
Маълумки, коррупция ҳар қандай жамиятнинг ривожига жиддий тўсиқ бўлиб, давлат бошқарувининг самарадорлигига, иқтисодий ўсишга ва ижтимоий адолатга салбий таъсир кўрсатади. Куни кеча, Президент Ш.Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган коррупцияга қарши курашиш бўйича Миллий кенгашнинг кенгайтирилган йиғилиши бу иллатга қарши курашни янги босқичга олиб чиқиш зарурлигини яна бир бор кўрсатди.
Давлат раҳбари ушбу йўналишдаги камчиликларни таҳлил қилар экан, биринчи навбатда коррупцияга қарши курашиш бўйича қонунчиликни такомиллаштириш, давлат бошқарувидаги шаффофликни ошириш ва жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муҳитни шакллантириш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берди.
Хусусан, коррупцияга қарши курашишда энг катта муаммолардан бири – унинг олдини олиш ва тизимли ечимларни жорий этиш масаласидир. Шу боис, давлат раҳбари жазолаш чораларини кучайтириш билан чекланиб қолмасдан, коррупцияга олиб келадиган сабабларни чуқур таҳлил қилиш ва уларни бартараф этиш бўйича аниқ механизмларни ишлаб чиқиш лозимлигини таъкидлади.
Бу борада, биринчи навбатда, қонунчиликни такомиллаштириш муҳим вазифа сифатида белгиланди. Ҳозирги кунда коррупцияга оид жиноятлар рўйхати қонунчиликда аниқ белгиланмаган, бу эса ҳуқуқни қўллаш амалиётида ноаниқликлар келтириб чиқаради. Шу боис, жиноий қонунчиликда аниқ коррупциявий жиноятлар таснифи шакллантирилиши, давлат хизматчилари ва тадбиркорлик субъектлари учун коррупция хавфларини камайтиришга қаратилган қоидалар киритилиши талаб этилмоқда.
Коррупциянинг олдини олишда давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш ва унинг очиқлиги ҳам муҳим ўрин тутади. Президент айрим давлат идораларида, айниқса, солиқ, қурилиш, давлат харидлари, нефть-газ ва энергетика соҳаларида коррупция хавфи юқори эканлигини таъкидлади. Шу сабабли, бу соҳаларда комплаенс-назорат механизмларини кенг жорий этиш, коррупцияга қарши ички мониторингни кучайтириш ва давлат харидларида очиқ электрон платформаларни ривожлантириш вазифаси қўйилди. Давлат хизматчилари учун манфаатлар тўқнашувини бартараф этиш тизимини ишлаб чиқиш, уларнинг даромад ва мол-мулкини декларация қилиш тизимини такомиллаштириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Кенгаш йиғилишида коррупцияга қарши курашишда жамиятнинг фаол иштирокини таъминлаш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди. Дарҳақиқат, коррупцияга қарши курашиш фақат ҳуқуқ-тартибот идораларининг вазифаси эмас, балки бутун жамиятнинг маънавий бурчидир. Шу боис, фуқаролик жамияти институтлари, журналистлар ва блогерларнинг коррупцияни фош этишдаги ўрнини ошириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш ва аҳолида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабат шакллантириш учун турли ташаббусларни амалга ошириш кераклиги таъкидланди. Бунда, коррупцияга оид фактларни ошкор қилишда журналистлар ва фуқароларга ҳуқуқий ҳимоя кафолатларини яратиш, коррупцияни фош қилган шахсларни ҳимоя қилиш ва уларни рағбатлантириш тизимини ишлаб чиқиш муҳим вазифалардан бири сифатида белгиланди.
Шунингдек, коррупцияга қарши маърифат ва тарғибот ишларини кучайтириш ҳам жуда катта аҳамиятга эга. Президент таълим тизимида ёш авлодни ҳалоллик ва адолатлилик руҳида тарбиялаш муҳимлигини қайд этиб, мактаб ва олий таълим муассасаларида коррупцияга қарши курашишга қаратилган махсус курсларни жорий этишни таклиф қилди. Олий таълим муассасаларида коррупция хавфларини камайтириш мақсадида шаффоф имтиҳон тизимларини кенг жорий этиш, таълим жараёнларини рақамлаштириш, университетларда коррупцияга қарши ички комплаенс-назорат тизимларини шакллантириш каби ташаббуслар муҳокама қилинди.
Яна бир муҳим масала – бу қонун ижодкорлиги жараёнида коррупцияга қарши кафолатларни мустаҳкамлашдир. Президент Қонунчилик палатаси ва Сенат олдига коррупцияни бартараф этиш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқиш вазифасини қўйди. Давлат раҳбарининг фикрича, коррупция хавфини камайтиришнинг энг самарали йўли – бу ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш, ҳар бир қонун ва қарорнинг коррупцияга нисбатан барқарорлигини таҳлил қилиш ва уни қабул қилишдан олдин жамоатчилик муҳокамасидан ўтказишдир. Шунингдек, давлат органлари фаолиятининг шаффофлигини ошириш мақсадида бюджет маблағларининг қандай сарфланаётганини мониторинг қилиш механизмини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Қисқа қилиб айтганда, коррупцияга қарши кураш – бу фақат давлат идораларининг вазифаси эмас, балки бутун жамиятнинг умумий мақсадига айланиши керак. Президент томонидан белгиланган чора-тадбирлар айнан шу мақсадга қаратилган бўлиб, уларни амалга оширишда давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, фуқаролик жамияти институтлари ва ҳар бир фуқаро ўз ҳиссасини қўшиши зарур. Кучли ҳуқуқий асос, давлат бошқарувидаги очиқлик ва жамоатчилик назорати тизимининг самарали ишлаши коррупцияга қарши курашнинг муваффақиятини белгилайди. Бу эса мамлакатда адолат ва қонун устуворлигига асосланган демократик жамиятни барпо этишда муҳим қадам бўлади.