Ортга қайтиш Чоп этиш

Талабаларнинг қонун ижодкорлигига қизиқиши ортмоқда

Сўнгги йилларда қонун ижодкорлиги фаолиятига жамоатчиликни кенг жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, ёшларнинг ушбу жараёндаги иштирокини янада кенгайтириш муҳим масалалардан бирига айланиб улгурди.

Мамлакатимизнинг 55 фоиз аҳолисини ёшлар ташкил этишини ҳисобга олсак, уларнинг сиёсий, ҳуқуқий ва ижтимоий фаоллиги муҳим аҳамият касб этади. Бу борада Тошкент давлат юридик университети талабалари бошқа олийгоҳ талабаларига ўрнак бўлади, десак айни ҳақиқатдир.

Жорий йилнинг 25 апрель куни Парламент тадқиқотлари институти томонидан Тошкент давлат юридик университети талабалари билан учрашув ташкил этилди. Учрашувдан кўзланган мақсад университет талабаларининг “Ёш қонун ижодкорлари” лойиҳаси доирасида ишлаб чиқилган ташаббус ва таклифлари муҳокамасидан иборат бўлди.

Тадбир давомида 3-босқич талабалари томонидан тайёрланган ахборот-таҳлилий маълумотлар кўриб чиқилди. Қувонарлиси шундаки, таклифларда амалдаги қонунчилик нормалари таҳлили, соҳадаги мавжуд муаммолар, уларнинг ечими юзасидан хорижий тажриба, шунингдек соҳа ривожига оид таклифлар ва улардан кутилаётган натижалар ўз ифодасини топган. 

Хусусан, талаба С.Марданов томонидан тиббиёт тизимига рақамли технологияларни кенг татбиқ этиш, онлайн навбат олиш тизимини йўлга қўйиш тўғрисида, талаба В.Эргашева ва С.Мухтаровалар экология ва атроф-муҳитга зарар етказганлик учун жавобгарликни кучайтириш, “экоцид” тушунчасини жорий этиш ҳақида, талаба Б.Саъдуллаев эса, жиноят процессида адвокат иштироки ва ваколатини кенгайтиришга оид, талаба З.Хамзаева миллий парламент фаолиятини такомиллаштириш ҳақида таклифларни илгари сурди.

Ҳар бир мавзу тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Улар юзасидан қизғин муҳокамалар олиб борилди. Истиқболда ушбу таклифлардан қонун ижодкорлигида фойдаланиш мумкунлиги таъкидланди.

Учрашув сўнггида ўз таклифлари билан иштирок этган фаол талабаларга Парламент тадқиқотлари институтининг ташаккурномалари топширилди.