Ортга қайтиш Чоп этиш

Виждон эркинлиги ва дунёвий давлат тамойилларини мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам

2025 йилнинг 31 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан илгари сурилган “Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси” мамлакатимиз ҳаётида муҳим аҳамият касб этадиган ҳужжат ҳисобланади. Концепция фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини таъминлашнинг муҳим кафолати бўлиб хизмат қилади.

Таъкидлаш жоизки, дунёвийлик ҳеч қачон динга қарши курашиш ёки диний қадриятларни инкор этишни англатмайди. Аксинча, дунёвий давлат барча фуқароларнинг виждон эркинлигини кафолатлайдиган, турли дин вакилларига тенг ҳуқуқ ва имкониятлар яратиб берадиган давлат тузумидир. Жамиятнинг ҳар бир аъзоси, унинг эътиқодидан қатъи назар, тенг ҳуқуқ ва имкониятларга эга бўлиши лозим.

Шунингдек, таклиф этилган концепция Ўзбекистон Республикаси Конституцияда белгиланган дунёвий давлат мақомини амалий жиҳатдан тўлиқ рўёбга чиқаришга қаратилган. Ҳужжат фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқини янада мустаҳкамлаш, конфессиялараро тотувликни таъминлаш, диний маърифатни ривожлантириш ва халқаро ҳамкорликни кучайтириш каби муҳим масалаларни қамраб олади.

Концепция диний соҳадаги давлат сиёсатининг аниқ мақсад ва вазифаларини белгилаб беради. Унда диний ташкилотлар фаолиятини тартибга солиш, диний таълим тизимини такомиллаштириш, зиёрат туризмини ривожлантириш каби долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратилган.

Эътиборлиси, сўнгги йилларда мамлакатимизда диний сиёсат тубдан янги тамойиллар асосида шаклланмоқда. Бу ёндашув фуқаролар учун кенг имкониятлар яратилиб, “Ҳаж” квотаси 3 баробар оширилди, “Умра” зиёратига қўйилган чекловлар бекор қилинди. Натижада қарийб 800 минг мусулмон Саудия Арабистонига ташриф буюрди. Шунингдек, 10 мингдан зиёд турли диний гуруҳ вакиллари (христианлар, яҳудийлар, бахоийлар, кришнавийлар, буддавийлар) Россия, Туркия, Италия, Арманистон, Исроил, Ҳиндистон, Корея, Грузия ва Грециядаги диний зиёратгоҳларга боришлари таъминланди.

Ҳужжатнинг энг муҳим жиҳатларидан бири – бу диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилганлигидир. Турли дин вакиллари ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва тотувлик муҳитини сақлаш, диний қадриятларни асраш ва ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш назарда тутилган. Бу эса мамлакатимизда тинчлик ва барқарорликни таъминлашнинг муҳим омили ҳисобланади.

Концепцияда диний маърифат масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Диний билимларни илмий асосда ўрганиш имкониятларини кенгайтириш, аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида диний экстремизмга қарши курашиш учун маърифий тадбирларни кучайтириш назарда тутилган. Бу орқали жамиятда соғлом диний муҳитни шакллантириш ва экстремистик ғояларнинг тарқалишига қарши курашиш имконияти яратилади.

Халқаро ҳамкорликни ривожлантириш масаласи ҳам концепциянинг муҳим қисмидир. Зиёрат туризмини ривожлантириш, халқаро диний ташкилотлар билан алоқаларни кенгайтириш ва диний соҳадаги илғор тажрибаларни ўрганиш орқали Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги мавқеини мустаҳкамлаш кўзда тутилган.

Қисқа қилиб айтганда, Концепциянинг қабул қилиниши Ўзбекистоннинг дунёвий давлат сифатидаги ривожини таъминлаш, фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва жамиятда диний бағрикенгликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу эса ўз навбатида мамлакатимизнинг демократик тараққиёт йўлидаги изчил ҳаракатининг яна бир ёрқин намунаси бўлади.


Ш.КУРАНБАЕВ

Парламент тадқиқотлари институти

бош илмий ходими