Бугунги глобал ривожланиш ва иқлим ўзгаришлари даврида дунё миқёсида биологик хилма-хиллик, яъни ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, табиий ландшафтлар жадал суръатларда қисқаряпти. Боз устига, камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳайвон турлари нобуд бўлиб, генофонди йўқолиб бормоқда.
Бу – нафақат бугунимиз, балки инсоният келажаги учун ҳам жуда ёмон ҳолат. Боиси, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси бойликлари инсон ҳаётининг асосидир. Шунинг учун ҳам генетик ресурслар, турлар ва экотизимларни муҳофаза қилиш ва сақлаш биологик ресурслардан барқарор фойдаланишни таъминлаш учун шошилинч ва ҳал қилувчи ҳаракатларни талаб қилади.
Шу боис, мамлакатимизда соҳанинг ташкилий-ҳуқуқий асослари, молиявий манбалари яратилди. Соҳага оид кўплаб қонун ва қонуности ҳужжатлар қабул қилиниб, ўсимлик, ҳайвонот дунёси, ўрмон ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар соҳаларидаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солувчи амалдаги қонунлар янги таҳрирда қабул қилинди.
Мамлакатда 2030 йилгача атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда 10 йилга мўлжалланган биологик хилма-хилликни сақлаш стратегиялари самарали амалга оширилмоқда. Биологик хилма-хилликни сақлаб қолиш айнан муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда тўлақонли амалга оширилишини ҳисобга олган ҳолда, бугун улар майдони мамлакат умумий майдонининг 14 фоизига етказилди. Ваҳоланки, ушбу кўрсаткич 5 йил олдин 5,2 фоизни ташкил этарди.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон халқаро ҳуқуқнинг тенг иштирокчиси сифатида биологик хилма-хилликни асраш йўналишида бир қатор халқаро ҳужжатларни ратификация қилган. “Биологик хилма-хиллик тўғрисида”ги, “Йўқ бўлиб кетиш хавфи остидаги ёввойи фауна ва флора турлари билан халқаро савдо қилиш тўғрисида”ги, “Сувда сузувчи қушларнинг асосий яшаш манзили бўлган халқаро аҳамиятга эга сувли-ботқоқ ерлар тўғрисида”ги конвенциялар шулар жумласидан.
Кўҳна ва навқирон Самарқанд шаҳрида шу йил 12-17 февраль кунлари бўлиб ўтган БМТнинг Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаб қолишга доир конвенцияси Томонлар конференциясининг 14-йиғилиши кўчиб юрадиган ёввойи ҳайвонларни сақлаш бўйича халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва самарадорлигини оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаб қолишга доир конвенция БМТнинг Атроф муҳит бўйича дастури доирасида тузилган халқаро ҳужжат бўлиб, ёввойи табиат ва ҳайвонларнинг яшаш жойларини глобал миқёсда муҳофаза қилишга қаратилган. Конвенция кўчиб юрувчи ҳайвонлар ўтадиган оралиқ давлатларни бирлаштиради ва миграция оралиғида халқаро миқёсда келишилган табиатни муҳофаза қилиш чоралари учун ҳуқуқий асос яратади.
1979 йилда Боннда (Германия) имзоланган ва 1983 йилда кучга кирган мазкур конвенцияга бугунги кунда 133 мамлакат аъзо. Ўзбекистон 1998 йилдан ушбу халқаро ҳужжатнинг тенг ҳуқуқли аъзоси ҳисобланади.
CОП14 — бу Конвенциянинг юқори даражадаги халқаро конференцияси бўлиб, унда турли мамлакатлар ҳукуматлари, олимлар ва манфаатдор томонлар кўчиб юрувчи турлар ва уларнинг яшаш жойларини сақлаш стратегиясини келишиб олиш учун бирлашади.
БМТнинг ушбу нуфузли тадбири МДҲ давлатларида ўтказилмаган ва унинг Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда ўтказилиши тарихий аҳамиятга эга.
CОП14 логотипида Марказий Осиё ёдгорликларининг машҳур зангори плиталарини эслатувчи нақш билан безатилган қанотли қор қоплони тасвирлангани барчамизга фахр ва ғурур бахш этади. Тадбир логотипи кўчиб юрувчи турлар сиёсий чегараларга бўйсунмаслигини ва уларнинг омон қолиши халқаро ҳамкорлик ва трансчегаравий ҳаракатларга боғлиқлигини эслатади.
