Ортга қайтиш Чоп этиш

Бинар опционларни ташкил этиш ва ўтказиш тақиқланади

 

Жорий йилнинг 7 октябрь куни Жогорку Кенеш “Қимор ва лотерея фаолияти соҳасидаги Қирғиз Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди.

Қонун лойиҳаси билан Қирғиз Республикаси ҳудудида қуйидагиларни тақиқлаш назарда тутилмоқда:

бинар опционлар шаклидаги қимор ўйинларини ташкил этиш ва ўтказиш;

бинар опционларни реклама қилиш, тарқатиш ва илгари суриш;

бинар опционларда иштирок этиш учун Қирғиз Республикаси фуқаролари ва резидентларидан пул маблағлари ва виртуал активларни қабул қилиш;

фуқароларни бинар опционларда иштирок этишга жалб этишга қаратилган воситачилик фаолиятини амалга ошириш.

Лойиҳада бинар опционларга қуйидагича таъриф берилмоқда: бинар опционлар – қимор ўйинларининг бир шакли бўлиб, унда иштирокчилар пул маблағлари ва виртуал активларни ютиш ёки ютқазиш имконияти билан, шу жумладан, Интернет тармоғи орқали, воқеа натижасига ёки молия бозори кўрсаткичлари қийматларининг ўзгаришига пул тикадилар. Бинар опционлар фаолияти қимор ўйини ҳисобланади ва молия бозоридаги инвестиция ёки бошқа фаолият турига кирмайди.

Шунингдек, лотерея фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан лотерея фаолиятини ташкил этганлик ва (ёки) амалга оширганлик учун жиноий жавобгарлик жорий этилмоқда. Хусусан, агар бу қилмиш фуқароларга, ташкилотларга ёки давлатга анча миқдорда зарар етказса ёхуд анча миқдорда даромад олиш билан боғлиқ бўлса, 1 000 дан 2 000 ҳисоб-китоб кўрсаткичигача миқдорда жарима ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Қонун лойиҳаси муаллифларининг таъкидлашича, лойиҳа фирибгарлик хавфини камайтириш, фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш мақсадида ушбу механизмлардан фойдаланишнинг олдини олишга қаратилган.

Ушбу қонун лойиҳаси парламент томонидан иккинчи ўқишда кўриб чиқилиши режалаштирилган.

 

Ўзбекистон учун долзарблиги



Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил
19 апрелдаги ПФ–68-сон Фармонига асосан 2025 йил
1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикасида Интернет жаҳон ахборот тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ва букмекерлик фаолиятини амалга оширишга рухсат берилган.

Мазкур Фармон ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 6 декабрдаги 814-сон қарори қабул қилинган. Қарорга кўра, Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида ва Ўзбекистон Республикаси фуқаролари иштирокидаги ҳодисаларга (спорт ўйинлари ва мусобақалари, сиёсий жараёнлар, танловлар ва бошқалар) букмекерлик гаровларини ташкил этиш ва ўтказиш тақиқланади, бундан халқаро федерациялар қоидалар асосида тегишли даражада тайёргарлик, назорат ва ҳакамлик таъминланган ҳолда, томошабинлар иштирокида ўтказиладиган спорт ўйинлари ва халқаро даражадаги ҳодисалар мустасно.

Бироқ, бинар опционларга оид масалалар қонунчиликда акс эттирилмаган. Ушбу турдаги опционлар юқори даражадаги пул йўқотиш хавфи билан боғлиқ эканлигини инобатга олган ҳолда, иштирокчиларни ҳимоя қилиш ва молиявий йўқотишларнинг олдини олиш мақсадида ушбу фаолиятни ҳуқуқий тартибга солиш масаласини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ.