Ортга қайтиш Чоп этиш

Парламент тадқиқотлари институти вакили МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси халқаро давра суҳбатида иштирок этди

2026 йил 26 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD) Дмитрий Рахманов XIV Санкт-Петербург халқаро юридик форуми доирасида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Парламентлараро Ассамблеяси томонидан ташкил этилган «Юридик фан – парламентлараро мулоқот архитектурасида: намунавий ҳужжатларни яратишнинг янги ёндашувлари» мавзусидаги халқаро давра суҳбатида онлайн форматда иштирок этди.

Тадбирда МДҲга аъзо давлатлар парламентлари, давлат органлари, илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари ҳамда экспертлар ҳамжамияти вакиллари қатнашди. Муҳокамалар давомида намунавий қонун ижодкорлигини илмий таъминлаш, қонун ижодкорлигини рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини норма ижодкорлигида қўллаш, қонун лойиҳаларини илмий верификациядан ўтказиш ҳамда парламентлараро илмий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Д. Рахманов «Намунавий қонунчиликни илмий-эксперт жиҳатдан таъминлаш: замонавий ёндашувлар ва парламентлараро ҳамкорлик истиқболлари» мавзусидаги маърузаси билан иштирок этди. Маърузада илмий-эксперт таъминотини фақат тайёр қонун лойиҳасини экспертизадан ўтказиш билан чеклаб бўлмаслиги, балки у ҳуқуқий муаммони аниқлаш, қиёсий-ҳуқуқий тадқиқотларни амалга ошириш, тартибга солиш концепциясини ишлаб чиқиш, модель ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш ва унинг амалий натижаларини мониторинг қилишни қамраб олувчи мустақил илмий институт экани асослаб берилди.

Шунингдек, парламент тадқиқот хизматлари фаолиятининг хорижий тажрибаси, қиёсий-ҳуқуқий тадқиқотларнинг намунавий қонун ижодкорлигидаги ўрни ҳамда МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси доирасида модель қонунчиликни илмий-эксперт жиҳатдан таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш истиқболлари юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.