Ортга қайтиш Чоп этиш

Хорижий онлайн бронлаш платформалари фаолиятини тартибга солишга қаратилган қонун лойиҳаси маъқулланди

 

Туркия Буюк Миллат Мажлисининг Қурилиш, шаҳарсозлик, транспорт ва туризм комиссияси хорижий онлайн бронлаш платформалари фаолиятини тартибга солишга қаратилган қонун лойиҳасини маъқуллади.

Адолат ва тараққиёт партияси депутатлари томонидан киритилган қонун лойиҳасида хорижий платформаларнинг Туркияда фаолият юритиши учун Маданият ва туризм вазирлигидан икки йил муддатга рухсатнома олиш, бунинг учун 5 миллион турк лирасини (101 700 АҚШ доллари) тўлаш ҳамда мамлакат ҳудудида ваколатли вакил тайинлаш назарда тутилган.

Шунингдек, платформалар томонидан Туркия туризмни тарғиб қилиш ва ривожлантириш агентлигига рақамли хизматлар солиғи базасининг 0,075 фоизи миқдорида бадал тўлаш белгиланмоқда.

Қонун лойиҳасида мамлакат ҳудудида амалга ошириладиган савдо операциялари бўйича платформалар оладиган комиссия ва бошқа тўловларни 17 фоиздан оширмаслик, меҳмонхоналарнинг бошқа савдо каналларидан фойдаланишини чеклашни тақиқлаш ҳамда белгиланган талабларни бузганлик учун маъмурий жавобгарлик чораларини жорий этиш таклиф қилинмоқда.

Қонун лойиҳаси парламентнинг тегишли комиссияси томонидан маъқулланган бўлиб, ҳозирча қонун сифатида қабул қилинмаган.




Ўзбекистонда туризм соҳасининг жадал ривожланиши хорижий онлайн бронлаш платформаларининг миллий туристик хизматлар бозоридаги фаолиятини чуқурроқ ўрганишни тақозо этмоқда. Хусусан, ушбу платформаларнинг Ўзбекистондаги меҳмонхоналар ва бошқа туристик хизматларни бронлашдан оладиган комиссия даромадлари, уларнинг солиққа тортилиши амалиёти ҳамда маҳаллий хизмат кўрсатувчилар билан муносабатларини таҳлил қилиш муҳим аҳамиятга эга.

Шу нуқтаи назардан, миллий қонунчиликдаги мавжуд механизмларни ҳисобга олган ҳолда, Туркиянинг хорижий платформалар фаолиятига махсус талаблар белгилаш, комиссия тўловларини чеклаш ва туризмни ривожлантириш учун қўшимча маблағлар жалб этишга қаратилган тажрибасини қиёсий-ҳуқуқий жиҳатдан ўрганиш мақсадга мувофиқ.


 

Туркия Қизил Ярим ой жамиятининг фаолияти алоҳида қонун билан тартибга солиниши мумкин


Туркия Буюк Миллат Мажлиси 28-чақириқнинг бешинчи қонунчилик йилида ўз ишини бошлади. 6 октябрда эълон қилинган парламент кун тартибига кўра, “Туркия Қизил Ярим ой жамияти тўғрисида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилиш режалаштирилган.

Тўққиз моддадан иборат қонун лойиҳасида 1868 йилдан буён фаолият юритаётган жамиятнинг вазифалари, ваколатлари, молиявий ҳуқуқлари ва имтиёзларини илк бор алоҳида қонун билан белгилаш таклиф этилмоқда. Бундан мақсад жамиятнинг инсонпарварлик фаолияти самарадорлигини ошириш ҳисобланади.

Лойиҳага кўра, Халқаро Қизил Хоч қўмитаси, Қизил Хоч ва Қизил Ярим ой жамиятлари халқаро федерацияси ҳамда хорижий миллий жамиятлардан Туркияга келадиган пул ва моддий ёрдамни қабул қилиш ва ундан фойдаланиш бўйича Туркия Қизил Ярим ой жамиятини ягона ваколатли ташкилот этиб белгилаш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, фавқулодда вазиятларда стратегик аҳамиятга эга товар ва хизматларни жамиятга қарашли ташкилотлардан тендер ўтказмасдан харид қилиш, офат ва қуролли тўқнашув ҳудудларида фаолият юритаётган ходимларга пул компенсацияси тўлаш, жамият номи ва тимсолини ҳимоя қилиш ҳамда айрим солиқ ва божхона имтиёзларини белгилаш таклиф этилмоқда.

 

Ўзбекистон учун долзарблиги



Ўзбекистонда Қизил Ярим ой жамияти фаолиятининг ҳуқуқий асослари Президентнинг 1992 йил 28 майдаги ПФ–411-сон Фармонида белгиланган. Шунингдек, 2004 йилда “Қизил ярим ой ва қизил хоч тимсолларидан фойдаланиш ҳамда уларни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган бўлиб, у тимсоллар ва номлардан фойдаланиш ҳамда уларни ҳимоя қилишга оид муносабатларни тартибга солади

Марказий Осиёнинг Туркманистон, Қирғизистон ва Тожикистон каби давлатларида эса Қизил Ярим ой жамиятларининг ҳуқуқий мақоми ва фаолияти алоҳида қонунлар билан тартибга солинади. Қозоғистонда ҳам ушбу масалага оид қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган.

Халқаро беқарорлик, табиий офатлар ва гуманитар инқирозлар шароитида Қизил Ярим ой жамиятининг инсонпарварлик ёрдамини кўрсатишдаги аҳамияти ортиб бормоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистонда ҳам Қизил Ярим ой жамияти фаолияти билан боғлиқ ижтимоий муносабатларни алоҳида қонун даражасида тартибга солиш заруратини муҳокама қилиш мумкин.