
Янгиланган Конституцияда “аввал инсон, кейин жамият ва давлат” ғояси тўлиқ ўз аксини топди десак, тўғри бўлади. Зеро, инсон қадри улуғланган жойда юксалиш, тараққиёт бўлади.
Биргина мисол. Илгари қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига, содда қилиб айтганда, қонун лойиҳасини парламентга киритишга фақатгина давлат органлари ваколатли эди. Фуқароларда бундай ҳуқуқнинг мавжуд эмаслиги маълум маънода, улар ташаббускорлигига таъсир кўрсатар эди.
Таъкидлаш жоизки, ўзимнинг меҳнат фаолиятим давомида кўплаб хорижий мамлакатлар қонунчилигини ўрганишга тўғри келган. Эътиборлиси, Италия, Австрия, Испания, Швейцария, Грузия каби давлатларда фуқаролар қонунчилик тартибида ўз таклифларини парламентга киритиш имкони мавжудлигини кўриб ҳайратга тушганман. Юртимизда ҳам бундай тартибни жорий этиш, ушалмас орзудек кўринар эди.
Ўтган йилнинг 30 апрель куни янги таҳрирда қабул қилинган Конституциямизда эндиликда юртимиз фуқаролари ҳам парламентга қонунчилик таклифларини илгари суриш имкони вужудга келди. Ўтган бир йил давомида кўплаб қонунлар мазкур конституциявий нормага мувофиқлаштирилди.
Эътиборлиси шундаки, янгича тартиб оддий фуқароларнинг манфаатларини қонунларда акс эттирибгина қолмай, қонун ижодкорлиги жараёнининг демократик тус олганлигидан далолат беради. Энг муҳими, фуқаролар муайян масалада қонун чиқарувчи учун инновацион ечимларни тақдим этишга замин яратади.
Парламент тадқиқотлари институти
бош илмий ходими
Жавоҳир САФАЕВ