
Жорий йилнинг 21 август куни Парламент тадқиқотлари институти томонидан Конрад Аденауэр номидаги жамғарма билан ҳамкорликда нашр этилган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг ташкилий-ҳуқуқий масалалари” номли янги қўлланманинг тақдимоти ўтказилди.
Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, етакчи илмий-тадқиқот ва олий таълим ташкилотлари вакиллари, ҳуқуқшунос олимлар, экспертлар, мутахассислар, Ёшлар парламенти ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Парламент тадқиқотлари институти директори Акром Тошпулатов ҳамда Конрад Аденауэр жамғармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий вакили Андре Алгермиссен сўзга чиқиб, ўзаро ҳамкорлик алоқалари изчил давом этаётганлиги ва унинг амалий самараси сифатида мазкур қўлланманинг чоп этилганлигини таъкидладилар.
Тақдимотда янги қўлланманинг мазмун-моҳияти, асосий йўналишлари ва амалий аҳамияти ҳақида маълумот берилди. У Қонунчилик палатасининг қонун ижодкорлиги, парламент назорати, депутатларнинг сайлов округларидаги фаолияти ҳақидаги қонунчилик ҳужжатлари ва амалиёт тажрибасини ягона манбага содда, тушунарли ва китобхонларни қизиқтирувчи замонавий ёндашув тарзида бирлаштиради. Қўлланма 1000 нусхада чоп этилди.
Тақдимотдан сўнг иштирокчилар қўлланманинг мазмуни юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдирдилар. Хусусан, қўлланма бугунги замон талаблари доирасида янгича ёндашув билан, анъанавий юридик адабиётлардан фарқли равишда жуда қизиқарди ёзилгани таъкидланди. Бундан ташқари, уни юридик кадрларни тайёрлашда асосий адабиётлар рўйхатига киритиш каби таклифлар билдирилди.
Қўлланма олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, илмий-тадқиқот марказлари ходимлари, экспертлар, шунингдек, парламентаризм ва қонун ижодкорлиги масалаларига қизиқувчи ёшлар, кенг жамоатчилик учун фойдали манба бўлиши қайд этилди.
Тадбир якунида Парламент тадқиқотлари институти ҳамда Конрад Аденауэр номидаги жамғарма ўртасидаги ҳамкорлик доирасида парламент фаолиятига оид илмий-услубий нашрларни тайёрлаш ишлари изчил давом эттирилиши таъкидланди.