



Жорий йилнинг 5 декабрь куни Парламент тадқиқотлари институти ва Ўзбекистон Миллий университети билан биргаликда “Конституция – инсон фаровонлигини ва жамиятнинг барқарор ривожланишининг ҳуқуқий кафолати” мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Парламент тадқиқотлари институти ходимлари, сиёсий партия вакиллари, Ўзбекистон Миллий университети профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилар, талабалар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, Конституция – эркин ва фаровон ҳаёт гарови. Конституцияда белгиланган ҳар бир қоида давлатимиз раҳбарининг “Инсон қадри” деган улуғвор тамойили билан йўғрилган.
Энг аввало, янгиланган Конституция мамлакатимизда чинакам маънода “халқ – давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи” эканлиги ўзининг ҳаётий ифодасини топди. Конституцияда қонун ижодкорлиги фаолияти том маънода янги босқичга кўтарилди. Бош қомусимиз матнида “қонун” сўзи 200 маротабага яқин ишлатилганлиги ҳам ушбу фикрни тасдиқлайди.
Энг муҳими, шахс-жамият ва давлат манфаатлари ўртасидаги устуворлик узил-кесил аниқлаб берилди. Инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият эканлиги қатъий мустаҳкамланди. Жумладан, инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилиши белгиланди.
Қизғин баҳс мунозараларга бой ўтган илмий-амалий конференцияда олимлар, экспертлар, тадқиқотчилар томонидан ўз фикр-мулоҳаза ва муносабатлари билдирилди.