Ортга қайтиш Чоп этиш

Парламент тадқиқотлари институтида Тошкент давлат юридик университетининг шўъбаси очилди

Жорий йилнинг 6 июль куни Парламент тадқиқотлари институтида Тошкент давлат юридик университети Конституциявий ҳуқуқ шўъбасининг очилиши маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Парламент тадқиқотлари институти, Тошкент давлат юридик университети раҳбарияти ва ходимлари, профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар иштирок этди.

Мазкур шўъбани ташкил этиш Давлат раҳбарининг 2025 йил 11 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва илм-фанни янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–232-сон Фармони ижросини таъминлаш доирасида амалга оширилди. 

Мазкур Фармон билан юридик таълим жараёнларининг амалиёт билан узвий боғлиқлигини таъминлаш, “таълим – тадқиқот – амалиёт”интеграциясини йўлга қўйиш асосий вазифалардан бири этиб белгиланган.

Таъкидланганидек, янги шўъба юридик таълимга амалиёт интеграциясини таъминлаш, парламент ҳуқуқи, қонун ижодкорлиги, парламент назорати каби йўналишларда илмий-амалий ёндашувни таъминлашга хизмат қилади.

Шунингдек, тадбир доирасида Парламент тадқиқотлари институти ва Тошкент давлат юридик университети ўртасида янгиланган ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Томонлар ўзаро ҳамкорлик бўйича ваколатлари доирасида асосий йўналишлар бўйича келишиб олдилар.

Меморандумга мувофиқ, томонлар қўшма илмий тадқиқотлар олиб бориш, таълим дастурларини қонун ижодкорлиги амалиёти билан боғлаш, тажриба ва ахборот алмашинувини йўлга қўйиш, шунингдек, ёш тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш борасида яқиндан ҳамкорлик қилади.

Тадбир якунида томонлар келгусида ўзаро қўшма тадқиқот лойиҳаларни амалга ошириш, дуал таълим тизими – “таълим – тадқиқот – амалиёт”интеграциясида ҳамкорлик қилиш, шунингдек, бугунги кундаги парламентаризмнинг долзарб масалаларини тадқиқ этиш мақсадида назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлашда давомий учрашувларни йўлга қўйишга келишиб олдилар.