Ортга қайтиш Чоп этиш

Халқаро нуфузли журналларга илмий мақола тайёрлаш бўйича давра суҳбати бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 21 сентябрь куни Парламент тадқиқотлари институтида халқаро нуфузли журналларга илмий мақола тайёрлаш бўйича давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда Венгриялик халқаро эксперт Жолт Сабо, Тошкент давлат юридик университети, Одил судлов академияси профессор-ўқитувчилари, Парламент тадқиқотлари институти илмий ходимлари ва докторантлар иштирок этди. 

Давра суҳбатининг асосий мақсади илмий тадқиқотчиларнинг халқаро нуфузли илмий журналларда, шу жумладан Scopus ва Web of Science халқаро илмий маълумотлар базаларига киритилган журналларда нашр этиш учун мақола ёзиш кўникмаларини шакллантиришга қаратилди.

Тадбирда Scopus базасига киритилган Венгриянинг “Халқаро парламент тадқиқотлари журнали” бош муҳаррири Жолт Сабо томонидан халқаро илмий журналлар учун тақдим этиладиган мақолаларга қўйилган асосий талаблар ҳақида батафсил маълумот бериб ўтилди. 

Маълумот учун: Жолт Сабо 2023 йилдан ҳозиргача Иштван Сечени университети Конституция ҳуқуқи ва сиёсатшунослик кафедрасида катта илмий ходим сифатида фаолият юритмоқда. Бир вақтда Кароли Гаспар университети Ҳуқуқшунослик факультети доценти сифатида ҳам фаолият юритмоқда.

Жумладан, илмий мақоланинг тузилиши, тадқиқот мавзусини танлаш ва асослаш, журнал танлаш мезонлари ҳамда мақолаларга тақриз олиш жараёнининг ўзига хос жиҳатлари ёритилди. Шунингдек, мақолаларнинг халқаро нуфузли илмий журналлар томонидан рад этилишининг кенг тарқалган сабаблари ва уларнинг олдини олиш бўйича амалий тавсиялар берилди.

         Муҳокамалар жараёнида давра суҳбати иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоблар олдилар ҳамда халқаро нашрлар билан ишлаш бўйича тажриба алмашдилар.