Ортга қайтиш Чоп этиш

Латвияда болалар оромгоҳлари раҳбарлари ва ходимларига қўшимча талабларни белгилаш таклиф қилинмоқда

Сеймнинг Таълим, маданият ва фан комиссияси депутатлари жорий йилнинг 30 апрель куни “Таълим тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиришларни қўллаб-қувватлади.

Унга кўра, оромгоҳлардаги болалар ва уларнинг ота-оналари ўзларини хавфсиз ҳис қилишлари учун болалар оромгоҳлари раҳбарлари ва ходимларига қўшимча талаблар белгиланиши мумкин.

Депутатлар болалар лагерларида содир бўлган зўравонлик ва жинсий эркинликка қарши жиноятлар билан боғлиқ сўнгги воқеаларга жавобан тузатишларни илгари сурмоқда. Ўзгартиришлар болалар оромгоҳлари раҳбарларининг хавфсизлик қоидаларига риоя қилиши, ходимлар ва болалар ўртасидаги муносабатларда ҳар қандай зўравонлик хавфининг олдини олиш бўйича компетенция ва масъулиятни кучайтириши таъкидланди.

Айни пайтда ҳукуматга болалар оромгоҳларини ташкил этиш ва улардан фойдаланиш қоидаларини тартибга солиш ваколати берилган, бироқ депутатлар томонидан таклиф этилаётган тузатишларда ваколатлар кенгайтирилган.

Шундай қилиб, ҳукумат оромгоҳ раҳбарлари ва ишчиларига, шунингдек, раҳбарларнинг касбий малакасини оширишга доир талабларни белгилайди. Шунингдек, ҳукумат болалар оромгоҳи раҳбарига лицензия бериш, рўйхатга олиш, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки бекор қилиш тартибини белгилаши лозимлиги қайд этилди.

Лойиҳага кўра, оромгоҳ раҳбарининг қоидабузарлиги юзасидан тергов бошланганда ёки у аниқланган тақдирда, оромгоҳ раҳбари бошқа лагерни бошқариш ҳуқуқини йўқотади.