Ортга қайтиш Чоп этиш

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 35 йил бўлди

   Жорий йилнинг 21 октябрь куни Парламент тадқиқотлари институтида “Давлат тили ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлигининг 35 йиллиги муносабати билан давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда турли соҳаларда илм-фан ва ҳуқуқшунос олимлар, тадқиқотчилар ҳамда институт ходимлари иштирок этди.

Тадбирда таъкидланганидек, тил – нафақат ахборот узатиш ва мулоқот воситаси, балки давлат суверенитети ва халқ бирлигини таъминловчи муҳим омил ҳисобланади. 

“Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилиниши ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақомини мустаҳкамлади, унинг ижтимоий ҳаётдаги аҳамиятини конституциявий даражада тасдиқлади. 

Тадбир давомида олимлар ва мутахассислар томонидан тил миллатнинг маънавий қадриятларини сақлаб қолиш ва ривожлантиришда асосий восита бўлиб, давлатчиликнинг ажралмас қисми эканлиги алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбек тилининг ривожланиши ва унинг ижтимоий ҳаётдаги ўрнини янада кучайтириш борасида муҳим масалалар муҳокама қилинди, таклифлар билдирилди. Хусусан, ўзбек тилининг халқаро майдондаги нуфузини ошириш борасида тадқиқотларни изчил давом эттириш лозимлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, ташқи реклама ҳамда бошқа ёзувларни, мобил операторлар хабарларини давлат тилида ва ёзувида бўлишини таъминлаш, қонунчиликни бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш каби таклифлар илгари сурилди. 

Шунингдек, бугунги ахборот асрида ўзбек тилида адабиётлар, илмий ва бадиий асарлар яратиш, интернет ва ахборот технологиялари орқали унинг оммабоплигини таъминлаш хар қачонгидан муҳим экани қайд этилди.