Ортга қайтиш Чоп этиш

Парламент дипломатияси – Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларининг муҳим омили

 

2024 йил 28 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро қўмитаси томонидан “Парламент дипломатияси – Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларининг муҳим омили” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутатлари ва Сенатининг аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг хорижий мамлакатлар парламентлари билан ҳамкорлик бўйича гуруҳлари раислари, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси,  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти, Марказий Осиё халқаро институти ходимлари, Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг халқ дипломатияси маркази ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Тадбир иштирокчилари томонидан эътироф этилганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг минтақавий ва халқаро жараёнлардаги иштироки сезиларли даражада юксалди. Ўзбекистон олдинги даврларга нисбатан анча фаол ва прагматик ташқи сиёсат олиб бормоқда. Бу сиёсат ўзининг прогрессив характери ва тинчликпарварлиги билан халқаро ҳамжамият эътирофига сазовор бўлмоқда. Ўз навбатида, мамлакат олий вакиллик органи бўлмиш икки палатали парламентнинг ташқи сиёсатдаги ўрни ва роли ҳам ҳар қачонгидан кўра юксалди. 

Кейинги йилларда Олий Мажлис палаталарининг халқаро алоқалари жуғрофияси сезиларли даражада кенгайиб, хорижий давлатлар парламентлари ва халқаро парламентлараро уюшмалар билан ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилди.

Агар 2015-2019 йиллар давомида жами 28 давлатнинг парламентлари билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳлар фаолият олиб борган бўлса, 2020 йилда бу рақам 43 тани, 2023 йилга келиб эса жами 58 тани (57 та давлат ва 1 та Европа Иттифоқи парламенти) ташкил этганини кўриш мумкин.

Бундан ташқари, Олий Мажлиснинг халқаро парламент уюшмаларидаги иштироки анча фаоллашди. Бугунги кунда Олий Мажлис қатор парламентлараро уюшмалар ишида аъзо ёки кузатувчи мақомида Ўзбекистоннинг миллий манфаатларини ҳимоя қилишга ҳамда илгари суришга асосланган ташқи сиёсий фаолиятнинг фаол иштирокчисига айланди. 

Сўнгги 7 йил ичида Олий Мажлис Парламентлараро Иттифоқ (ПАИ), Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги Парламентлараро Ассамблеяси (МДҲ ПА), Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг Парламент Ассамблеяси (ЕХҲТ ПА) каби қатор нуфузли парламентлараро уюшмаларга аъзо бўлиб кирганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Ўзбекистон Республикаси парламент делегациялари, шунингдек, Туркий тилли давлатлар Парламентлараро Ассамблеяси, Осиё-Тинч океани парламентлараро форуми, Осиё парламент ассамблеяси, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти Парламент ассамблеяси каби парламентлараро уюшмалар доирасида ўтказилаётган турли тадбир ва анжуманлар ишида кузатувчи мақомида фаол иштирок этиб келмоқда.

Бир сўз билан айтганда, сўнгги йилларда миллий парламент мамлакатимиз ташқи сиёсатининг фаол иштирокчисига айланди. Парламент дипломатиясининг географияси кенгайиб, натижадорлиги ошмоқда. Ушбу ҳолат ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий соҳаларда узвий алоқаларни ўрнатиш имконини шакллантириб, ҳамкор давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга ҳар томонлама ёрдам бермоқда.

Давра суҳбатида парламент дипломатияси халқаро майдонда Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларини дадил илгари суриш имконини бераётганини эътироф этиш билан бирга бу борада ҳали қилиниши керак бўлган қатор вазифалар борлиги ҳам алоҳида таъкидланди. Айниқса, Олий Мажлиснинг хорижий мамлакатлар парламентлари билан ҳамкорлик бўйича гуруҳлари ва комиссияларининг фаоллигини ошириш, айниқса, Марказий Осиё давлатлари билан икки томонлама ва кўп томонлама парламент алоқаларини кучайтириш, унинг халқаро парламент уюшмаларидаги иштирокини фаоллаштириш; Барқарор ривожланиш мақсадларини бажаришда парламент, ҳукумат ва фуқаролик жамияти институтларининг амалий ҳамкорлигини кенг йўлга қўйиш бу борадаги муҳим вазифалар сирасига киради.

Қизғин муҳокамаларга бой ўтган давра суҳбатида унинг иштирокчилари томонидан билдирилган таклиф ва тавсиялар асосида Қўмита қарори қабул қилинди.