
Айни кунларда (17–20 сентябрь) Италиянинг Каденаббия шаҳрида Конрад Аденауэр жамғармаси томонидан «Глобал ўзгаришлар шароитида Марказий Осиё: миллий стратегиялар, минтақавий хавфсизлик ва янги ҳамкорликни шакллантириш» мавзусида халқаро конференция ўтказилмоқда.
Унда минтақада кечаётган замонавий сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий жараёнлар, ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, парламентлараро мулоқотни ривожлантириш, илмий соҳада тажриба алмашинувини кучайтириш каби масалалари муҳокама қилинмоқда.
Тадбирда Марказий Осиё давлатлари парламент аъзолари, илмий-тадқиқот муассасалари вакиллари, экспертлар ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этмоқда. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти директори, юридик фанлар доктори, профессор Акром Ташпулатов ҳам қатнашмоқда.
Конференцияда Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шу жумладан парламент дипломатияси имкониятларидан самарали фойдаланиш борасидаги ёндашувларига алоҳида эътибор қаратилди ва юқори баҳоланди.
Бундан ташқари, муҳокамаларда минтақавий парламентлараро мулоқот янги босқичга кўтарилаётгани, унинг институционал механизмлари кенгайиб бораётгани қайд этилди. Ушбу жараёнларни доимий илмий-таҳлилий асос билан таъминлаш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Конференция фикр ва тажриба алмашиш, шунингдек, парламентлар ва таҳлилий-тадқиқот тузилмалари ўртасидаги ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаш учун муҳим мулоқот майдони бўлиб хизмат қилмоқда.