Ушбу нуфузли тадбирнинг айнан Самарқанд шаҳрида ўтказилишида ҳам рамзий маъно бор. Чунки Самарқанд – ер юзининг сайқали, Шарқ гавҳари, алломаларга бешик бўлган замин. Бу азим шаҳар минг йиллар давомида Шарқ ва Ғарбни туташтириб, жаҳон цивилизацияларини бир-бирига яқинлаштириб, дунё маданиятларини бойитиб келган.
Шунингдек, жаҳон цивилизацияси бешикларидан бири, бебаҳо меъморчилик дурдонаси ҳисобланган кўҳна ушбу қадимий ва бетакрор шаҳар қатор долзарб муаммолар бўйича мулоқотларнинг глобал марказига айланиб бормоқда.
Самарқанд халқаро учрашувида миграцион ҳайвон турларининг яшаш жойларини сақлаш ва тиклаш масалалари, шунингдек, ҳаддан ташқари эксплуатация, яшаш жойларининг йўқолиши, ифлосланиши ва иқлим ўзгаришларининг турларга таҳдидлари муҳокама қилинди.
Ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турлари сайёрамиз экотизимларининг ажралмас қисми ҳисобланади. Афсуски, ҳозирги кунда улар иқлим ўзгариши, яшаш жойларининг яроқсиз ҳолга келиши, ноқонуний ов ва савдо каби жиддий таҳдидлар билан тўқнаш келмоқда. Натижада ҳайвонларнинг генетик ресурслари қисқармоқда, уларнинг нодир ва ноёб турлари, табиий уйғунлик ва экотизимлар йўқолиб боряпти.
Тадқиқотларга кўра, Ер юзидан сўнгги 50 йилда уларнинг 100 дан ортиқ турлари, Марказий Осиёда эса 26 турдаги қушлар, 12 турдаги сут эмизувчилар, жумладан, Турон йўлбарси, Осиё қоплони ва бошқа эндемик турлар бутунлай йўқ бўлиб кетди.
Бунга эса жимгина қараб туриб бўлмайди. Хўш, бу борада нима қилмоқ керак? Бунинг учун, энг аввало, биохилма-хилликни келажак авлодлар ва барқарор ривожланиш учун сақлаш, инсон ҳаётининг табиат билан уйғунлигини таъминлаш лозим бўлади. Буни ёлғиз бир мамлакатнинг ўзи ҳал қилиши қийин, албатта. Шундай экан, ушбу масалага бутун халқаро ҳамжамият саъй-ҳаракатларини бирлаштириш айни муддаодир.
Шу жиҳатдан, юртимизда кўчиб юрувчи ёввойи ҳайвонлар турларини сақлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Энг аввало, соҳанинг ҳуқуқий базаси такомиллаштирилиб, янги қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинди. Давлат бошқарув органлари, бизнес ва фуқаролик жамиятларининг ижтимоий масъулиятини оширишни қамраб олган институционал тизим мустаҳкамланмоқда.
Бу жараёнда ёввойи ҳайвонларни парвариш қилиш учун янги питомниклар ташкил этилгани ҳам ўз самарасини бераётир. Шунингдек, ноёб қуш турлари ва сут эмизувчиларни ўз яшаш маконларида кўпайишини қайта тиклаш бўйича дастурлар амалга оширилмоқда. Айниқса, Орол денгизининг қуриган тубида 2 миллион гектар майдонда ўрмонлар яратилаётгани ўсимликлар хилма-хиллигини ва ҳайвонот дунёсини қайта тиклаш имконини беряпти.
Табиат чегара билмайди. Айниқса, кўчиб юрувчи ёввойи ҳайвонлар турлари учун сиёсий чегаралар бегона. Демак, уларни асраб-авайлаш, бу турдаги ҳайвонларнинг омон қолиши, биологик хилма-хилликни сақлашда халқаро ҳамкорлик ва трансчегаравий саъй-ҳаракатлар муҳим аҳамиятга эга.
Ишончим комилки, мамлакатимизда биологик хилма-хилликни асрашга қаратилган эзгу амаллар, хусусан бундай нуфузли анжуманлар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик барқарорликни мустаҳкамлаш, жамиятда соғлом турмуш тарзини чуқур қарор топтириш, энг муҳими, Самарқанднинг экологик дипломатиянинг таъсирли марказларидан бири сифатида мақомини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ислом ХУШВАҚТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати