Қонун ижодкорлиги — жуда мураккаб жараён. Баъзида қонун ижодкорлиги фаолиятида у ёки бу қоидани қонунда тўғридан-тўғри ёзиш ёки бундай қоидани бошқа қонунчилик ҳужжатига ҳавола этиш амалга оширилади. Улар ҳаволаки норма дейилади.
Ҳаволаки нормалар бир неча кўринишда бўлади. Хусусан, ишлаб чиқиши керак бўлган субъектни аниқ кўрсатиб, масалан “...тартиб Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади” тарзида ёки субъектини аниқ кўрсатмасдан, масалан “қонунчиликда белгиланган тартибда...” тарзида кўрсатилади.
Ҳаволаки нормаларнинг хавфли тарафи шундаки, бунда қонун ижодкори у ёки бу масалани тартибга солишни бошқа мансабдор шахснинг ихтиёрида қолдиради. Шу боис, миллий парламент сўнгги йилларда тўғридан-тўғри ишлайдиган қонунлар қабул қилинишига алоҳида эътибор қаратяпти. Масалан, Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси ва бошқалар шулар жумласидандир.
Лекин, барибир ҳаволаки нормалардан тўлиқ воз кечиб бўлмайди. Масалан, айрим ҳолларда узун рўйхатлар, схемалар, суратлар ва бошқа шунга ўхшаш кўргазмали тартибга солиш ишларини бошқа ҳужжатга ҳавола этиш мумкин.
Масалан, асосий дори воситалари рўйхатини қонуннинг ўзида белгилаб бўлмайди. Биринчидан, у жуда узун, иккинчидан бу рўйхат тез-тез янгиланиб туриши керак. Шу боис, ҳаволаки нормалар ҳам баъзида керак. Фақат унинг фарқига боришимиз даркор. Яъни қонун даражасида белгиланиши керак бўлган қоидаларни қонуности ҳужжатига ҳавола этмаслик лозим. Бироқ, яна бошқа муаммо мавжуд. Биз керак деб ҳисоблайдиган ҳаволаки нормалар ўз вақтида реализация қилинадими? Тасаввур қилинг, қонун кучга кирди, лекин унинг ичидаги битта қоида ҳанузгача механизмига эга эмас. Чунки у ҳаволаки бўлиб, амалда ишлаб чиқилмасдан қолган. Натижада, қонун “жонсиз” бўлади, ишламай туради.
Парламент назоратининг алоҳида шакли сифатида Қонунчилик палатасидаги қўмиталар қонунлар ижросини таъминлаш учун қонун ости ҳужжатларининг ўз вақтида қабул қилиниши устидан доимий мониторинг олиб боради. Мониторинг натижаси бўйича соҳада қатор муаммолар кўтарилади.
Яқинда Президентимиз томонидан имзоланган “Қонунларнинг ижтимоий муносабатларни тартибга солишдаги ролини ҳамда норма ижодкорлиги жараёни сифатини янада ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор билан соҳадаги қатор масалалар ўз ечимини топди.
Биринчидан, 40 дан ортиқ хаволаки нормани амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланиб, унда аниқ ижрочилар, аниқ муддатлар белгиланди.
Иккинчидан, жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб, агар қонун лойиҳасида ҳаволаки норма бўлса, ўша қонуннинг ўзида уни амалга ошириш аниқ муддати ва масъул белгиланади. Яъни энди шунчаки “қонунчиликда белгиланган тартибда” деб ёзиш билан чекланиб бўлмайди. Ўша қонуннинг ўзида “фалон ташкилот ушбу тартибни фалон вақтга қадар ишлаб чиқсин” деган қоида ёзилади.
Учинчидан, муайян қоидаларни конуности хужжатидан қонун даражасига кўтариш имкониятини муҳокама қилиниши шартлиги белгиланиб, унинг натижалари қонун лойиҳасининг тушунтириш хатида акс эттирилади.
Тўртинчидан, норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқишда жамоатчиликнинг кенг иштирокини таъминлаш ҳамда ҳужжатнинг халқчил бўлиши учун, эътибор беринг эндиликда муҳим иқтисодий-ижтимоий, сиёсий аҳамиятга эга бўлган ҳужжат лойиҳаси фақатгина ишлаб чиқилгандан кейин эмас, балки ишлаб чиқилишидан олдин жамоатчилик муҳокамасига қўйилади. Бу худди янги таҳрирдаги Конституциямиз лойиҳаси қандай ишлаб чиқилган бўлса (эсингизда бўлса, лойиҳани тайёрлашдан олдин халқнинг фикри олинган эди, ундан сўнг лойиҳа умумхалқ муҳокамасига куйилган эди), худди шу тартибни бошқа қонунчилик ҳужжатларини ишлаб чиқишда ҳам қўллаш таклиф этилмоқда.
Умуман олганда ушбу қарор қонун ижодкорлиги жараёнини такомиллаштиришга, қонунларнинг сифатини оширишга, бу жараёнда жамоатчиликнинг иштирокини кенгайтиришга ва шу орқали қонунларда кўпроқ халқ манфаати акс эттирилишини таъминлашга хизмат қилади.
Жаҳонгир ШИРИНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Коррупцияга қарши курашиш ва суд ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси