




Тошкент шаҳрида янги чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисни қонунга мувофиқ, Марказий сайлов комиссиясининг раиси З. Низамходжаев очиб берди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди ва нутқ сўзлади.
Йиғилишда Ҳукумат аъзолари, марказий идоралар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси янгради.
Қонунчилик палатаси биринчи мажлисининг Муваққат котибияти, Саноқ комиссияси ҳамда Овозларни ҳисоблаш электрон тизимидан фойдаланишни назорат қилувчи муваққат гуруҳ сайлаб олинганидан сўнг, депутатлар кун тартибини тасдиқладилар.
Марказий сайлов комиссияси раиси З. Низамходжаев Қонунчилик палатасига бўлиб ўтган сайлов якунлари тўғрисида ахборот берди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда бўлиб ўтган парламент сайлови Ўзбекистон тарихида илк бор янги таҳрирдаги Конституция ва миллий сайлов қонунчилигига биноан, аралаш — мажоритар ва пропорционал сайлов тизими асосида ўтказилди. Мазкур тизимнинг жорий этилиши сиёсий партиялар ўртасидаги рақобатни кучайтириб, жамиятимиздаги демократик муҳитга янги қувват бағишлади. Сайлов натижаларига кўра, парламент қуйи палатасига бир мандатли сайлов округларидан сайланган 75 нафар ҳамда ягона сайлов округидан партия рўйхати асосида сайланган 75 нафар депутатлар рўйхатга олинди.
Мажлисда, шунингдек, сайлов қонунчилиги илғор демократик стандартларга мос равишда тубдан такомиллаштирилгани қайд этилди. Хусусан, сайлов органларининг Марказий сайлов комиссияси бошчилигидаги янги тизими жорий этилди, сиёсий партиялар томонидан депутатликка номзодларни кўрсатишда аёлларнинг улуши камида 40 фоиз бўлиши белгиланди. Бундан ташқари, депутатликка номзод сайланиши учун сайловчиларнинг нисбий кўпчилиги овозини олиши белгиланди.
Янги таҳрирдаги Конституция билан Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари амалдаги 5 тадан 12 тага, Сенатда эса, 14 тадан 18 тага кўпайтирилди. Парламентнинг ижро этувчи, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва махсус хизматлар фаолияти устидан назорат функциялари кенгайтирилди. Ҳокимларнинг халқ депутатлари Кенгашларига раҳбарлик қилиши бекор қилинди.
Жорий йилнинг 27 октябрь куни бўлиб ўтган сайловлар демократик ҳуқуқий давлат қуриш ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш, аҳолимизнинг ҳаёт ва турмуш даражасини янада юксалтириш, олдимизга қўйилган мақсадларга эришиш йўлида халқимизнинг ўзаро ҳамжиҳатликда ҳаракат қилаётганини яна бир бор намойиш этгани алоҳида таъкидланди.
“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, қуйи палата аъзолари Қонунчилик палатаси Спикери лавозимига номзод кўрсатиш учун Сиёсий партиялар вакиллари кенгашини туздилар.
Қисқа танаффусдан сўнг, Сиёсий партиялар вакиллари кенгашининг таклифига биноан, депутатлар яширин овоз бериш йўли билан ЎзХДП фракцияси аъзоси Нуриддин Исмоиловни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери этиб сайладилар.
Шундан сўнг, мажлисга раислик қилиш ваколати Регламентга асосан Қонунчилик палатасининг янги сайланган Спикерига ўтди.
Регламентга мувофиқ, Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарлари Сиёсий партиялар вакиллари кенгашининг тавсиясига асосан Қонунчилик палатаси томонидан сайланади. Яъни Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосарлари сони, қоида тариқасида, 2 нафардан ошмаслиги кераклиги белгиланган.
Шундан келиб чиқиб, депутатлар Мавлуда Хўжаева, Раҳимжон Ҳакимов Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарлари этиб сайланди.
Мажлисда бешта сиёсий партиянинг фракциялари рўйхатга олинди, уларнинг келишилган таклифларига мувофиқ Қонунчилик палатаси қўмиталари тузилди.
Депутатлар парламент қуйи палатаси қўмиталарининг раисларини ҳам сайлаб олдилар. Унга кўра:
Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси — Равшан Маъмутов;
Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси — Шарофиддин Назаров;
Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитаси — Гулруҳ Агзамова;
Инновацион ривожланиш ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси — Илҳом Абдуллаев;
Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси — Жаҳонгир Ширинов;
Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитаси — Бобур Бекмуродов;
Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси — Нодир Жумаев;
Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси — Улуғбек Шерматов;
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси — Хайрулло Ғаффоров қўмита раислари этиб сайландилар.
Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг биринчи мажлиси ўз ишини якунлади.