Ортга қайтиш Чоп этиш

Парламент қуйи палатаси қўмиталари фаолиятини такомиллаштиришга бағишланган амалий семинар бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 3 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламeнт тадқиқотлари институтида “Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмиталари томонидан қонун лойиҳаларини кўриб чиқишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш” мавзусида амалий семинар бўлиб ўтди.

Амалий семинарда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Қонунчилик палатаси девони ходимлари, Парламeнт тадқиқотлари институти ходимлари, Давлат бошқаруви академияси, Тошкент давлат юридик университети олимлари иштирок этдилар.

Бугун юртимизда янги таҳрирдаги Конституция асосида янги ижтимоий-сиёсий муҳит шаклланмоқда, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мутлақо ўзига хос механизмлари ҳаётга татбиқ қилинмоқда. Бу, ўз навбатида, Конституциядаги ҳар бир янги нормани амалдаги қонунчиликда акс эттиришни, жамиятимиз ва давлатимиз тараққиётининг яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган стратегик мақсадларни Бош қомусимиздан келиб чиқиб белгилашни ҳамда амалга оширишни тақозо этади.

Шундан келиб чиқиб, айни пайтда парламент қуйи палатаси қўмиталари томонидан  қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш фаолиятини таҳлил қилиш, унинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масаласи ҳам диққат марказда бўлиб турибди.

Семинарда қонун лойиҳаларини Қонунчилик палатасининг қўмиталари томонидан кўриб чиқишда таклиф этилаётган нормаларнинг илмий асослаганлигига, тегишли экспертизалардан, шу жумладан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилганлигига алоҳида эътибор қаратилди. 

Бу борада соҳадаги мавжуд амалиёт ҳамда халқаро тажрибани ўрганишнинг аҳамияти ва долзарблилигига тўхталиб ўтилди. 

Иштирокчилар томонидан “Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмиталарининг қонун лойиҳалари бўйича ваколатлари: назарий ва ҳуқуқий асослар”, “Қонун лойиҳаларининг илмий экспертизаси: миллий ва хорижий тажриба”, “Қонун лойиҳаларини кўриб чиқишда қонунчилик ташаббуси субъектлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари”, “Парламент қуйи палатаси қўмитасида қонун лойиҳаларини кўриб чиқишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масалалари” муҳокама қилинди.

Амалий семинар якунида депутатлар, экспертлар ва олимлар иштирокида туркум амалий семинарлар ўтказишга келишиб олинди.