Ортга қайтиш Чоп этиш

ФРАНЦИЯ ПАРЛАМЕНТИ

 

Жинсий ва гендер асосидаги зўравонликка қарши курашишга доир яхлит қонун лойиҳаси муҳокамада


Жорий йилнинг 23 сентябрь куни Франция Республикаси Миллий Ассамблеясининг махсус комиссиясида “Хотин-қизлар ва болаларга нисбатан жинсий ҳамда гендер асосидаги зўравонликнинг олдини олиш тўғрисида”ги яхлит қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳаси тўққизта бўлим ва 69 та моддадан иборат бўлиб, у қонунчиликдаги мавжуд бўшлиқларни бартараф этиш, жабрланувчиларни ҳимоя қилиш ва жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлашга қаратилган.

Францияда 2017–2023 йилларда қайд этилган жинсий зўравонлик ҳолатлари 282 фоизга ошган; 2021 йилда гендер ва жинсий зўравонлик бўйича шикоятларнинг 73 фоизи, зўрлаш бўйича шикоятларнинг эса 94 фоизи ҳаракатсиз қолдирилган; мамлакатда 160 минг бола жинсий зўравонликдан жабр кўрган, инцест ҳолатларининг (болаларга нисбатан оила ичида содир этиладиган жинсий зўравонликнинг) атиги 1 фоизи айблов ҳукми билан якунланган.

Қонун лойиҳасига мувофиқ, Жиноят кодексига зўравонликнинг барча шаклларини аниқлаш имконини берувчи ягона таъриф ва таснифлаш тизими киритилади. Шунингдек, кўрилаётган чораларнинг самарадорлигини баҳолаб борувчи мустақил орган ташкил этилиб, у ҳар йили ишларни кўриб чиқиш муддатлари, айблов ҳукмлари улуши ва сафарбар этилган ресурслар тўғрисида ҳисобот эълон қилади.

Шунингдек, тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда ва жиноят судларида ихтисослашган бўлинмалар, шунингдек, жинсий ва оилавий зўравонлик бўйича ихтисослашган судья ҳамда прокурор лавозимлари таъсис этилади. Суд-ҳуқуқ соҳаси ходимлари ва экспертларининг хотин-қизлар ва болаларга нисбатан жинсий ҳамда гендер асосидаги зўравонликнинг олдини олиш бўйича билим ва малакасини ошириш учун мажбурий ўқитиш жорий этилади.

Тергов ва суриштирув жараёнининг барча босқичларида жабрланувчининг ишга алоқадор бўлмаган ҳар қандай жинсий ҳаётига оид маълумотлардан фойдаланишга ва уларнинг ишончлилигини текширишга йўл қўйилмайди. Вояга етмаган жабрланувчини гумон қилинувчи билан юзлаштириш фақат унинг розилиги билан ва махсус кафолатлар асосида ўтказилиши мумкин. Жинсий, гендер асосидаги ёки оиладаги зўравонликдан жабрланган болаларга юридик ёрдам кўрсатиш орқали ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш принципи мазкур қонун ҳужжатида аниқ белгиланмоқда.

Бундан ташқари, жинсий ҳамда гендер асосидаги зўравонликнинг оғирлаштирувчи ҳолатлари кенгайтирилади ҳамда инцест ҳолатлари (болаларга нисбатан оила ичида содир этиладиган жинсий зўравонлик) алоҳида жиноят таркиби сифатида белгиланади.

Қонун лойиҳасида сунъий интеллект ёрдамида яратилган жинсий мазмундаги сохта контент (дипфейк)ни тайёрлаш ва тарқатиш, розиликсиз интим тасвирлар юбориш, рақамли воситалар орқали яширин кузатув учун жавобгарлик кучайтирилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, мактабгача таълимнинг биринчи йилидан бошлаб боланинг фаровонлигини баҳолаш, зўравонликнинг ҳар қандай шаклининг олдини олиш ва уни аниқлаш мақсадида ҳар бир бола билан йилига бир марта якка тартибда суҳбат ўтказиш жорий этилади. Жинсий зўравонлик содир этганлик учун судланган шахсларнинг вояга етмаганлар билан алоқада бўлишига олиб келиши мумкин бўлган ҳақ тўланадиган ёки ихтиёрий ҳар қандай касбий фаолият билан шуғулланиши тақиқланмоқда ва бу ҳолат ходимни ишга қабул қилишда текширилиши шартлиги белгиланмоқда.

Қонун лойиҳасида Халқаро меҳнат ташкилотининг 190-сонли конвенцияси талабларидан келиб чиқиб, жамоа шартномаларида иш жойида жинсий ва гендер асосидаги зўравонликнинг олдини олиш чоралари ва тегишли мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби назарда тутилиши таклиф этилмоқда. Шунингдек, иш жойида жинсий тажовуз, жинсий шилқимлик ва жинсга асосланган хулқ-атворнинг олдини олиш ҳамда уларга қарши курашиш учун масъул шахснинг ваколатлари кенгайтирилмоқда. 50 нафардан ортиқ ходими бўлган ташкилотларда бундай масъул шахсни тайинлаш мажбурий этиб белгиланмоқда. Ушбу талаб давлат муассасалари ва ташкилотларига ҳам татбиқ этилиши белгиланмоқда.

Мазкур қонун лойиҳаси Франция Республикаси Миллий Ассамблеясининг навбатдаги ялпи мажлисида кўриб чиқилиши режалаштирилган.

 

Ўзбекистон учун долзарблиги



Ўзбекистонда аёллар ва болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизимининг ҳуқуқий асослари сўнгги йилларда изчил шакллантирилди. “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун билан ҳимоя ордери институти жорий этилган бўлса, 2023 йил 11 апрелдаги ЎРҚ–829-сон Қонун билан Жиноят кодексига оилавий (маиший) зўравонлик учун жавобгарлик белгиловчи 126¹-модда киритилди ҳамда ҳимоя ордерининг амал қилиш муддатини суд томонидан бир йилгача узайтириш имконияти назарда тутилди. “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиб, буллингни зўравонлик шакли сифатида белгилади.

Шундан келиб чиқиб, Франция лойиҳасида назарда тутилган ёндашувни алоҳида комплекс қонун сифатида кўчириш зарурати мавжуд эмас, зеро унинг асосий элементлари миллий қонунчиликда ўз аксини топган. Шу билан бирга, лойиҳанинг айрим муҳим жиҳатларини ўрганиш асосида қуйидагиларни кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ:

зўравонлик тоифасидаги ишларни юритувчи терговчи, прокурор ва судьяларнинг мазкур йўналишдаги махсус тайёргарлигини кучайтириш;

жабрланувчининг такрор сўроқ қилинишини камайтириш ва унинг шахсий ҳаётига оид маълумотлардан фойдаланишни чеклаш борасидаги процессуал кафолатларни таҳлил қилиш;

мавжуд ягона электрон платформа доирасида кўрилаётган чораларнинг самарадорлигини баҳолаб борувчи мониторинг ва ягона статистика тизимини мустаҳкамлаш;

меҳнат муносабатларида зўравонлик ва тазйиқнинг олдини олиш масаласини ижтимоий шериклик ва жамоа шартномалари доирасида кўриб чиқиш.


https://www.assemblee-nationale.fr/dyn/actualites-accueil-hub/loi-integrale-contre-les-violences-sexuelles-et-sexistes-examen-puis-adoption-des-propositions-de-loi-par-la-commission-speciale