
Парламент тадқиқотлари институти томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ёшлар парламенти аъзолари учун «Парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолияти» мавзусида икки кунлик ўқув-семинар ташкил этилди.
Тадбирни ташкил этишдан асосий мақсад мамлакатимизда амалга оширилаётган қонунчилик ислоҳотлари мазмун-моҳиятини ёшларга батафсил етказиш, уларнинг қонун ижодкорлиги жараёнларидаги иштироки учун зарур назарий билим ва амалий компетенцияларини ривожлантиришдан иборат бўлди.
Ўқув-семинарни Парламент тадқиқотлари институти директори Акром Тошпулатов ва Ёшлар парламенти раиси Отабекхўжа Собитов кириш сўзи билан очиб берди. Улар ўз чиқишларида қонун ижодкорлиги сифатини ошириш, парламент фаолиятининг самарадорлигини таъминлаш ҳамда ёшларни давлат бошқаруви жараёнларига кенг жалб этиш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидладилар.
Икки кунлик дастур давомида иштирокчилар учун қонун ижодкорлигининг барча асосий босқичларини қамраб олган интерфаол ўқув машғулотлари ташкил этилди. Қонун лойиҳаларини муҳокама қилишнинг ўзига хос жиҳатлари реал парламент амалиётига асосланган кейслар таҳлили ва амалий машғулотлар билан очиб берилди.
Институтнинг етакчи илмий ходимлари ва соҳа мутахассислари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи, қонун лойиҳаларини тайёрлаш ва экспертизадан ўтказиш талаблари, парламент муҳокамаларининг уч ўқишда кўриб чиқиш тизими ҳамда қонун ижодкорлиги фаолиятининг илмий-ҳуқуқий ахборот билан таъминланиши юзасидан атрофлича тушунтиришлар берилди.
Амалий машғулотлар доирасида иштирокчилар парламент фаолиятида учрайдиган ҳуқуқий вазиятлар асосида кейсларни таҳлил қилди, савол-жавоблар ва муҳокамаларда иштирок этди. Бу эса назарий билимларни амалий кўникмалар билан уйғунлаштириш, таҳлилий ва қонунчилик фикрлашини ривожлантиришга хизмат қилди.
Таъкидланганидек, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ортга қайтмас демократик ислоҳотлар шароитида қонун ижодкорлиги жараёнининг очиқлиги, илмий асосланганлиги ва самарадорлигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу борада Ёшлар парламенти аъзоларининг ҳуқуқий саводхонлигини юксалтириш, уларни замонавий парламент амалиёти билан таништириш ҳамда қонунчилик ташаббусларини ишлаб чиқиш кўникмаларини шакллантириш мазкур ўқув-семинарнинг устувор вазифаларидан бири бўлди.
Ўқув-семинар якунида иштирокчиларга сертификатлар топширилди. Шунингдек, тадбир иштирокчилари парламент қонун ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш ва ёшларнинг қонунчилик жараёнларидаги иштирокини янада кенгайтиришга қаратилган қатор таклиф ва тавсияларни билдирдилар.