Ортга қайтиш Чоп этиш

Мамлакат Президенти давлат бюджети бўйича “махсус қонун” лойиҳасини тақдим этмоқда

Мамлакат Бош вазири Мишель Барнье ва Ҳукумат тўлиқ таркибда истеъфога чиқарилиши сабабли мамлакатда 2025 йил учун давлат бюджети қабул қилинмаслиги хавфи мавжуд.

Шунга кўра, мамлакат Президенти Эммануил Макрон ўз ваколатларидан фойдаланган ҳолда давлат бюджети бўйича “махсус қонун” лойиҳасини эълон қилди.

Конституцияга кўра, ҳукумат ва парламент ўртасида зиддиятлар юзага келганида мамлакат раҳбари махсус қонунлар қабул қилинишини илгари суриши мумкин.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси мамлакатнинг 
2025 йил учун дастлабки бюджети вазифасини бажаради. Ундаги асосий қоида шундаки, 2025 йилда давлат органлари 2024 йилда ажратилган маблағлар миқдоридан ошмаган ҳолда сарф-харажатларни амалга оширишлари мумкин.

Лойиҳада таклиф этилаётган яна бир норма давлатга ва ижтимоий таъминот соҳасидаги давлат органларига махсус агентликлар орқали молиявий бозорларда қарз олиш ва шу орқали аҳолига пенсия ва бошқа нафақаларни ўз вақтида тўлаш имкониятини беради.

Айрим мухолифат партиялар Президент томонидан тақдим этилган қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлашларини маълум қилишди.

Амалдаги тартиб бўйича мазкур қонун лойиҳаси 
19 декабрь кунига қадар парламентга киритилиб, халқ вакиллари томонидан тезлаштирилган тартибда кўриб чиқилиши ва 2025 йил 1 январга қадар қабул қилиниши ҳамда оммага тақдим этилиши лозим.

Бироқ бундай ҳолат парламент аъзолари қонун лойиҳасини бир овоздан маъқуллашларини англатмайди. Сабаби айрим депутатлар ушбу қонун лойиҳасида инфляцияни ҳисобга олган ҳолда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини индексация қилишни таклиф этишмоқда. Муқаддам собиқ Бош вазир ўзининг чиқишида индексация амалга оширилмаса, 18 млн нафар фуқаролар асоссиз равишда кўпроқ солиқ тўлашларини маълум қилган.