раҳбарларни танлашни такомиллаштиришга доир муҳим ташаббусни илгари сурди. Эндиликда раҳбар кадрлардан фақат касбий малака эмас, балки фаолияти давомида коррупцияга қарши қандай чоралар кўришини ҳам аниқ-равшан баён этиш талаб қилинади.
Бу янги тартиб фуқароларнинг давлат ҳокимияти органларига бўлган ишончини мустаҳкамлашга, давлат бошқарувининг шаффофлигини оширишга хизмат қилади. Ҳар бир янги раҳбар ўз соҳаси ёки ҳудудидаги мавжуд коррупциоген омилларни аниқлаб, уларни бартараф этиш механизмларини халқ вакиллари олдида асослаб бериши керак бўлади.
Аниқ режа ва мажбуриятларнинг Парламент ёки маҳаллий Кенгашлар олдида ҳимоя қилиниши бу мажбуриятларнинг бажарилишини кузатиб бориш имконини ҳам беради. Халқ вакиллари номзодларга бевосита саволлар бериб, уларнинг коррупцияга қарши фаолиятини назорат қилиш механизмларини аниқлаштириш мумкин бўлади.
Таклиф этилаётган янги тизим давлат хизматига келаётган раҳбарларнинг масъулиятини оширишга, уларни аввалданоқ коррупциядан холи муҳит яратишга руҳий ва амалий жиҳатдан тайёрлашга, коррупцияга қарши курашда муросасиз позицияни шакллантиришга қаратилган.
Шу билан бирга, бу тажриба раҳбарлик лавозимларига номзодларни танлаш ва тайинлаш жараёнининг сифати ва самарадорлигини оширади, ноқонуний фаолиятга мойил шахсларни давлат хизматидан узоқлаштириш имконини беради.
Президент таъкидлаганидек, коррупцияга қарши курашиш – бу фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг иши эмас, балки ҳар бир раҳбар ўз соҳаси ёки ҳудудида, биринчи навбатда, ўзи намуна бўлиб, коррупцияга йўл очувчи омилларни бартараф этиши керак. Шундагина коррупциядан холи муҳит шакллантириш мумкин бўлади.Бу эса, пировард натижада, давлат хизматининг сифати ва халқ фаровонлигини оширишга, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлашга муҳим ҳисса қўшади.